Bosh sahifa Mualliflardan 2018 йилда солиқ қонунчилигига қандай ўзгартиришлар киритилди?

2018 йилда солиқ қонунчилигига қандай ўзгартиришлар киритилди?

0

Президентимиз томонидан белгиланган солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш борасидаги талаблар 2018 йилнинг солиқ-бюджет сиёсатида ҳам ўз ифодасини топган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-3454-сонли қарор ва “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 454-сонли Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун билан 3 та қонунларга, жумладан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

2018 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиб, солиқ ставкаси 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди. (Ўтган йили фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8,0 фоиз, жами 15,5 фоизни ташкил қилган.)

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар, ягона тўлов турига – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштирилди ва умумий солиқ ставкаси 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача пасайтирилди.

Ягона солиқ тўлови бўйича 2017 йилдаги солиқ ставкалари сақланиб қолинди ҳамда тайёрлов ташкилотлари фаолияти улгуржи савдога тенглаштирилди ва солиқ ставкаси товар айланмасидан 4 фоиз миқдорида (2017 йилда ялпи даромаддан 33 фоиз бўлган) белгиланди.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга пасайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилиб, солиқнинг асосий ставкаси 1,7 фоиздан 0,2 фоиз пасайтирилди ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 млн.сўмдан кам бўлмаслиги белгиланди.

Мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқ шартли қийматда Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 210,0 млн.сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90,0 млн.сўм миқдорида ҳисобланиши ўрнатилди.

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ва тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5116-сонли Фармони билан белгиланган меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги 455-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу қонун билан Солиқ кодексининг 16 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 7 та янги модда киритилди.

Хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Солиқ кодекси ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ солишга доир жорий масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак бериш орқали улар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутадиган солиқ мониторинги жорий этилишини белгилаб берувчи янги Солиқ мониторинги боби билан тўлдирилди.

Бу ўз навбатида, солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларини бажаришда йўл қўйилиши мумкин бўлган хато ва камчиликларнинг олдини олиш, солиқ маъмуриятчилиги билан боғлиқ мунозарали масалаларни тезда ҳал қилиш, пеня ва жарималар ёзилиши туфайли молиявий аҳволнинг ёмонлашувига олиб келадиган вазиятларни бартараф этиш имкониятини беради.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартиришлар киритилди.

Бундай солиқ тўловчилар охирги икки йил ичида солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариб айни вақтда вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келган солиқ тўловчилар ҳисобланиб, солиқ таътиллари тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартириш кўринишида тақдим этилади.

Якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган фуқароларга – жисмоний шахсларга банкротлик қўлланилиши белгиланиб, бу борада Фуқаролик кодексининг 26-моддасига, Солиқ кодексининг 62-моддасига ҳамда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 Нурбек САФАРОВ,  Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи.