Bosh sahifa Mualliflardan Август ойидан бошлаб Навоий вилоятида яшовчи 3 минг нафарга яқин пенсия...

Август ойидан бошлаб Навоий вилоятида яшовчи 3 минг нафарга яқин пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар қўшимча равишда моддий қўллаб-қувватланади

0

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 12 июлда имзоланган Фармонига мувофиқ, 1 августдан пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг миқдори 1,1 бараварга оширилади. 

Шунингдек, ушбу ҳужжатда ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга, шу жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. 

Хусусан, II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилди. Янги тартибга мувофиқ II-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар пенсиясининг энг кам миқдори ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. 

II-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилди. Яъни, ҳар ойлик пенсияси миқдорига яна қўшимча равишда 55,8 минг сўм қўшилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларининг нафақа миқдорларига қўшимчалар умуман белгиланмаган бўлиб, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб илк бор I-гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи, шу жумладан 16 ёшдан катта болаликдан I-гуруҳ ногиронларига энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида, яъни 55 750 сўм миқдорда ойлик қўшимча тўловлар жорий қилинади.

Боқувчисини йўқотганлик нафақалари оила аъзоларининг сонига нисбатан амалдаги фоиз ҳисобида ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.

Масалан, ҳозирги кунда икки нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ҳар ойда 182,5 минг сўм нафақа олаётган оила, жорий йил августдан бошлаб ҳар ойда 327,1 минг сўм ёки 144,6 минг сўм дан (79,2%) кўп нафақа олишади.

Мазкур, Фармон натижасида вилоятимиз бўйича 3000 нафарга яқин пенсия ва нафақа олувчилар ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланадилар.

Р.ҲАМРОЕВ, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Навоий вилоят бошқармаси Информациялашган-таҳллий ишлар ва статистика сектори бошлиғи