Bosh sahifa Mualliflardan 1-СИНФ ЎҚУВЧИСИ ЖАБРЛАНДИ

1-СИНФ ЎҚУВЧИСИ ЖАБРЛАНДИ

0

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик, тезликни меъёридан ошириш, транспорт воситасини назорат қила олмаслик, вояга етмаганларни қаровсиз қолдириш охир оқибатда кўнгилсиз ҳодисалар билан тугаши аниқ. Буни кўпчилик билсада, лоқайдлик сабабли йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ хабарларни эшитаверамиз. Бироқ бунинг жабрини ким тортади?! Жавобгарлик ва виждон азобининг оғир юки кимнинг зиммасига тушади. Кўпчилик одатда «Йўл-транспорт ҳодисаси мен билан содир бўлмайди», қабилида иш кўради.  Натижада эса…
2020 йил 25 январь куни Зарафшон шаҳар «Юлдуз» кўчаси Гули савдо дўкони қаршисида «Муҳаммад али транс» МЧЖ ҳайдовчиси Ш.М. «Матиз» русумли автомашинасини бошқараётиб йўл-транспорт ҳодисасини содир этди. Йўлнинг пиёдалар учун белгиланмаган жойидан тўсаддан югуриб ўтаётган пиёда, Зарафшон шаҳридаги 3-сонли мактабнинг 1-синф ўқувчиси 2012 йилда туғилган Д.С.ни уриб юборди. Натижада ўқувчи «ўнг болдир суягининг ёпиқ синиши» ташҳиси билан жароҳат олди. Мазкур ҳолат юзасидан Зарафшон шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Энди норасиданинг тўлиқ тузалиб кетиши ва дарсларини пухта ўзлаштириши учун анча вақт зарур бўлади. Ҳайдовчининг тақдири ҳам ҳавас қилгулик даражада эмас.
Афсуски, фуқароларимиз ЙПХ инспектори ва яқин атрофда радар йўқмикан-деган мазмунда теварак-атрофга аланглайди. Бироқ, масаланинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаган, мана шундай фикрлайдиган кишиларнинг хонадони эшигини совуқ хабарлар очаверади. Огоҳлик эса ҳамиша ва ҳар ерда зарур.
Фарруҳ ЯКУБОВ,
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори капитан.