Bosh sahifa Yangiliklar ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ ЎТКАЗИЛАДИ?

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА САЙЁР СОЛИҚ ТЕКШИРУВИ ЎТКАЗИЛАДИ?

0

Cайёр солиқ текшируви – солиқ органлари томонидан солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш соҳасида солиқ тўловчиларнинг айрим мажбуриятларини, шунингдек, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларини бажариш бўйича ўтказиладиган текширув бўлиб, унда ҳисобга олиш ҳужжатларининг, товар-моддий қимматликлар ва пул маблағлари ҳаракатининг, шунингдек, солиқ тўловчининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ахборотнинг таҳлили ўтказилади.

Сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун қуйидаги омиллар асос бўлади. Масалан,солиқ хавфини бошқариш тизими орқали аниқланган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш хавфи мавжудлиги аниқланса. Жисмоний ёки юридик шахсларнинг солиқ ёхуд валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатлари, шу жумладан, товарлар ва хизматларнинг нархини асоссиз ошириб юбориш ҳолатлари тўғрисида шикоятлар келиб тушганда.Шунингдек, йўловчиларни енгил автотранспорт воситалари билан ташиш бўйича ноқонуний тадбиркорлик фаолияти, оммавий ахборот воситаларида солиққа ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинганда.Бундан ташқари, ўтказилаётган камерал солиқ текширувини холисона амалга ошириш мақсадида қўшимча маълумотлар олиш зарурати юзага келганда, валюта операциялари амалга оширилишининг асосланганлиги юзасидан мониторинг олиб бориш жараёнида солиқ органи юборган сўровномага солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар ёки ахборот тақдим этилмаган ёхуд тўлиқ тақдим этилмаганда ҳам ўтказилади.Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан солиқ ва валютага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида далолат берувчи ахборот тушганда сайёр солиқ текшируви тайинланади.

Бироқ, сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади.

Солиқ тўловчилар томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши, шу жумладан, улар томонидан назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминаллари қўлланилиши бўйича сайёр солиқ текширувларини ташкил этиш Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq hamkor” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакиллари билан ҳамкорликда назорат харидини амалга ошириш йўли билан ҳам бундай текширишлар ўтказилиши мумкин.

 Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси Матбуот хизмати.