Bosh sahifa Jamiyat 2018 йилда Навоий вилоят прокуратура органларига 15 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб...

2018 йилда Навоий вилоят прокуратура органларига 15 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди

0
foto: www.kun.uz

Бугунги кунда юртимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими алоҳида соҳага айланиб, сайёр қабуллар орқали масъул раҳбарларнинг мунтазам равишда халқ билан юзма-юз мулоқотлари  ўтказилаётгани мамлакатимизда инсон омилига қаратилган эътибор тобора кучаяётганидан дарак беради.

Хусусан, прокуратура органлари ҳам мазкур йўналишда жадал ишлар олиб бориляпти. Жумладан, вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтган йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 15 мингдан ортиқ мурожаатлар юзасидан тегишли ишлар олиб борилди. Асосли деб топлиган 70 фоиз аризалар қаноатлантирилиб, 1300 нафардан ортиқ инсонларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Мисол учун, 92 нафар тадбиркорга 37 миллиард сўмдан ортиқ банк кредитлари ажратилишига эришилган бўлса, 38 нафар тадбиркорга 738,3 гектар ер майдони ва 19 нафар тадбиркорга махсус лицензия ва рухсатномалар олиб берилиши, шунингдек 79 та корхона фаолияти қайта тикланиши таъминланди.

Мурожаатлар мазмуни шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишида учраётган тўсиқлар аниқланиб, улар бартараф этилаётгани билан бирга, аксарият ҳолларда иш берувчилар томонидан асоссиз равишда ходимни ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини тўламаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ўтган йили қарийб 100 нафар кишининг бу борадаги муаммоларига ижобий ечим топилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2018 йилда вилоят прокуратурасига аҳолидан келиб тушган мурожаатлар аввалги йилларга қараганда сезиларли даражада камайгани кузатилди. Бу жойларда масъул идора ва ташкилотларнинг халқ ичидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўраётганидан дарак беради.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, халқнинг дарду ташвиши билан яшаш нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки ҳар бир давлат хизматчисининг фаолият мезонига айлангани аҳоли фаровонлигини таъминлашда жадалликни оширмоқда.

Дилшод ФАЙЗИЕВ, вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.