Bosh sahifa Mualliflardan Қинғир ишнинг қийиғи

Қинғир ишнинг қийиғи

0

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ҳар жиҳатдан тўкис, халқаро техник стандарт талабларига мос келишини бугун хорижий давлатларда ҳам эътироф этиляпти. Автомобиль транспорти ҳаракатланиш воситаси ёки ҳашамат белгиси, қоидабузарлик манбаси бўлиб қоляптими? Техник тараққиёт шиддат билан ривожланаётган асрнинг ўзига хос муаммолари пайдо бўлмоқдаки, уларни бартараф этиш жуда катта куч, вақт талаб қилади. Кейинги йилларда автомобилда йўловчи ташиш – даромад олишнинг қулай усулларидан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, сиқилган газ билан ҳаракатланувчи транспорт турлари учун бу анча арзонга тушади. Шу сабабданми ёхуд “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас”, деганларидек ноқонуний даромад топишга муккасидан кетганларнинг ўпқондек нафси қонмаслиги сабабми, фаолиятга рухсат берувчи лицензиясиз “учар”лар урчиб кетмоқда. Энг ёмони, улар ихтиёридаги автомобиллар ҳаракатланиш куни техник, ҳайдовчи эса руҳий, тиббий кўрикдан ўтмаган бўлиши тайин. Демак, йўловчи ташиш, инсонларни беталофат манзилга етказишдек масъулиятни ўз зиммасига олишда таваккалчилик қилиш маънавий жиҳатдан ҳам, қонун нуқтаи назаридан ҳам оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йилда вилоятимизда 43 мингдан ортиқ қоидабузарликлар фоторадарлар воситасида қайд этилган. Эътиборсизлик, масъулиятсизлик оқибатида 240 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, натижада 76 (!) нафар фуқаро вафот этган, 211 киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Инсон учун энг азиз неъмат ҳисобланмиш умрнинг бундай бевақт завол топишида аксар ҳолларда юқорида зикр этилган ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланувчилар айби борлиги ҳақиқат. Мудҳиш фалокатдан кўз юмганлар тезроқ  дийдор кўришишга орзуманд бўлишган, аммо дийдор қиёматга қолган.

Навоий шаҳрининг турли ҳудудларидаги автотураржойларда вилоят, шунингдек Тошкент, Бухоро, Самарқанд вилоятларининг маъмурий ҳудудларига ноқонуний равишда йўловчилар ташиш билан шуғулланаётган “тадбиркорлар” сероб. Уларни аниқлаш, фаолиятини қонуний йўлга қўйиш орқали бюджетга қўшимча манбалардан тушумларни кўпайтириш солиқ органлари билан манфаатдор ташкилотларнинг вазифасига киради. Вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбарияти айнан шу мақсадда солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига қисқа муддатда тегишли лицензиясиз йўловчи ташиш билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда улар фаолиятига чек қўйиш, қонуний равишда ишлаш истагида бўлганларга амалий ёрдам бериш юзасидан топшириқ берди. Мазкур йўналиш бўйича вилоятда олиб борилаётган мониторинг ишлари хусусида бўлим бошлиғи С.Раимов билан суҳбатлашдик.

Вилоятимизда қонуний фаолиятни йўлга қўйиб, йўловчи ташиш билан шуғулланаётганлар ва улар томонидан амалга оширилаётган тўлов интизоми тўғрисида қизиқдик.

— Вилоятимизда юк ва йўловчи ташиш фаолиятига лицензия бериш ҳуқуқига эга бўлган 193 та юридик шахслар мавжуд. 2019 йилнинг 25 февраль ҳолатига 740 та талабгорга лицензия берилган. Шулардан 491 таси енгил автомобил, микроавтобус ва автобуслар эгалари. Уларнинг белгиланган маршрут бўйича ҳаракатланиши, лицензия шартларига амал қилиши, техник ҳолати устидан назоратни Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ, Дарё ва автомобил транспорти агентлиги ва манфаатдор ташкилотлар амалга оширади. Давлат солиқ хизмати органлари ўз ваколати доирасида ноқонуний даромад олиб, солиқларни яширганлик жиҳати, солиқ қонунчилиги бузилишини барвақт аниқлаш, олдини олиш билан шуғулланади. Тезкор назорат таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, 2018 йилнинг 20 августидан 31 декабригача 806 та ноқонуний йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан маъмурий баённома тўлдирилиб, судга тақдим этилган. 2019 йилнинг икки ойи мобайнида бундай ҳаракатлар 184 тани ташкил этади, — дейди С.Раимов.

Кўриниб турибдики, одамларимиз орасида ҳали-ҳануз қинғир йўллар билан даромад орттириш, солиқлардан қочиш фикри бор. Аммо, халқнинг “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган пурҳикмат нақлини унутмайлик. Қинғир ишнинг қийиғи чиқади.

Жаҳонгир УМИРЗОҚОВ, ДСБ ходими.