Bosh sahifa Mualliflardan ҲАР ГЎДАК – МЎЪЖИЗА, ҚУВОНЧ, КЕЛАЖАК!

ҲАР ГЎДАК – МЎЪЖИЗА, ҚУВОНЧ, КЕЛАЖАК!

0

Инсон умрини дарахтга ўхшатиш мумкин. Баҳорда гуллаб барқ уради, ёзда мевага киради, кузда босиб ўтган йўлига назар солиб, ҳаётини сарҳисоб қилган ҳолда қишга йўл олади.
Кимдир умри давомида на ҳосил беради, на соя. Қандай қуруққўл билан келган бўлса, шундайлигича қайтади. Кимдир эса бутун умрини атрофдагиларга меҳр-мурувват, зиё улашиб, ўз шохлари билан қанча инсонларни қуёшнинг тиғидан асраб ўтади ва кузга бориб умридан мамнунлик туяди.

Биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз ана шундай ҳар бир отаётган тонгни гўдак нафасида кулаётган қуёш янглиғ қаршилайдиган врач-гинеколог Ёрқул ака Ҳотамов ҳақида.
Ёрқул ака 1967 йилда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Деҳқонобод қишлоғида таваллуд топган. Мактабни тугатгач тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Аммо, омади чопмади. 1985 йилда йигитлик бурчини ўташ учун ҳарбий хизматга чақирилди. Ўша йилларда собиқ шўро ҳарбий қўшинлари Афғонистонда байналминал жангларда иштирок этар, жангу-жадал авжи паллага кирган эди.
Бирмунча тайёргарликдан сўнг, сафдошлари сингари Ёрқул Ҳотамов ҳам Афғонистонда жанговар ҳаракатларни олиб бориш учун жўнаб кетади.

ЎЗИНИНГ ҲИКОЯСИ
Бир куни қаттиқ отишмалар тугаб, ҳарбий қисмга қайтаётгандик. Катта йўл четида бир аёл овозининг борича бақириб, қўл силкиб одамларни ёрдамга чақирар эди. Ҳайдовчиман, машинани усти тўла аскарлар. “Душман”лар томонидан ўйлаб топилган бир “ҳийла” бўлиши мумкин, деган ҳадик билан машинани ноилож тўхтатдим. Аёлнинг яқинига бордим, оёқлари орасида янги туғилган чақалоқ “биғиллаб” йиғлаб ётарди. Онанинг илтижоли боқишидан гўдаги киндигини кесимшимни астойдил сўраётгани зоҳирин эди.
Ханжарим билан болани киндигини кесдим-да, онаси қўлига тутқаздим. Аёлнинг кўзидаги қувончни, чақнаган нурни, оналик меҳрни кўриб, қилган ишимдан мамнунлик ҳиссини туйдим. Шу воқеадан сўнг, врач бўлиш истаги менинг катта мақсадимга, ўз олдимга қўйган аниқ вазифамга айланди.
1987 йилда армиядан қайтиб, Самарқанд Давлат тиббиёт институтига ўқишга кирдим. Олийгоҳни тугатиб, шифокор бўлиб ишладим, 2000 йилдан эса Шимолий кон бошқармаси туғруқхона бўлимида ишлаб келмоқдаман.
Дарҳақиқат, фарзандли бўлиш ҳар бир ота-она учун энг қувончли, энг бахтли воқеа ҳисобланади. Ҳув, ўша биринчи бор Афғонистонда жангу-жадаллар ичра йўл устида туғилган чақалоқ киндигини кесганидан бери, Ёрқул Ҳотамов минглаб гўдакларнинг ёруғ дунё юзини кўришига сабабчи бўлган. Мурғаккина нуридийдасини илк бор қўлига олган, гўдагини гул япроғига ўраб, тун-у кун атрофида парвона бўлган минглаб оналарнинг қувонч кўз ёшларига гувоҳ бўлган.
Минг-минглаб она-ота номига мушарраф бўлганларнинг миннатдор сўзларини эшитган Ёрқул ака Ҳотамов, бугун ўзи ҳам ота, ҳам бобо. “Кончи” сиҳатгоҳида кичик тиббий ходим бўлиб ишлаётган Озодахон Ҳотамова билан икки ўғил, икки қизни тарбиялаб вояга етказишди. Қизлари турмушга чиқиб, бахтли яшашмоқда. Ўғли Муроджон Навоий Давлат кончилик институтида таҳсил олмоқда.
Дарвоқе, Ёрқул ака Ҳотамов Афғонистонда ҳарбий хизматда кўрсатган жасоратлари учун “Жасорат”, “Афғонистон халқидан миннатдорчилик” медаллари билан тақдирланган. Тиббиёт соҳасидаги хизматлари учун эса Шимолий кон бошқармасининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.
Умр… Бу қисқагина йўл! Бу йўлда ҳар ким ҳар хил манзилга отланган. Ҳар ким ҳар хил бекатда тушиб қолади. Аммо ҳамма фақат бир мақсад ортидан югуради: БАХТ! Кимдир бахтни жуда олислардан излайди, кимдир ўзининг аллақачон бахтли эканини англамай умрини сарфлаб юборади. Қаҳрамонимиз Ёрқул ака Ҳотамов эса Аллоҳнинг ҳар бир кунига шукроналар айтиб, соғ-саломат дунё эшигини очаётган ҳар бир чақалоқни мўъжиза, қувонч, келажак, БАХТ, деб билади.

Райҳон ҚОДИРОВА,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.