Bosh sahifa Jamiyat БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

БАХТСИЗ ҲОДИСАЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

0

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот ишлари олиб борилишига қарамай, баъзан аҳоли орасида газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатилиши ва унга йилида бир маротаба белгиланган тартибда тўлов  амалга оширилиши борасида тушунмовчиликлар юзага келмоқда.  

Газ жиҳозларининг белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилиши истеъмолчининг кундалик юмушларини хавфсиз бажаришида муҳимдир. Бу ишлар учун йилига бир марта, истеъмолчи хонадонидаги газ жиҳозларининг сонига қараб тўлов амалга оширилиши меъёрий ҳужжатлар билан мустаҳкамланган.

Аҳоли орасида бу борадаги тарғибот ишларининг таъсирчанлигини янада ошириш, газ жиҳозларини техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида “Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати Жамиятнинг масъул ходимлари билан биргаликда Навбаҳор туманига йўл олди. 

Айтиш керак, туманда айни вақтда табиий газдан фойдаланадиган 10416 та аҳолида 14073 та газ жиҳози ва 214 та улгуржи истеъмолчида 290 та газ ускунаси бор. Айни вақтга қадар аҳоли истеъмолчиларининг 6 мингтага яқин газ жиҳозига ва  шартнома тузилган 115 та улгуржи истеъмолчиларнинг 22 та ускунасига техник хизмат кўрсатилган.

 – “Мен узоқ йилдан буён газ таъминоти соҳасида меҳнат қиламан. Аёл киши бўлсамда, газ жиҳозлари билан ишлашга қизиқаман. Филиалда 16 нафар ходим уй ичи газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш йўналиши бўйича банд қилинган бўлиб, мен улар билан хонадонма-хонадон юришга, газ ускуналарининг техник соз ҳолда эканлигига ишонч ҳосил қилишга ўзимни масъул, деб биламан. Ходимларимиз карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолият олиб боришмоқда”, дейди уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Насиба Умарова.

Чилангарларнинг хизмат кўрсатиш сифати ва муомаласи борасида айрим истеъмолчиларнинг фикрлари билан қизиқдик: 

— “Хонадонимда 1 та газ плита, 2 та иситиш печкаси ва 1 та ҳаммом бор. Тумангаз ходимлари белгиланган муддатларда келиб, уларнинг техник ҳолатини кўздан кечиришяпти. Яқинда 4 та газ жиҳозимга хизмат кўрсатилиши учун жами 80190 сўм пул тўладим. Менга чек тақдим этишиб, тўлаган пулимни расмийлаштиришди. Атиги шу пулга бир йил давомида газ жиҳозларимнинг созлиги доимий назорат қилиниши ва лозим бўлганда таъмирланишини айтишганда  хурсанд бўлдим”.

Газ жиҳозларига эътиборсизлик, уларни техник тафтишдан ўтказишга йўл қўймаслик оқибатида содир бўладиган битта бахтсиз ҳодиса туфайли қанча нарса йўқотиш, қанча талафот кўриш мумкинлигини кўз олдимизга келтирайлик.  Бунда нафақат биз, қўни-қўшнимиз, яқинларимиз ҳам азият чекди. Айниқса, жамият биздан ортиқроқ зарар кўради. Буларнинг барчасини олдини олиш эса ўзимизга боғлиқ. 

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати.