Bosh sahifa Mualliflardan АМИР ТЕМУР ДАВЛАТИНИНГ  БОШҚАРУВИ  ТИЗИМИ ВА  ИЧКИ ТАРТИБЛАРИ

АМИР ТЕМУР ДАВЛАТИНИНГ  БОШҚАРУВИ  ТИЗИМИ ВА  ИЧКИ ТАРТИБЛАРИ

0

 

Амир Темурнинг Мовароуннаҳр, Хуросон, Шимолий Ҳиндистон, Ўрта Ер денгизи бўйи мамлакатлари, Эрон ва Кичик Осиёгача бўлган ҳудудларни бирлаштириб тузган марказлашган давлати, ундаги бошқарув усуллари, сарой тартиблари, илм — фанга ҳомийлиги ва меъморчилигини бутун дунё халқлари эътироф этган. Айниқса унинг Европа мамлакатлари билан ўрнатган дипломатик алоқалари натежасида, Европа давлатлари хукмдорларининг элчилари Амир Темур саройига ташриф буюриб, ундаги бошқарув, сарой тартиблари ва маросимлари ҳақида муҳим маълимотларни қайд этишган. Бу борада европалик олимлар, сайёҳлар, элчилар ва тарихчилар жуда кўплаб тарихий — илмий ва бадиий асарлари орқали бизга маълумдир.

Ўзбекистон давлат мустақиллигини эълон қилгандан сўнг, халқимизнинг том маънодаги тарихини ёритиш, шу жумладан Соҳибқироннинг тарихини ўрганиш имкони вужудга келди.  Юртимизда маънавий тикланиш ва янгиланиш жараёнлари бошланиши ҳамда халқимизнинг миллий ғурурини юксалтириш мақсадида Соҳибқирон Амир Темурнинг муборк номи, бой мероси ва хотирасини, айни пайтда тарихий сиймосини ҳам тиклаш шарт эди. Ҳар йили Амир Темурнинг таваллуд кунини тантанали нишонлаш ҳамда Тошкентда, Шаҳрисабзда, Самарқандда муҳташам ҳайкалларини ўрнатиш ҳақида қарор қилинди. Бундан ташқари Амир Темур ва темурийлар давлат музейи очилди. Бугунги кунда буюк давлат арбоби ва енгилмас саркарда сиймоси ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг ёрқин тимсолига айланди. Соҳибқиронинг энг муҳум фазилатларидан бири шуки, қўшни давлатлар билан ўзаро яхши алоқалар, манфаатли ҳамкорлигисиз ёрқин истиқболи бўлмаслигини теран англаган ҳолда, у Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширди. Бир томондан Хитой, Ҳиндистон, бир томондан Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1996 йил 24 октябрда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий конқеренциядаги маърузасида қайд этганидек: “Амир Темур фаолиятидаги биз учун ибратли нуқталардан яна бири шундаки, у савдо — сотиқ муносабатлари орқали халқлар, мамлакатлар ўртасида ягона макон барпо этиш соҳасида шундай ютуқларга эришганки, бунга қойил қолмасдан иложимиз йўқ” [1].

Амир Темур Кастилия ва Лион қироли Генрих IV, Франция ҳукумдори Карл VI, Англия қироли Генрих III саройларига элчилар юбориб, муносиб равшда испаниялик, франциялик, англиялик, хитойлик ва бошқа қатор жами 20 дан ортиқ хорижий давлат элчилиарини қабул қилгани тарихий ва илмий асарларда тасдиқланган[2].

Тарихий манбаларда қайд этилишича, испаниялик машҳур тарихчи Руи Гонсалес де Киловехо анча вақт давомида А.Темур саройида яшаган. Уша вақтда нафақат Испания балки, бутун Европа Кловихо асарлари орқали Мовароуннаҳр ва бу замин халқларини таниган. Амир Темур даврида юритилган сиёсат, минтақамиздаги сиёсий жараён, халқимизнинг маданияти ва илм — фанда эришган ютуқларидан бохабар бўлган[3].

1403 йил испан қироли Генрих III нинг Клавихо бошчилигидаги элчилар узоқ ва машаққатли йўл босиб, 1404 йил август ойида Самарқандга етиб келишади. Соҳибқирон Кастилия элчиларини 8 сентябрь куни Самарқанд ташқарисидаги Дилкушо боғида қабул қилади[4].

Амир Темур ва унинг салтанати ҳақида элчи Клавихонинг эсталиклари муҳим тарихий манба ҳисобланади. Чунки, Клавихо Самарқандда бўлган даврда ўз кўзи билан кўрган воқеалрни кундаликларида қайд этиб борган. Жумладан кундаликларининг 119 — бобида “Тўққизинчи октябрь, пайшанба куни Соҳибқирон набирасининг тўйи муносабати билан базм кечаси уюштирилганда, кечга элчиларни ҳам олиб келишни буюрди. Маросим чиройли безатилган, атроқи чодир билан ўралган майдонда бўлиб, маросимга Бибихоним, Хонзода ва кўпгина таниқли завжалар , мирзолар ва бошқа яқин қариндошлар келишди. Урф — одат бўйича кўпгини пиширилган от ва қўй гўштлари меҳмонларга тортиқ қилиниб, шоду хурсандчилик узоқ давом этди”[5], дея маълимот берилади.

Соҳибқирон бу марасимни бутун халққа эълон қилиб, худди сайлга ўхшатиб, ҳамма ўрда атрофида йиғилиб, хурсандчиликка шерик бўлишини буюрди. Бозорни ўрда атрофига кўчириб, савдо — сотиқни ҳам шу ерда қилишларига амр этди, бу хурсандчиликни хазил — мутойиба билан қизиқарли ўтказиш кераклигини айтди. Фармонга биноан савдогар ва ҳунармандлар шаҳардан чиқишиб, ўрда атрофига жойлашдилар. Шу тарзда хурсандчилик давом этди. Хунармандлар қурган чодирлар атрофида Соҳибқирон буйруғига асосан махсус майдонча қурилди. Бу майдончага айб иш қилганлар тизилиб, бундай хурсандчилик кунида кимларгадир раҳм қилинар, бошқа бировларга эса жазо бериларди. Шу куни Самарқанднинг машҳур кишиси жазога лойиқ топилди. Темурбек олти йилу ўн бир ой бўлмаган вақтда уни ўз ўрнига ҳоким этиб тайинлаб кетганди. Шу вақтлар мабойнида бу киши Темурбекнинг ишончидан файдаланиб, ўз лавозимини суистеъмол қилган, кўп хатоликларга йўл қўйган. Соҳибқирон Самарқандга қайтиб келиши биланоқ, у кишини олдига чақириб, мол — мулкини мусодара қилди, ўзига жазо таинлади. Шундай таниқли кишига бундай жазонинг берилиши ҳаммани ҳайратга солди, чунки бу кишиги Соҳибқироннинг ўзи кўп ишонч билдирганди. Собиқ ҳокимнинг тарафини олиб чиққанлар ҳам жазоланди. Бундан ташқари Соҳибқирон яна бир таниқли кишини жазолади. Соҳибқирон бу ердан юришга чиқиб кетаётганда, ўша кишига уч минг отни қолдириб кетган, қайтганида эса бу отлардан бир дона ҳам қолмаганди. Бу кишининг ялинишлари инобатга олинмади, озроқ кутиб турилса, уч мингта отни олти мингта қилиб қайтаришини айтса-да, у жазодан халос бўлолмади.

Шундан кейин Темурбек яна кўпгина инсонларни жазолади. Бунга мисол қилиб бозордаги кўпгина қассаобларни кўрсатиш мумкин. Бу қассоблар Темурбек йўқ бўлган вақтда гўштларни ўз нархидан анча қимматга сотганликлари учун жазоландилар. Кейинроқ бозордаги хунармандлар, этикдўзлар ўз молларини қиммат нархда сотаётганлигини билиб, уларнинг ҳам ортиқча даромадларини олиб қўйишни буюрди[6].

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Темур сиёсатшунослик ва давлатчилик фалсафаси тарихида янги дунёқарашга асос солди, уни амалда татбиқ этди.. Бу мамлакатда қонун устиворлигини таъминлади. У вазир , амир, савдоган, оддий фуқора ҳамда шахзодалар ҳам қонун олдида барча қатори тенг жавоб берган. Хеч ким хизматга яраша тақдирланмай, ёки қилмишга яраша жазога тортилмасдан қолмаган. Масалан, шахзода Мироншох маишат ва ичкиликбозликка берилиб кетганлиги учун Темур уни жазлга тортди ва мансабидан четлаштирди. . Самарқандда бўлган Кастилия қироли Генрих 3 нинг элчиси Руи Гонзалес де Килавехо гувоҳлик беришича, А.Темурнинг бўйруғи билан Самарқанд Чорсусида, катта йиғин олдида, мансабини суистеъмол қилган икки вазир, шунингдек, молини ортиқ баҳо қўйиб сотган қассоб ва косибни жазолаганлар”[7]. Юқорадиги фикрларнинг адабиётлар орқали тасдиғини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, Клавихо Темур саройида ўрнатилган қонун қоидалар ҳақида 137 — бобида қуйдагича тўхталиб ўтади. Самарқанд шаҳрида қонун жуда кучли, ҳеч ким шоҳнинг буйруғисиз бир — бирига зулм ўтказолмас, фақатгина шоҳнинг ўзи айрим ҳолларда жазо чораларини қулларди, халос.Соҳибқирон қайрга борса ёки қаерга кўчиб ўтса, ўша ерларга ўзи билан бирга қозиларни ҳам олиб борар ва ўша ердаги аҳоли эса, бу қозиларга қулоқ соларди. Қозилар турли ишларга бўлинган: бирлари муҳим ва жанжалли ишларни кўрса, иккинчилари Соҳибқироннинг молиявий масалаларини, учунчилари шаҳар ва ер хужайинларининг ишларини, бошқалари эса элчиларнинг муаммоларини ҳал қиларди. Сафарга чиққанларида бу қозилар ўз ишларини билиб қилишарди. Улар учта чодирда, олдиларига келганларнинг арзларини эшитар, сўнг Соҳибқироннинг олдига бориб, қилган ишларинг ҳисобини беришар, шундан кейин эса жойларига қайтиб тўртта ёки олтита ишга ҳукм чиқаришар, агарда бирон –бир хужжат бериш ҳақида буйруқ беришса, шу заҳоти мирзолар келиб, хужжатни кечиктирмасдан ёзиб, тайёр хужжатни ёнларидаги дафтарга қайд қилар ва унга бир белги қўйишар, сўнгра бу хужжатни тепада ўтирган бошлиққа киритишарди. У ерда бу хужжат бирма — бир кўрилиб, учта, тўртта жойига сиёҳли муҳр, охирида эса бу муҳрлар ўртасига шоҳнинг муҳрини босишарди. Шоҳнинг муҳрига ҳарфлар билан “ҳақиқат” сўзи ёзилган бўлиб, сўзнинг тагида учта доира шаклидаги белги бор. Хуллас, ҳар бир маслаҳатчининг ўз мирзоси ва қайд китоби бор эди. Мирзолар шоҳнинг муҳри босилган хужжатни кўришлари биланоқ, кечиктирмасдан бўйруқни бажаришарди [8].

Темур томонидан тузулган қонунлар — “Темур тузуклари” асосида бошқарилган. Бу ҳақда А.Темур бундай ёзади: “Салтанатим биносини дини ислом, тўра ва тузук (қонун — қоида) асосида мустаҳкамладим.Салтанатимни бошқаришда учраган ҳар қандай ишни тузукка биноан қилдим. Тўра –тузукка таяниб салтанатни, ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим”[9].

Рус олими Д.Логофет “Темур тузуклари” шундай хулоса қилади: “Европада Конститутция ҳақида тушунчага ҳам эга бўлмаган бир даврда ана шу Темур давлатида Конститутцион қонунлар мажмуаси – Тузук мавжуд бўлган ва амал қилган”[10].

Амир Темур марказий давлат тизими ва унинг иш олиб боришига алоҳида аҳамият берди. Шунинг учун А.Темур марказий давлат тизимини ихчам ва ишчан қилиб тузди ва бу ишда сонга эмас, сифатга эътибор берди. Давлат мансабдор шахсларнинг хусусиятлари ва бурчларини кўрсатувчи қоидаларни ҳам яратди. У айниқса вазир ва лашкарбоши лавозимларига катта эътибор берди. Амир Темурнинг фикрича вазир тўрт сифатга эга бўлиши керак. Булар: 1 — асллик ва тоза насллик, 2 — ақлу — фаросатлилик, 3 — раъиат ва споҳ аҳволидан хабардорлик, 4 — сабр — тоқатлилик ва тинчликсевар. Зоти паст, бузуқи ва нияти ёмон кишиларни давлат идораларига яқинлаштирмаслик керак, деб огоҳлантиради. Ўша даврнинг машҳур тарихчиларидан бири Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” китобида шундай мисраларни учратамиз: “Ҳазрати Соҳибқирон ҳар бир кишини фазли ва донишмандлиги даражасига лойиқ мақомга қўяди”

Амир Темур давлатида ҳар бир амалдорнинг бурчи ва вазифалари қатъий белгилаб қўйилган эди. Ўз қарамоғидаги шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш, масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар, ҳаммомлар, карвонсаройлар ва шифохоналар қуриш, қаровсиз қолган ва қўри ерларни ўзлаштириш учун каналлар ва коризлар қурдириш, қуприклар қўриш ва эскиларини тузаттириш, катта йўллар устига работлар қурдириш, савдо карвонлар, зиёратчилар ва умуман йўловчиларни қароқчи ва йўлтўсарлардан ҳимоя қилиш вазифаси маҳаллий ҳокимлар( дорўға, калонтарлар) зиммасига юклатилган эди.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида салтанатдаги тартиб ва қоидалар ҳақида Султония шаҳрида Темур томонидан аср олинган, кейинчалик унинг Франция қироли Карл 6 ҳузурига юборилган элчиси Иоанн томонидан ёзилган: “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар” асарида ҳам муҳим маълимотлар келтирилган. Жумладан ўз фуқароларига қатор солиқ ва тўловлар ўрнатган бўлсада, ажнабий тужжорларга катта эътибор кўрсатади, уларни айниқса, фаранглар ва насораларни рағбатлантиради, салтанати ҳудудидаги хавфсизликларини таъминлайди[11]. Ужон ва туз солиқлари олинадиган кўп масканларни йўқ қилдирди, бу солиқлар фақат йирик шаҳарларда олинсин деб фармон берди.

Салтанатнинг барча ҳудудларида тужжорлар ҳаётига ҳавф соладиганларга шавқатсиз жазо тайинлади, тужжорларни талаган ўлка аҳли унга (тужжор) таланган мол қийматини икки баробар қилиб қайтаради ёхуд салтанат хазинасига тужжор йўқотган мол — мулк қийматининг беш баробари миқдорида жарима тўлайди. Барча аҳоли масканларида унинг қозилар бор ва у адолатга қаътий риоя қилади ҳамда жиночт қилган ҳар қандай кимсага – кимлигидан қаъи назар шавқат қилмайди, кичик бир жинояти учун каттаю кичик амалдор лар шу заҳотиёқ жазо тайинлайди; жазо асосан жарима шаклида бўлади. Айибдорлар катта миқдорда жарима тўлайдилар. Амалдорлари жуда бой ва тўқ яшашади, шунинг учун улардан катта пул ундирилади, бу пуллар нақт юз хачирга юк бўлади ва улар ҳар йили катта байрам учун сарфланади. Барча шаҳарлар, ўлкалар ўзларининг даромадининг ўндан бири ёки чорагини салтанат хазинасига туширадилар, бу билан унинг хазначилари ва нозирлари шуғулланади. Унинг шахсан ўзи ҳеч кимга озор бермайди ва шундай қилган одамларни қаттиқ жазолайди, зеро у сафардалик пайтида кўплаб шундай ишлар бўлиб туради. Шаҳарлар ва ўлкаларни ўғиллари, жиянлари аёнлари бошқаради: унинг нақд пулда маош бериш одати йўқ, бироқ ўз аёнларига ер — мулк ва бошқа туҳфалар қилади, ўз фармонларига барча ерда сўзсиз итоат этишини истайди[12].

Амир Темур ҳокимят тепасига келиши биланоқ шаҳарларни тиклаш ва ободонлаштиришга киришади. Чунки уларсиз мамлакатда ҳунармандчилик ва савдо — сотиқни ривожлантириб бўлмас эди. Амир Темур айниқса Самарқанд шаҳрининг шон — шуҳратини оширишга эътибор берди. В.Бартолднинг ёзишича, Темур Самарқандда йирик кутубхона қурдириб, унда фақат шарқ тилидаги эмас, балки лотин, грек, арман ва грузин тилларида битилган нодир илмий ва диний асарларни тўплаган эди. Шу равшда Самарқанд Амир Темур империясининг йирик сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази сифатида оламга танилди. Шу даврдан бошлаб Самарқанд “Сайқали рўйи замин аст” яъни ер юзининг сайқали, ҳусни деган таъриф олди. Клавихо шундай ёзади: “Шаҳар ҳар — хил матоларга бойдир. Бу моллар бошқа мамлакатлардан олиб келинади. Чунончи Рус, Татаристондан чарм ва сурп, Хитойдан ипак матолар келтирилади. Дунёда энг яхши ҳисобланган атласлар Самарқандда ишлаб чиқарилади”[13]. Айниқса савдо йўлларининг Самарқанд орқали ўтиши унинг иқтисодий, маданий ва илмий меросига катта таъсир кўрсатган. Миср тарихчиси Ас — Сайир Фарожнинг ёзишича, ўлкамиздан ўтадиган жаҳон савдо — сотиқ йўллари Амир Темур назоратида бўлган ва тижоратдан тушган даромаднинг миқдори Фарангистон қиролининг даромадидан ҳам ортиқ бўлган.

Юқоридаги маълимотлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Буюк Соҳибқирон Амир Темур олиб борган зафарли юрушлар натежасида бирлаштирган мамлакатларда ўрта асрларда ҳукм сурган     тарқоқликка барҳам бериш, илм — фан ва бунёдкорликни ривожлантириш билан бирга фаол дипломатия юритган давлат арбоби сифатида ҳам машҳур эканлигига амин бўламиз.

И.ҚУЛЖОНОВ, Навоий давлат педагогика институти Тарих факультети Ёшлар билан ишлаш бўйича декан ўринбосари 

[1] Каримов И. Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз. Т.: “Ўзбекистон”, 63 — бет.

[2] Жўраев У., Эрматов Б. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида. Тошкент 2007 й. 4 — бет.

[3] “Халқ сўзи” газетаси, 2003 й, 23 январь.

[4] Худайқулов М., Тилаватов Ф. Амир Темур давлати ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни. “Насаф” 2004й.

[5] Жўраев У., Эрматов Б. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида. Тошкент 2007 й. 126 — бет.

[6] Тоғаев О. “Самарқандга Амир Темур саройига…” Тошкент. Ўзбекистон. 2010. 199 — б.

[7] Руи Гонсалес де Киловехо. История Вилекого Тамерлана //Тамерлан. М., “Гураш”, 1992 .

[8] Тоғаев О. “Самарқандга Амир Темур саройига…” Тошкент. Ўзбекистон. 2010. 199 — б.

[9] Темур тузуклари. Т., “Ғафур Ғулом” нашриёти, 1993. 54 — бет.

[10] Сомон йўли. Т., “Камалак” , 1992. 72 — бет.

[11] Жўраев У., Эрматов Б. Амир Темур Европа элчилари нигоҳида. Тошкент 2007 й. 190 — бет.

[12] Ўша жойда

[13] Руи Гонзалес де Килавехо. Дневник путешествия в Самарканд к двору Тимура. М., “Наука”, 1990. С. 139.