Bosh sahifa E'tirof 100 бош бройлер жўжадан йирик паррандачилик корхонасигача: карманалик тадбиркор аёл фаолиятига бир...

100 бош бройлер жўжадан йирик паррандачилик корхонасигача: карманалик тадбиркор аёл фаолиятига бир назар

0

Юртимиз аёллари бир қўлида бешик, бир қўлида дунёни тебратади. Тадбиркор хотин-қизлар ҳақида гап кетганда бу ҳақиқатни янада теран англаш мумкин. Ҳам оиласига ҳам ўзгаларга наф келтираётган бундай опа-сингилларимизнинг мамлакатимиз жадал ижтимоий-иқтисодий юксалиш жараёнидаги роли тобора ошиб бораётгани, албатта таҳсинга лойиқ.

Асли пахтачилик Салима опа Бобожонова Кармана туманига келин бўлиб тушгач оилада бекор ўтиришни ўзига эп кўрмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғуллана бошлади. Аввалига ветеренирия дорихонаси фаолиятини йўлга қўйди. Дўконнинг асосий мижозлар паррандачилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар бўлгани учун ҳам С.Бобожонова ҳам мазкур соҳага қизиқиб қолди. Хонадонида 50, 100-150 бошгача бройлер жўжа парваришлаб кўрди. Парранда гўштига талаб анча юқори эди – даромад ҳам шунга яраша бўлди. Шу тариқа 2011 йилдан мазкур соҳага қаттиқ киришган оилавий тадбиркор бугунги кунда йилига 120 тоннагача товуқ гўшти маҳсулотини бозорга чиқариш баробарида, ойига Тошкентдан 100-150 минг бошгача жўжа келтириб аҳолига тарқатмоқда.

– “Шердор Зарафшон” хусусий корхонасини 2017 йилда ташкил этганмиз, – дейди С.Бобожонова. – “Сардоба” маҳалласида жойлашган корхонамизнинг жўжа парваришлашга мослаштирилган илгариги бинолари эскирган ва талабга жавоб бермас эди. Товуқхоналарда қишда совуқ ёзда эса иссиқнинг юқори бўлиши боис жўжаларни бир меъёрда парваришлашда қийинчиликларга дуч келардик. Ўтган йили қарийб 700 миллион сўм маблағ эвазига замонавий типдаги товуқхона барпо этдик. 10 сотих майдонни эгаллаган бинода 16 минг АҚШ доллари қийматидаги Туркия технологияси ўрнатилган. Мазкур ускуналар хона ҳароратини назорат қилиш билан бирга жўжаларни автоматик тарзда озиқлантириш имкони беради. Жорий йилдан бошлаб ишга туширилган биномизда бугунги кунда 15 минг бош парранда парваришланмоқда.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда корхона томонидан иккинчи замонавий бино қуриш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Тадбиркорнинг айтишича келгусида яна 2-3 та худди шундай объектлар қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун майдон етарли. Натижада қўшимча иш ўрни яратиш ва бозорни арзон парранда гўшти билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди.

Юрт корига яраш, тараққиёт чархпалагининг бир палласида туриш – инсондан кучли билим, ирода ва фидойилик талаб этади.  Туманимизда ана шундай инсонларнинг кўплиги, улар орасида эса хотин-қизларимиз ҳам салмоқлди ўрин эгаллаши ҳудуд ривожида муҳим омил бўлаётир. Ишбилармон аҳолининг бир мақсад – эл фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлари эса  албатта, ўз самарасини бермоқда.