Bosh sahifa Jamiyat 28 январь – Навоий вилояти қайта ташкил этилган кун (Бу қандай...

28 январь – Навоий вилояти қайта ташкил этилган кун (Бу қандай амалга ошган эди?)

0
Биринчи Президентимизнинг Навоийга илк ташрифи чоғида туширилган сурат.(Мақола муаллифи архивидан)

Ўтган асрнинг 90-йилларида собиқ шўро тузумида кечган иқтисодий инқироз жараёни Навоий ҳудудини ҳам четлаб ўтмади. Вилоят тарқатилиб, аввалига Самарқанд, сўнгра Бухоро вилоятига қўшиб юборилди. Озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа истеъмол товарларининг етишмаслиги оқибатида ҳудуд аҳолиси ўртасида норозилик кайфияти пайдо бўла бошлади. Президентимизга ушбу ҳудуддан хатлар туша бошлади. Ташаббускор гуруҳ тузилиб, улар томонидан Навоий вилоятини қайтадан тузиш таклифи илгари сурилди, президент девонига қадар арз қилиб борилди.

Эндигина президентлик лавозимига киришган Ислом Абдуғаниевич  Каримов учун аҳолини келажакка ишонтириш, фуқаролар учун шарт-шароитлар яратиб бериш осон кечмади. Аммо, Биринчи Президентимиз кечаю кундуз шу юрт фаровонлиги, халқимиз мустақиллиги учун ҳузур-ҳаловатидан кечиб меҳнат қилди.

Вақтининг тиғизлигига қарамасдан Навоийга ташриф буюрди. Биринчи Президентимиз ташрифи чоғида Навоий шаҳри, “Навоийазот” ишлаб чиқариш бирлашмаси, Кармана шаҳарчаси ҳамда Дўрмон қишлоғида бўлиб, маҳаллий аҳоли билан учрашди ва уларнинг дардини тинглаб, муаммоларининг ечими ҳақида мулоҳаза юритар экан, халқ кўнглида эртанги кунга умид уйғотди.

И. Каримов Навоий шаҳридаги ҳали қурилиши бошланмаган ҳозирги Марказий дехқон бозорида халқ билан учрашди, бозордаги шароитлар билан танишди. Президент бозор айланиб, сабзавот дўкони ёнида навбатда турган бир гуруҳ русийзабон аёллар томон бурилди. Уларни суҳбатга тортди. Яшаш шароитлари, муаммолари ҳақида сўради.

Шу куни Ислом Абдуғаниевич Навоий шаҳар партия қўмитаси мажлислар залида Ташаббускорлар гуруҳи вакилларини қабул қилди. Унда гуруҳ раҳбари Бозор Нарзиев сўзга чиқиб, Навоий ҳудудидаги ҳозирги  аҳвол хусусида тўхталди ва вилоятни қайта тиклаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Бу таклиф йиғилганлар томонидан қарсаклар билан қўллаб-қувватланди.

Мазкур ташрифдан сўнг кўп ўтмай, 1992 йилнинг 28 январь куни халқ орзуси ушалди. Президентимиз фармони билан Навоий вилояти қайта ташкил этилди.

Ёрқул УМАРОВ, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилоят бўлими раиси.