Bosh sahifa Jamiyat ВИЛОЯТИМИЗДА ПИЛЛАЧИЛИК МАВСУМИ ЖАДАЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

ВИЛОЯТИМИЗДА ПИЛЛАЧИЛИК МАВСУМИ ЖАДАЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

0

Юртимиз қишлоқ хўжалигининиг кўплаб тармоқлари қатори пиллачиликда ҳам кластер тизими жорий этилди. Вилоятимизда ҳам бугунги кунда учта – “Қизилтепа пилла хазинаси”, “Ал-Азиз ипаги” ҳамда “Хатирчи пилла хазинаси” масъулияти чекланган жамиятлари кластер корхоналари сифатида фаолият олиб бораётган бўлиб, пилла боқувчилар мазкур корхоналар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 

Жорий йилда вилоят бўйича 16 минг 183 қути пилла қурти парваришлаш, 890 тонна ҳосил олиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда биринчи мавсумда пилла қуртлари тўлиқ тарқатиб бўлинган. Айрим ҳудудларда ҳосил териш ишларига тайёргарлик ҳам кўрилмоқда. Бугунги кунда маҳаллаларимиз аҳолисининг қарийб 10 минг нафар аҳолиси пилла парваришлаш билан банд. 

– Уларга 180 минг сўмдан ҳар бир қути учун аванс берилди, – дейди “Навоий ҳудудий агропилла” масъулияти чекланган жамияти бош агрономи Хислат Очилов. – Конимех ва Навбаҳор туманларида эса ҳар бир қути учун беш литрдан мой ва бир қопдан ун берилди. Жараёнлар қизғин давом этмоқда.  

Кармана туманининг “Нурафшон” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳусен Орзиев 1996 йилдан буён пилла боқиш билан шуғулланиб келади. Жорий йилда 100 грамм пилла уруғини беш нафар оила аъзоси билан парваришлаяпти. 

– Мавсум бошида кластер корхонаси томонидан 900 минг сўм аванс тариқасида берилди, – дейди Ҳ.Орзиев. – Бугунги кунда пилламиз етилиб қолди. Теримга ҳам тайёргарлик кўряпмиз. Ўтган йили урурғликнинг сифатли бўлмагани боис кўпгина пиллакорларимиз зарар кўрганди. Ана шундай оғир шароитда ҳам кластер корхонаси меҳнатимизга яраша ҳақ тўлаб берди. Бу йил бундай муаммолар кузатилгани йўқ. 

Хатирчи тумани “Полвонота” маҳалласида яшовчи Одил Эгамбердиев эса саккиз йилдан буён пилла боқади. Бу йил ҳам икки қути уруғ парваришлашни бошлаб, аллақачон пилла қуртининг иккинчи уйқуси ҳам ортда қолди. 

— 70 сўтих майдонда тутзоримиз бор, – дейди О.Эгамбердиев. – Икки йилдан буён кластер корхонаси билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Ўзаро ижара шартномаси тузганмиз. Оиламиз даромади шундан. Йилда икки маротаба пилла парваришлаймиз. Қорамолларимиз бор, тут қаторлари орасига арпа ва буғдой етиштириб, улардан ҳам фойда оламиз. Ўтган йили биринчи мавсумга ҳар бир килограмм етиштирилган пилла учун 16-18 минг сўмдан, иккинчси мавсумда 20 минг сўмдан тарози бошидаёқ тўлаб берилганди. Кластер тизими пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамит касб этмқода. 

Маълумки, пиллачилик тармоғининг ривожланиши бевосита озуқа базасининг салмоғига боғлиқ. Бугунги кунда вилоятимизда 1182 гектар тутзорлар мавжуд бўлиб, жорий йилнинг ўзида 43 гектар тутзорлар янгидан барпо этилган. 

Яқинда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси ва бўлимлари томонидан ҳудудларимиздаги тутзорларнинг аҳволи хатловдан ўтказилди, – дейди бошқарма бўлим бошлиғи Ўктам Ҳомидов. –  Натижада вилоятда жами 239 та контурдаги 290,1 гектар, яъни 24,5 фоиз тут плантацияларининг ҳолати ўта таъмирталаблиги аниқланди. Хатирчи, Навбаҳор ва Кармана туманларида айниқса, вазият жиддий. Ғалла ва пахта майдонлари атрофидаги якка тут қаторлари ҳолатини яхшилаш, айниқса долзарб. Фермерлар ва кластер эгалари бу масалага жиддий эътибор қаратиши лозим. Бу борада ташкилотимиз томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.  

Вилоятимизда тут экиш ишлари асосан ҳудудий “Аргопилла” МЧЖлари томонидан олиб борилмоқда. Бироқ, аҳоли томонидан янги плантацияларга мол боқиш ёки бошқа вазиятлар билан шикаст етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бошқарманинг таҳлилларига кўра. Навбаҳор ҳамда Қизилтепа туманларида эса тут плантациялари  ноқонуний бузиб ташланган. Кармана туманида эса тутзорлар ўрнида бошқа турдаги дарахтлар экиш ҳолатлари ҳам бор. Бундан ташқари, ҳудудларда тут плантациялари ҳудудида ноқонуний бинолар қуриб олин кишилар ҳам йўқ эмас. Умуман олганда, воҳамиз пиллачилигининг эртанги истиқболи тутзорлар билан боғлиқ мазкур муаммоларни самарали ҳал этишга боғлиқ бўлиб турибди. Шу боис, плантация майдонлари тўғрисида аниқ рақамларни шакллантириш, тутзорлар ҳудудида ўзбошимчалик билан бинолар қуриш ҳамда тутқаторлар орасига ўтқазилган бошқа турдаги дарахтларни олиб ташлаш мақсадида туман ҳокимликлари ва вилоят Ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармаси ҳамкорликда иш олиб бормоқдла.     

Таъкидлаш керак, давлатимиз томонидан пиллачиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳар бир пиллакорнинг пилла боққан мавсуми бир йиллик иш стажи сифатида эътьироф этилиши соҳа фидойилари учун муносиб имконият бўлди. Умуман олганда, мазкур соҳанинг ривож топиши аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда мавжуд муамоларни самарали ҳал этишда масъул идоралар билан бирга тутзорлар эгаси – пиллакорларнинг ўзлари ҳам вазиятга тўғри баҳо берган ҳолатда оқилона иш олиб боришлари лозим.