Bosh sahifa Mualliflardan ҲАРБИЙЛАР ҚАНДАЙ СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИДАН ФОЙДАЛАНАДИ?

ҲАРБИЙЛАР ҚАНДАЙ СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИДАН ФОЙДАЛАНАДИ?

0

Навоий шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида ватанпарварлик ойлиги доирасида Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти, ҳужжатда юридик ва жисмоний шахсларга яратилган қулайликларга бағишланган семинар ташкил этилди.

Дарҳақиқат Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 21 бўлим, 71 боб, 480 моддадан иборат. Мазкур ҳужжатга солиқ солиш ва соддалаштириш тартиби бўйича қарийб 120 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Натижада, тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик принципларига асосланган янги солиқ тизими яратилди.

Тадбирда ҳарбийларнинг оила аъзоларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар учун яратилган енгилликлар бўйича тушунтиришлар берилди. Хусусан, аввалги тартибдан фарқли равишда эндиликда солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилгани, якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланган ҳолда тўланадиган солиқ суммаси ўртача 30 фоизга камайтирилиб, уларга солиқларни тўлашни танлаш ҳуқуқининг берилгани таъкидланди. Ёки Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олишда ўзининг, йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг ва хотинининг таълим олиши учун тўловлардан даромад солиғи тўлашдан озод этилгани хусусида маълумотлар берилди.

– Семинарда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун муҳим янгиликлар маълум қилинди,. – дейди Акбар Носиров. – Хусусан, биз хизмат вазифаси билан бир вилоятдан бошқа вилоятга шартнома асосида хизмат қилиш учун сафарбар этиламиз. Бундай ҳолларда вақтинча турар жойимиз билан тузилган ижара шартномани бекор қилишда мулк эгаси ҳам ҳизмат юзасидан маълум муддатга бошқа ҳудудга кетганда бироз ноқулайлик кузатилар этар эди. Солиқ хизмати органлари берган маълумотларга кўра, эндиликда шартномани бир томнлама ҳам бекор қилиш имконияти мавжудлигидан хабардор бўлдик.

Тадбир давомида аскарлар ва ҳарбийлар томонидан солиқ тизимига оид саволларга мутахассислар томонидан асосли тушунтиришлар берилди.

Нуриддин РАҲИМОВ,  Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи