Bosh sahifa Jamiyat 86 нафар навоийлик Умра зиёратидан етиб келди

86 нафар навоийлик Умра зиёратидан етиб келди

0

18 март куни Навоий шаҳридаги темирйўл вокзалида Умра зиёратини адо этиб келган 86 нафар вилоятдошимиз кутиб олинди.

Тадбирда масъул ташкилотлар вакиллари, зиёратчиларнинг яқинлари ҳамда журналистлар иштирок этди. Маросимга йиғилганлар юзларидан нур ёғилиб турган оппоқ либосли отахону онахонларни қутлашаркан, кексалар дуога қўл очиб, Яратган ҳаммани ана шундай улуғ ибодатга етказишини тилашди.

 – 10 кун давомида Макка шаҳрида бўлиб, муқаддас Каъбани тавоф қилдик, – дейди Навоий шаҳрида яшовчи Қумри момо Салимова. – Биз учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Эмин-эркин ибодатимизни адо этиб, эсон-омон юртимизга қайтдик.

– 64 ёшимда ушбу муқаддас зиёрат насиб этди, – дейди конимехлик Эрали бобо Исотов. – Қалбларимиз нурга, эзгуликка тўлди. Ибодатларимиз, дуоларимиз қабул бўлсин!

Таъкидлаш керак, давлатимиз томонидан ўлкамиз вакилларининг Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келишлари учун катта эътибор қаратилмоқда.  Хусусан, вилоятимиздан ҳам илгари баҳор мавсуми ва Рамазон ойида жами 200 нафар киши ушбу ибодатларни адо этиб келган эди. Жорий йилдан бошлаб эса, қўшимча яна 100 та ўрин ажратилди. Бу албатта, юртимиз мусулмонларига кенг имконият яратади.