Bosh sahifa Jamiyat ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ БЎЛИБ-БЎЛИБ ТЎЛАШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛАДИ?

ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА СОЛИҚ ҚАРЗИНИ БЎЛИБ-БЎЛИБ ТЎЛАШ ҲУҚУҚИ БЕРИЛАДИ?

0

Қулай ишбилармонлик муҳити ҳақида сўз кетганда аввало, тадбиркорлик учун яратилган имконият ва имтиёзлар назарда тутилади. Шуни жиҳатларни инобатга олганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар бизнес юритишда ҳар томонлама қулай шарт-шароитларни яратишдек пухта ўйланган режалар асосида олиб борилмоқда. 

Биргина мисол, жорий йилдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тадбиркор учун ҳақиқий адолат мезони, дастуриламал ҳужжатга айланди. Масалан, хусусий сектор вакили авваллари давлат бюджети учун йўналтириладиган солиқларни ўз вақтида тўлай олмаса ёки айрим сабабларга кўра тўлов имкониятлари бўлмаса албатта унга нисбатан қонуний чора кўрилар эди. Эндиликда, бирни икки қилиш мақсадида ташаббус кўрсатиб, халқ учун ҳам, давлат учун ҳам изланаётган ишбилармонни қийин ҳолатлар оддий тилда айтганда, суяш мақсадида янги имкониятлар берилди. Яъни, солиқ тўловларини ўз вақтида тўлашда бироз қўли калталик қилган тадбиркор давлат ғазнаси олдидаги қарзларини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятига эга бўлди.

Албатта, ҳар бир ишда тартиб бўлганидек, Солиқ кодексига асосан, солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти маълум мезонларга таянган ҳолда солиқ тўловчиларга тақдим этилади.

Жумладан, солиқ тўловчиларнинг фаолияти даврида табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганда бундай имкониятдан фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, давлат эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилган ҳолларда, масалан, мактаб ёки шифохона барпо этган қурилиш ташкилоти учун ажратиладиган маблағлар тўловидаги кечикишлар қурувчининг солиқ тўловларини кечиктириб тўлаш имтиёзини беради.

Юқорида айтганимиздек, солиқларни тўлаш оқибатида ночорлик ҳамда банкротлик аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганда, тадбиркорга ёрдам қўлини чўзиш мақсадида унга тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Шунингдек, товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга ҳолларда ҳам солиқ тўловчиларга солиқ тўловини бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Хўш, тадбиркорлар учун бундай имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқини беришда қайси давлат органи тегишли ваколатга эга, деган ҳақли савол туғилади.

Хусусан, маҳаллий бюджетга тушадиган солиқлар бўйича қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ҳуқуқи маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилди. Яъни, маҳаллий кенгашлар қарори билан бу имкониятлар амалга оширилади. Шунингдек, солиқ тўловчилар республика бюджетига тушадиган солиқлар бўйича эса солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш юзасидан аризани ўзлари ҳисобда турган ҳудуддаги солиқ органлари орқали Давлат солиқ қўмитасига тақдим этади.

Яна бир муҳим жиҳат, аввалги Солиқ кодексида солиқ қарзини дебиторларидан ундириш тартиби янги кодекс билан бекор қилинди.

Ойбек ЖЎРАҚУЛОВ, Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи