Bosh sahifa Jamiyat 12 нафар вилоятдошимиз давлат мукофотларига эга бўлди

12 нафар вилоятдошимиз давлат мукофотларига эга бўлди

0

 Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимлари ҳамда давлат хизматчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонлари билан бир гуруҳ ватандошларимиз юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Улар орасида 12 нафар вилоятдошимиз ҳам бор. Жумладан, Навоий шаҳридаги “Меҳрибонлик уйи” директории Дилбар Адизовна Орзиевага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрий унвони берилди. Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиали кардиология бўлими шифокори Ўткир Шодиевич Бахронов II даражали “Соғлом авлод учун” ордени, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Мурод Эркинович Ахмедов ҳамда “Фарҳод” маданият саройи “Бахтли болалик” халқ рақс ансамбли балетмейстери Фируза Юсуповна Мусаева “Дўстлик”, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош директорининг иқтисод бўйича ўринбосари Нурмат Каршибекович Джулибеков “Меҳнат шуҳрати”, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси бош муҳандиси Николай Павлович Снитка, Кармана туманидаги “Кармана голден эгз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Азиз Аслонович Суванов “Дўстлик” орденлари, ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати отрядининг сафдор ходими Шерзод Баҳодирович Абдуалимов, Хатирчи туманидаги ҳунарманд-темирчи уста Салоҳиддин Мустафаевич Қодиров “Жасорат”, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Томди тумани Кенгаши раиси Еркебулан Акбергенули Тайбагаров “Келажак бунёдкори”, Навбаҳор туманида яшовчи Мўмина Ғаниева (100 ёшдан ошганлар) ҳамда Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят ташкилоти раиси Маряна Амриевна Бахриева “Шуҳрат” медаллари билан мукофотланди.

Шу муносабат билан 30 август куни вилоят ҳокимлигида тантанали учрашув ташкил этилиб, унда бир гуруҳ тақдирланганларга юксак орден ва медаллар шахсан вилоят ҳокими Қ.Турсунов томонидан топширилди. Йиғилишда сўзга чиққанлар бундай эътибор келгусида уларни юрт равнақи йўлида янада масъулият ва шижоат билан меҳнат қилишига ундашини таъкидлашди. Хусусан, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Е. Тайбагаров юртимизда ёш авлод вакиллари учун яратиб берилаётган шарт-шароитларга эътибор қаратар экан, мазкур ислоҳотлар янги босқичга кўтарилганлигини эътироф этди. Бу эса навқирон авлодни мамлакат ривожи учун фаолликка чорламоқда.

Мукофотларни ўз эгаларига топшириш маросимлари жойларда давом этмоқда.