Bosh sahifa Tahlil ҚҚС ва солиқ тўловчилар: 9 саволга 9 жавоб

ҚҚС ва солиқ тўловчилар: 9 саволга 9 жавоб

0

Савол: Қўшилган қиймат солиғи нималардан тўланади?

Жавоб: Ҳар қандай товарни сотаётганингизда ёки қандайдир хизмат кўрсатаётганингизда, иш бажараётганингизда қўшилган қиймат солиғи тўлаш керак бўлади. (Солиқ кодекси, 204-модда). ҚҚС сотаётган товарнинг қийматига киритилган бўлиши лозим. Агар сотилаётган товарлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган бўлса, у ҳисобланмайди ва товар қийматига қиритилмайди.

Савол: Қўшилган қиймат солиғининг ҳисоботларини тақдим этиш муддатлари қандай?

Жавоб: Солиқ кодексининг 225-моддасига асосан қўшилган қиймат солиғининг ҳимоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг йигирма бешинчи  кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади. Йиллик якунлари эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади.

Савол: Фермер хўжаликлари ягона ер солиғини тўлаб келаётган эди. Уларнинг йиллик тушуми 1 млрд.сўмдан ошса ҚҚС тўлайдими?

Жавоб: 2019 йилда ягона ер солиғини тўловчиларга солиққа тортишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолинди.

Савол: Вилоятимизда эркин иқтисодий зона ва унинг негизида бир қанча корхоналар фаолият юритаяпти. Уларга нисбатан солиқ имтиёзи амал қиладими?

Жавоб: Эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари (ягона солиқ тўловчилар) солиқ қонунчилиги ўзгарганида солиқлар бўйича улар рўйхатдан ўтказилган санада амал қилган норма ва қоидаларни қўллашга ҳақлидирлар.

Савол: Оммавий ахборот воситаларига қўшилган қиймат солиғида имтиёзлар мавжудми?

Жавоб: Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан, босма маҳсулотлар, яъни китоб маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларинингдаврий босма нашрлари (реклама тусидаги босма нашрлар бундан мустасно), дафтарлар ҳамда расм ва чизмачилик альбомларини реализация қилиш оборотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Савол: Дори ишлаб чиқарувчи корхоналар хориждан хомашё, маҳсулот олиб келса, ҚҚСдан озод қилинадими?

Жавоб: Солиқ кодексининг 208-моддасига асосан тиббий хизматлар (косметология хизмати бундан мустасно) ва ветеринария хизматлари, дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария учун мўлжалланган буюмлар, шу жумладан, уларни ишлаб чиқарувчилар томонидан реализация қилинаётган шундай воситалар ва буюмлар обороти қўшилган қиймат солиғидан озод қилинган.

Савол: Ягона солиқ тўловчи корхонанинг ўтган йилги хизматлари 1 млрд. сўмдан ошмади. Таъсисчиларга дивиденд тўланади. Дивиденд тўлови жорий йилнинг январь ойида берилиши лозим. Қанча дивиденд ва солиқ тўланади?

Жавоб: 2019 йилдан Ўзбекистон Республикаси резидентларининг дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадларига солиқ ставкаси 5 фоиз этиб белгиланди. Бунда тўлов манбаида солиқ солиш тартиби юридик ва жисмоний шахслар учун сақлаб қолинди.

Савол: Ягона солиқ тўловида турган фирма омборида 2019 йил 1 январь ҳолатида хомашё қолди дейлик. Фирма жорий йилдан бошлаб ҚҚС тўловига ўтади. Омбордаги мавжуд қолдиқ товарлар реализация қилинганда ҚҚС ҳисобланадими?

Жавоб: Корхона 2019 йил 1 январдан умумбелгиланган тартибдаги солиқларни тўлашга ўтса, 2018 йил якуни билан унинг омборида қолган товарлари ҳам ҚҚС билан сотилади.

Савол: Автомобилларга газ (метан) қуйиш шохобчаларида нарх ҳисобланаётганда биринчи акциз солиғи ҳисобланадими ёки ҚҚСми?

Жавоб: Солиқ кодексининг 204-моддасига асосан, бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, унга қўшилган қиймат солиғи ҳамда бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи киритилмаган ҳолда аниқланади. Ушбу солиқ солинадиган базадан келиб чиқиб қўшилган қиймат солиғи ҳисобланади. Шунга кўра, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи қўшилган қиймат солиғининг солиқ солиш базасига киритилмайди, яъни қўшилган қиймат солиғи ҳисоблангандан сўнг акциз солиғи ҳисобланади.

Саволларга вилоят ДСБ бўлим бошлиғи Н.Жуманазаров ҳамда солиқ  инспектори Ғ.Абдуалимов жавоб берди.