Bosh sahifa Mualliflardan АПОСТИЛЬ НИМА ВА У СИЗГА ҚАЧОН КЕРАК?

АПОСТИЛЬ НИМА ВА У СИЗГА ҚАЧОН КЕРАК?

0

Хабарингиз бор, адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш Давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади. Шу ўринда апостиль ўзи нима, деган савол туғилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги 134-сон қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга «Apostille» махсус штампи қўйиш бўйича давлат кўрсатиш тартибини белгиланган.
Апостиль чет элда Ўзбекистон Республикасининг элчихоналари ёки консуллик муассасалари томонидан содир этилган ҳужжатларга, тижорат ёки божхона операцияларига тўғридан-тўғри алоқадор бўлган ҳужжатларга, паспортга, ҳарбий билетга қўйилмайди.
Апостиль қўйиш масалалари бўйича маслаҳатлар ваколатли орган томонидан берилади. Ариза берувчи давлат хизмати олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда мурожаат этади. Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан махсус сўровномани электрон шаклда тўлдиради. Сўровномага ариза берувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси, хорижий давлат — хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенциянинг (Гаага, 1961 йил 5 октябрь) қатнашчиси ҳудудида фойдаланиладиган расмий ҳужжат киритилади. (Расмий ҳужжатлар апостиль қўйиш учун асл нусхаларда ёки ариза берувчининг хоҳишига кўра нотариал тасдиқланган нусхаларда қабул қилинади) Сўровномага зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва киритгандан сўнг аризачи уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин. Давлат хизматлари маркази ходими томонидан барча ҳужжатлар сканерланади ва 10 дақиқа мобайнида идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида ваколатли органга юборилади. Тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаси шу куннинг ўзида Давлат хизматлари маркази ходими томонидан (курьер ёки буюртма хатлар орқали) ваколатли органга етказилади.
Давлат хизмати кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Тўлов ундирилганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.
Ариза берувчи томонидан ҳужжатлар тақдим этилганлиги, расмий ҳужжатларда тегишли реквизитларнинг (тартиб рақами, сана, имзо, муҳр) ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлмаганлиги ва давлат хизматлари кўрсатиш учун тўловнинг амалга оширилмаганлиги давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
Апостиль қўйиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ваколатли орган ходими тақдим этилган расмий ҳужжатларга апостиль қўяди.
Давлат хизматлари маркази ходими Апостилни рўйхатдан ўтказиш дафтарига тегишли ёзувни киритган ҳолда апостиль қўйилган расмий ҳужжатни ёки апостиль қўйишни рад этиш ҳақидаги хатни тақдим этилган ҳужжатлар билан бирга ариза берувчига топширади. Бунда ариза берувчи томонидан унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.
Маъруфжон РАЙИМОВ,
Кармана туман Давлат
хизматлари маркази етакчи мутахассиси.