Bosh sahifa Jamiyat 115 ёшли қизилтепалик момо хотиралари: ўзингнинг донинг — беминнат ...

115 ёшли қизилтепалик момо хотиралари: ўзингнинг донинг — беминнат нонинг

0

Нон ҳақида қанча ёзмайлик, ранг-баранг тасвирламайлик – унинг таъмини ифодалашимиз мушкул. Бироқ нон билан боғлиқ хотиралар бир умр эсдан чиқмайди. Ишонмасангиз, ўтган асрни қаритган қизилтепалик Нусрат момо Адизованинг хотираларига эътибор қаратинг!

Момо бу йил 115 буғдой пишиғи билан юзлашди. Илк тишлам нонидан тортиб, қурғоқчилик, қаҳатчилик, қимматчилик ва очарчилик, қўйингчи бари-бариси  худди кечагидек эсида. Бугун эса чеваралари фермер, улар етиштирган трамойи буғдой нонини кўксига босганча олис йилларни хотирлайди.

— Тўрт дона машоққа қамаб юборган, “бесилка” (висилка демоқчи-таҳририят)  қилган замонларни, нон топмай кунжара еган кунларни кўрдик, болам. Худога шукур мана нон танлаб ейдиган давронларгаям етказди. -дейди Нусрат  момо Адизова.

Ўзингнинг донинг, беминнат нонингга не етсин. Энди  момонинг ҳамюртлари — мамлакатимиз ғаллакорлари ҳар йили юрт эҳтиёжидан бир неча ҳисса кўп дон етиштиришиб, шартнома асосида давлатга сотмоқдалар. Шартнома лафз, орият устун – деҳқоннинг эса эл олдида юзи ёруғ. Бугун Навоий вилоятининг Қизилтепа, Кармана ва Конимех туманлари деҳқонлари  ғалла етиштиришда шартномавий режаларини шараф билан уддаладилар. Дон қабул қилиш масканлари улардан 38792 тоннадан ортиқ буғдойни қабул қилиб олди. Ҳосилдорлик ўртача гектар бошига 65-70 центнерни ташкил этмоқда. Ушбу туманларда 40 фоизга яқин майдонларда  ўрим-янчиш ишлари давом этаётганини инобатга олсак, ҳосилдорлик янада салмоқли рақамларни ифода этиши турган гап.  Бир сўз билан айтсак,  бултур куздан буён ўзаро суҳбатларда берилаётган “ ғалла қандай” деган саволлар ўрнини бугунги давраларда самимий шукроналик ва мамнуният эгалламоқда. Зеро, ғалла ҳам сувталаб зироат бўлиб, бу борада жорий йил қандай синовларни тақдим этганини  деҳқонларимиз яхши билишади. Асрий тажриба, соҳада яратилган самарадор тизим муваффақиятларнинг бош омили бўлмоқда. Уруғдан тортиб, ўғит, ЁММ, маблағ ва техниканинг деҳқон даласига тўғридан-тўғри етказиб берилганлиги, айниқса кенг жамоатчилик кўмаги  бунда алоҳида эътирофга молик. Шунингдек, ғалла ўрими мавсумида отряд тизими ҳамда комбайнчи механизаторларга яратилган шарт-шароитлар ва ишларнинг он-лайн тарзда доимий назоратга олинганлиги мавсумни юракни безиллатадиган ташвиш билан эмас,  меҳнатдан ҳаловат топиб ўтказилишини таъминламоқда.

Зафар остонасида турган Хатирчи ва Навбаҳор туманларида эса мавсум уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Дон ризқи-рўзимиз, дастурхонимиз кўрки шунингдек мустақиллигимизнинг  мустаҳкам таянчи ҳамдир. Бугун хирмонларимизга сиғмаётган донларимиз эрта-индин  шаҳару қўрғонлар, олису яқин қишлоқларимизда таълим масканлари, шифо муассасаларию, спорт мажмуалари бўлиб қад ростлайди. Кўчаларимиз кўркига кўрк, ҳаётимиз мазмунига мазмун қўшади. Энг муҳими эртанги кунимизга ишончни мустаҳкамламоқда.

   Темур ЭШБОЕВ, журналист.