Bosh sahifa Jamiyat 150 нафар вилоятдошимиз Ҳаж зиёратини адо этиб қайтди

150 нафар вилоятдошимиз Ҳаж зиёратини адо этиб қайтди

0

Кармана туман маданият ва аҳоли дам олиш марказида яқиндагина  Ҳаж зиёратидан қайтган юртдошларимиз билан учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Маҳаллалар кенгаши вакиллари иштирок этган йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Ғ. Мусурмонов сўзга чиқиб, юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ўзгаришлар тўғрисида гапирди. Хусусан, ватандошларимизнинг мусулмончиликнинг асосий арконларидан бири – Ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этишларига муносиб шарт-шароитлар яратиб берилаётгани таъкидланди.

Жорий йилда республикамиздан 7000 дан зиёд, вилоятимиздан эса 150 нафар зиёратчи муқаддас динимизнинг бешинчи рукнини бажариб келди.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда зиёратчилар учун ҳар қачонгидан кўра қулай ва кенг имкониятлар муҳайё этилди, – дейди Кармана туманидаги Қосим Шайх жоме масжиди имом ноиби И. Ҳамроев. – Саудия Арабистонидаги энг муҳташам ва замонавий меҳмонхоналар ўзбекистонликлар хизматида бўлди. Энди ҳожи она ва ҳожи оталар мана шундай улуғ мақомга эга эканликлари шукронасига ўз қишлоқ ва маҳаллаларидаги ҳаётга фаол аралашиб, ҳар жабҳада ёшларга ўрнак кўрсатишлари лозим.

– Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз керак, – дея таассуротлари билан ўртоқлашди хатирчилик ҳожи она Б. Қудратова. – Сафаримиз давомида бизга ҳавас қилса арзигулик шароитлар яратиб берганликлари учун барча раҳбарларимизга ташаккур айтамиз. Мазкур йиғилишда айтилганидек, эътиқод йўлида адашганларни тўғри йўлга солиш, маҳаллалардаги ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш, тўй-маъракаларни ихчамлаштириш, оилавий ажримларнинг олдини олишда ҳожиларнинг намуна кўрсатиб, фидойилик билан ишлашлари талаб этилади.

Эндиликда ҳар бир ҳожи ўз қишлоғи ва маҳалласидаги савоб ишларга бош-қош бўлиб, жамиятдаги муҳитни яхшилаш, аҳолининг дунёқарашини ўзгартиришда фаол иштирок этибгина қолмай, билиб-билмай ёт оқимларга аралашиб қолган камида икки нафар шахс билан мунтазам учрашиб, суҳбат олиб бориши ҳақида якдил фикрга келинди.

Нафақат ҳожилар, балки жойлардаги имом-хатиблар, отинойилар, маҳалла оқсоқоллари ва диний соҳага мансуб барча даражадаги раҳбарларнинг вазифалари белгилаб берилди.

Айниқса, диний-экстремистик оқимларга кириб, айни пайтда жазони ижро этиш муассасаларида тегишли муддатини ўтаётган шахслар билан суҳбат ўтказиш, уларнинг оиласи, фарзандлари ҳолидан хабар олиш, жамиятдан четда юрмасликлари учун турли маънавий-маърифий тадбирларга таклиф этишга алоҳида аҳамият қаратилади. Чунки, бу инсонлар ҳам бизнинг ватандошларимиз. Эътиқод борасида адашганларга тўғри йўлни кўрсатишга барчамиз масъулмиз. Зеро, улар ҳам жамиятда ўз ўринларини топиб, покиза иймон билан ҳаёт кечиришга ҳақлидирлар.

Жамолиддин АҲТАМОВ, журналист