Bosh sahifa Jamiyat Ҳашар сизда қандай ўтди?

Ҳашар сизда қандай ўтди?

0

— Нурота нурли замин. Бу гўшага ободлик ярашади, қани йигитлар манзарали гул кўчатларини олиб келинглар. Токи, марказга кираётган фуқаронинг кўзи қувнасин, деди Нурота тумани ДХМ директори Шахоб Рўзиев.

-Ҳашарда маъно кўп. Ундаги  ҳаракат, одамларнинг ҳазил ҳузули инсон қалбини яйратади. Кексаларимиз бежизга  ҳашар одамларни бирлаштиради, дейишмаган-да. Йигитлар марказ атрофидаги дов-дарахтларни оқлаш, эрга ишлов бериш учун меҳнат анжомларини унутмаганингиз яхши бўлибди, дейди Қаҳрамон Худоёров.

-Ким айтибди, Учқудуқни чўл деб, қаранг қандай кўркам биномиз бор, унинг атрофига кўчатлар экиш, дарахтларига ишлов бериш ҳашардаги азалий удум,- дейди Умар Худойқулов

Тонгдан Навоий вилоятидаги барча Давлат хизматлари марказида ободончилик, кўкаламзорлаштириш юмушлари амалга оширилди. Марказ атрофидаги ариқлар тозаланди, кераксиз ахлат уюмлари чиқариб ташланди. Хотин-қизлар  ойна тозалаш, супур-сидир ишларига бош-қош бўлдилар. Тозалик бор жойда, барака бўлади, дейдилар. Шу боисдан халқимиз ҳашар уюштиришга одатланган. 

-Аслида инсон учун ишхонаси иккинчи уйидек, гап. Эрта тонгдан кечга қадар меҳр берамиз. Чунки, ризқ-у рўзимиз шу даргоҳдан, оиламиз фаровонлиги шу ишхонадан. Унга ҳатто гард юқишини истамаймиз, дейди Кармана тумани давлат хизматлари маркази мутахассиси Марҳабо Норова. Марказларда мутахассислар учун яратилган муҳит замонавий даргоҳлардан қолишмайди. Шундай экан,  унинг бетакрор ва озода кўриниши учун ҳар бир ходим масъул. Шу боисдан ҳашарда ҳамма бел боғлаган. Ким дарахт оқлаган, ким гул кўчатига ишлов бераяпти. Кимдир сув сепган, яна биров эшик дераза озодалиги учун масъул. Ҳа, чиндан ҳашар уюштиришда ҳикмат кўп. 

Зарафшонда ҳашар марказ ҳовлиси чиннидек қилиб ободонлаштирилди. Навбаҳорда ишлар бошқача  ташкил этилди, марказ биноси олдида манзарали дарахт экиладиган ернинг тупроғи алаштирилди. Гул кўчатларига ишлов берилди. Қизилтепада марказнинг ойнаванд эшикларигача тозаланиб, дов-дарахт остига сув қўйилди. Конимехда ҳам арча дарахтларига шакл берилди. Барча  туманларида ҳам ҳашар ўз номига муносиб ўтказилди. 

Хуллас, кўпнинг қўли тегадиган тадбирга чин дилдан киришилди. Ҳашарнинг бўйи басти ҳар бир кўчада, ҳар бир марказда намоён бўлди. Унинг қадри одамларнинг иноқлик ва ҳамжиҳатлигида кўринди. Навоийда Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудлардаги марказларида ҳашар ана шундай ўтди. Сиздачи,  кўпнинг юмуши сизда қандай ўтди?…

ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати