Bosh sahifa Jamiyat “Китоб билан тонгим отди” (таниқли шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ билан суҳбат)

“Китоб билан тонгим отди” (таниқли шоир ва таржимон Вафо Файзуллоҳ билан суҳбат)

0

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ 1963 йил 27 июлда Жалойир қишлоқлар тўпидаги Тоғгузар қишлоғида таваллуд топган. Тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактабини битирган. 1981-1986 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган.

Дастлабки меҳнат фаолиятини Навоий вилоят “Дўстлик байроғи” газетасида бошлаган. “Тонг юлдузи” газетаси, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Ҳидоят” журналларида, Ўзбекистон радиосида (1989-2009 йиллар) хизмат қилган. 2009-2011 йиллар Москва шаҳрида А.М.Горький номидаги Адабиёт институти Олий Адабиёт босқичида таҳсил олиб қайтган. Ҳозирда “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятида муҳаррир бўлиб фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

“Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000), “Жон йўли” (2008) номли шеърий ҳамда “Чақмоқ ёруғи” (2012) насрий китоблари нашр этилган. Вафо Файзуллоҳ француз шоирлари Ш. Бодлер, П. Верлен, А. Рембо, рус шоирлари М. Цветаева, И. Бродский шеърий туркумларини, Франц Кафканинг “Жараён” романи ва “Отамга хат” эссесини, М. Метерлинкнинг “Сўқирлар” драмасини, Х. Борхес, К. Ҳамсун ҳикояларини таржима қилган.

 

Одил ҲОТАМ:

— Эҳтимол, Сизга бу савол жуда эриш туюлар, айтинг-чи, бадиий ижод Сиз учун нима?

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ:

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм! Аввало, ижод сўзи, ижодкорлик си­фати мени чини билан ҳайратга со­ла­ди. Уни бандага, банданинг амалига нисбат бериш сочимни тикка қилиб юборади. Вужудимни титратади. Зеро, чинакам ижод, яратиш сифати фа­қат­гина Холиқ ул Халлоқ бўлган Зот Ал­лоҳгагина хосдир. У ижодкорликда шун­чалик чевар, моҳир, қобилиятли, топ­қир Зотки, яратиқлари нақадар гўзал,  нақадар ақл бовар қилмас, ҳайрат­ла­нарли; ҳар бирида  туганмас ҳикмат, азалий ва абадий қонуният, биз бил­мас даражада мувозанат ва мўъжиза мужассам. Аллоҳнинг ижодкорлигини тафаккур қилганимиз, мукаммал каш­фига дуч келганимиз сари, бу комил­лик, алимлик, басирлик, қисқаси, халқ этиш иқтидори; шуни бир чимдим анг­лаган ва шундан таъсирланган, завқ­ланган, илҳомланган инсонга,  ақл ва шуур, фикр ва ҳисни ўзига инъом этган Яратувчисига шукрона ўлароқ ожизона тақлид қилишга, улгу олишга, юрагини ишга солишга; Қиёмат қадар давом этадиган ўз қавми ҳаётини,Унинг ўзи учун чегарасиз ва чегарали, чексиз ва ўлчамли махлуқ оламини тараннум қи­лишга беихтиёр ундайди. Шундай кои­нот гули сифатида, оламлар булбули монанд тил унсури билан яратилгани­миз ҳаққи Аллоҳга чексиз ҳамдлари­миз, олқиш ва алёрларимиз бўлсин!

Узр, Одил ака! Менимча, гапнинг индаллосини бошқача бошлаш мум­кин эмас. Том маънодаги ижод, ижод­корлик Парвардигорга хослигига ий­мон келтирмаган иқтидор эгасининг балки ижоди эътиборга тушиши, аммо шахси нокомил, икки оламдаги ҳаёти Унинг наз­дида ғариб, ожиз ва аянчли бўлиши бегумон. Зеро, бадиий ижоддан ҳам мурод — ана шу Холиқнинг яратиқ­ла­ри қанчалик мукаммаллигини баҳоли қудрат, имкон қадар зўр бериб, ас­той­дил, ихлос билан;  ҳис-шуур, ақл-эс, тафаккур ва идрок, ҳаё ва одоб билан; кўриш, эшитиш, солиштириш, муқояса қилиш ва энг муҳимларидан ибрат ва сабоқ, ўрнакларини кишиликка тут­қа­зишдир. Бадиий ижод инсонни ўрга­ниш. Биз билан бирга ва биздан таш­қаридаги оламларни ўрганиш ҳайрат­лари, шунинг таъсирчан тажрибала­ри­дир. Бунинг энг яхшилари, дилга чина­кам илҳомлар солиб, қалбу ақлимиз­нинг парвозли онларида  адибга (адаб тарбиячисига) берилганлари, бу ўткин­чи дунёда истиқомат қилган ва ундан кейинги ҳаётида унинг номаи аъмо­лига садақаи жория, руҳига етиб тура­диган ажр-мукофот бўлади ва аксинча инсоннинг ожиз томонлари, нафсига банда куфрони неъмат тарғибидан иборат ғоялар ва ифодалар, ёмонлик, бало, манфурлик таратувчи бўлгани учун муаллифини  икки дунё бадном этади, жазо ва лаънат лойқасига ғар­қоб этади…

Мен учун ҳам бадиий ижод изҳор ва истиғфор! Сабоқ ва ҳайрат. Табрик ва муомала. Миннатдорчилик ва изла­ниш. Йиллар ўтиб, унинг шакллари, му­носабатлари ўзгариши мумкин, лекин моҳияти, асли, жавҳари ўзгармасдир.

Бадиий ижод ҳаёт оралаб, энг му­ҳим нуқталари, энг шафқатсиз, фоже­ий ҳақиқати ҳақида шу қадар гўзал, мардона, умидвор қилиб иймоний та­факкур қилишдир. Оламнинг, одамнинг чин табиати ҳақида самимий, лекин бе­такрор, жуда гўзал бир ифода. Унда ин­сонннинг қалби учун маёқ бўладиган нимадир — нур, неъмат, илм, севги, меҳр, ҳақиқат каби қадрли мезонлар, меҳварлар, ҳеч шубҳасиз бўлиши ке­рак. Чин, меҳрбахш, самимий, оқил сўз­дан узоқ яшайдиган, инсонни мутаас­сир этадиган бошқа мангу ҳеч нарса йўқ мен учун. Сўз шунчалик собит, мар­дона, шафқатсиз бўладики, ўлик қалб­ни тирилтиришга қодир. Ёзганнинг жис­ми етиб боролмас давронларга етиши­га, унинг моддий куч-қудрат ожиз олий жамиятларнинг эзгу иши, ҳаётига ара­лашишга, кишиларнинг шахсини, эъти­қодини комиллик сари ўзгартиришга масъулдир бадиий ижод.

Одам борки, бахтли-саодатманд, иқболли бўлишни истайди. Бироқ унинг   фитратидан чекинишга мойил ҳаёти ҳақиқатни англамаса, ўзини қўл­га олмаса, оқибати хусрон экан. Хус­рон —  бой бериш, омадсизлик, бадбахт­лик мусибатига мубталолик. Аллоҳ тао­ло Қуръони каримда инсонни огоҳ­лан­тиради: “Аср билан қасамёд этур­манки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахт­сизликда)дир! Фақат иймон кел­тирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бў­лишни тавсия этган ва бир-бирига сабрли бўлишни тавсия этган зот­ларгина бундан мустаснодирлар” (Аср сураси, 1 — 2- оятлар).

Яратганимиз бахтсизликдан қуту­лиш йўллари қаторида кўрсатганла­ри­дан бирига эътибор қаратайлик. “…бир-бирларига ҳақиқатпарвар бў­лишни тавсия этган… зотларгина бундан (зиёндан) мустаснодирлар”. Чинакам бадиий ижоднинг асоси, чин адибнинг сармояси ҳақиқат, ҳақиқат­парварликдир. Зеро, Аллоҳ таоло бош­қа санъат турлари қаторида, менимча, сўз аҳлига шундай фазл берганки, уни тавсия қилиш каламкашнинг тасви­ри­га, таъсирли гўзал ижозий сўзига бош­қа ҳеч бир иқтидор эгаси етолмасдир. Бу иқбол йўли шу қадар шараф, шу қадар жавобгарликдир!

О.Ҳ: — Мустақиллик даври қаҳ­рамонини қандай тасаввур эта­сиз? Унинг қайси фазилатларига эътибор қаратган бўлар эдингиз?

В.Ф: — Менимча, бу борада му­лоҳаза юритишдан олдин “қаҳрамон” сўзининг ўзаги борасида ўйлаб қол­дим… Қаҳр! Қаҳрланди… Инсон  нега қаҳр қилади? Унинг Яратгани-чи? Унинг воқелигига адолатсизлик ара­лашганида, бутун вужуди ларзага ке­лади! Аччиғи чиқади. Шундаймасми? Ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Ўзи инон­ган ҳақиқатни юзага чиқармоқ йўлига юзланади. Ҳеч нарсадан жаҳли чиқ­майдиган, қаҳрланмайдиган кимса эса Инсон-да ҳисобланмайди. Бир инсон қалб амрига бўйсиниб, шу руҳда барча маънавий ва жисмоний имкониятлар­ни ишга солиб, эзгу бир амални удда­лашини одамийлик, қаҳрамонлик деса бўлар. Ҳеч қачон қаҳрамонликнинг мо­ҳияти ўзгармайди. Муҳит, давр, замон, шарт-шароит ва тарбиядан келиб чи­қиб, қаҳрамонликнинг шакли ўзгача та­жаллийда бўлиши мумкин. Тарихдан бизга етган, нимадир қолдирган, ҳар со­ҳанинг етук, уддабурон, маҳоратли ва салоҳиятли кишилари, шу қадар журъ­ати, жасорати, дўлворлиги, таваккал­чилигича қаҳрамон. Менинг назарим­да, қаҳрамон ўзидан кўра оиласини, ундан кўра, маҳалла-кўйини, ундан ҳам эл-элатини юксак кўрган ва барча қадрли қобилиятини шулар манфаати йўлида сафарбар эта олган, фидойи­лиги ва жасорати, иродаси ва ақли би­лан муқаддас қадриятлар бардавом яшашига ҳисса қўшишга муваффақ бў­ла олган зотдир. Афсуски, собиқ Итти­фоқ даврида асрлар оша бизга ибрат бўлган қаҳрамон боболаримиз жасо­рати яширилди, уларда бўлмаган, ке­раксиз жиҳатлар ошириб-тоширилиб, мафкура ёлғонига тиркалди. Сохта қаҳ­рамон ясалди. Қаҳрамонларнинг ҳақи­қий шахси, амали, ўй-фикрлари унга тақалганларидан тамоман фарқ қилар эди. Қаҳрамон асли билан яшамади, қаҳрамонликка ярамас қаҳрамон рут­баси билан яшади. Буни яшаш ҳам деб бўлмайди…

Биз янги даврга қадам қўйганимиз­га чорак асрдан ошди. Энди халқ ва давлат манфаатлари бир-бирига тес­кари бўлиши мумкин эмас. Мамлакат халқ маънавиятининг асрлар сино­видан ошган қадриятлари билан қуд­ратланиб, дунёга юзланиши, ривож­ланган давлатларнинг олдинги сафида бўлиши керак. Бироқ сохта қаҳрамон­ларга эргашиш хасталиги ҳамон қа­рашларимиздан чиқиб кетганича йўқ. Бундан халос бўлиш учун ҳар биримиз аввало ўзимиз билан курашишимиз, руҳиятимиз ва қалбимизда  дарахт қур­ти каби кириб олган иллатларни ситиб чиқаришимиз, илмга интилиб, фидойи бўлишимиз керак. Бу жараён сип-сил-лиқ кечмайди. Изланган, интилган одам хато қилиши, қалтис йўлга кири­ши, ҳориши, жуда мураккаб жараён­лар ичида қолиши мумкин. Бироқ ҳар қандай кутилмаган, фавқулодда ва­зиятларда ҳам иймонига собит, виж­донини сўроққа тута оладиган, хато ва камчиликларидан аввало ўзи хулоса чиқариб оладиган бўлса; умид ва эзгу фикрда яшаса, юрти ва халқининг мод­дий ва маънавий манфаатларини ўзи­никидан устун қўя билса; шу йўлда ти­нимсиз изланиб олға боса олса, одам билан эмас, одамнинг иллатлари  ва камчиликлари билан курашишдан тол­маса;  ҳар доим адолат томонидаги мустақил фикрига собит шахс  қаҳра­мондир,  аммо у ўзини қаҳрамон эмас, оддий одам, одамий деб билади. Унинг илмга ташналиги, доим ўз ус­тида ишлаши, оқил, мард, аввало ўзи­ни тарбиялаб бориши, вақтни қадр­ла­ши, одамийликни ҳамма нарсадан ус­тун қўйиши, ҳалол, покиза, ростгўй бў­лиши, қадриятларимизни севадиган, дунёдан ҳам хабардорлиги мен учун қадрлидир. Бундай инсонлар янгила­наётган жамиятимизнинг ҳар буржида йўқ эмас. Мен уни мисол учун қиш­лоқ­да ерга муносабати асл ҳолига қай­таётган деҳқонлар орасида кўраман. Фақат уларнинг минг жонли, зиддият­ли  қисматини  гўзал бадиий тарзда қайта яратадиган, уларни ўзидан кўра кўпроқ биладиган Қодирийларга, Шо­лоховларга, Тоғай Муродларга ўхшаш-ўхшамас, бетакрор адиблар кўз оч­маганича бу саволни бир-биримизга бе­риб юраверамиз…

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!