Bosh sahifa Jamiyat КИТОБ ЎҚИШНИНГ НАВОИЙЧА ТАЖРИБАСИ

КИТОБ ЎҚИШНИНГ НАВОИЙЧА ТАЖРИБАСИ

0

Президентимиз ташаббуси билан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида залворли натижаларга эришилаётганини бугун барчамиз кўриб гувоҳ бўлиб турибмиз. Аслида ҳам китоб ўқиган кишининг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга теран нигоҳ билан қарайди, турли усуллар билан тарқалаётган ҳар хил уйдирма ва ёлғонлардан иборат хабарларга ишонмайди. Аксинча ўзининг шахсий фикри билан холис ва адолатли жавоб қайтаради.   

Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида “Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз”  интеллектуал танлови ҳар ҳафтанинг шанба куни ўтказиб келинмоқда. 

Бошқа ҳудудларда кузатилмаган ушбу танловда вилоятдаги 50 та бошқарма, корхона ва ташкилот ходимларининг 5 нафардан иборат 50 та жамоаси иштирок этмоқда. Жорий йилнинг 28 декабригача давом этадиган ушбу тадбирда иштирокчилар мумтоз адабиётимиз дурдоналари ва хориж адиблари қаламига мансуб  37 та сара асарлари асосида беллашади.

Бугун 2019 йил 7 сентярь куни А.Қодирий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган танловда иштирокчилар  М.Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” асари асосида тузилган саволлар бўйича жавоб излашди. 

Очиғи, танлов бошланганидан буён ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида иштирок этиб келаётганимиз сабаб бизда таққослаш имконияти бор. Бошида иштирокчиларнинг танловга қўйилган китоб, телефон ва бошқа “шпаргалка”лардан фойдаланишини олдини олиш учун турли усуллардан фойдаландик. Бугунга келиб эса биз эмас, иштирокчи жамоаларнинг ўзлари бир-бирини назорат қилмоқда. Қайсики жамоа ноҳақлик қилаётган бўлса дарҳол олдини олиш учун талаб билан чиқмоқда. Ана шу соғлом рақобат жамоаларнинг янада теран нигоҳ билан китоб ўқиш ва уқишга чорлаяпти. 

Ҳа, китобдан қимматли дўст йўқ. У туфайли инсон тафаккурида эзгу ғоялар ривож топади, комиллик ва яхшиликка интилади. 

— Очиғи, иш,  оиладаги ташвишлар билан бўлиб, китоб ўқишдан чиқиб кетган эканмиз, — дейди танлов иштирокчиси, вилоят молия бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фаррух Мамиров. — Мени уйда китобларни тинимсиз ўқиётганимни кўриб, оилам, фарзандларимда ҳам қизиқиш уйғонди.

Қуш уясида кўрганини қилади, деганлари рост экан. Китобни, аввало, ота-она ўқиса фарзандлар ҳам шунга эргашар экан. Йил охиригача давом этадиган танловда иштирок этиб, танланган сара асарларни ўқиймиз. Шу баҳона оилавий кутубхонамиз яна 37 та адабиёт билан бойийди.