Bosh sahifa Loyihalar Балиқ берган сабоқ (Ҳаётий воқеа асосида)

Балиқ берган сабоқ (Ҳаётий воқеа асосида)

0

Бир одам жуда жўрабоз, улфатлар билан бот-бот давра қуришга иштиёқманд киши эди. Ўзига ўхшаган уч-тўртта таниши билан сал баҳона бўлса бас – топганларини ҳавога совураверарди.

Бир куни “Зўр балиқ пиширадиган жой бор, щша ерга борамиз”, дея келишишишди.

— Худо берган ризқни ҳар ерга сочаверманг. Шунча пулни фойдали ишга сарфласангиз бўлади-ку, – хотини ҳар доимги дийдиёсини бошлади.

— Мен ўзим топган пулга еб-ичяпман, бировникига эмас! – ҳар галги жавоб яна бир бор такрорланди.

Белгиланган манзилга боришди. Ўртоқларнинг ҳазил-ҳузул гаплари-ю, ширин суҳбати, “қиттай-қиттай” асносида пиширилган балиқ дастурхонга келтирилди. Таом шу даражада моҳирлик билан тайёрланган эдики, оғизга солинган  маҳал эриб кетарди.

Жўраларини бу ерга чорлаган эркак шу пайт бир дам хаёлга чўмиб, “Ҳозир мен бу ерда маза қилиб балиқ еяпман, болаларим уйда нима еяптийткин?”,  деган ўй хаёлига келди. Соатига қараса кечки 09:00.

Тараддудланиб, ҳозироқ оиласи бағрига жўнай деса – даврани ташкил қилган ўзи – жўралари хафа бўлади. Ўтирай деса, бояги ўй уни фарзандлари томон чорлаяпти. Билинтиримай яна бир буюртма бериб, у тайёр бўлгунча ноилож даврага қўшилиб ўтирди. Гап асносида йиғилганларнинг кайфи таранг бўлиб, тушлик маҳали бошланган улфатчиликни ҳар доимгидан эртароқ якунладилар. То йўллар айрилгунча битта таксида боришди. Сўнг ҳар бири алоҳида-алоҳида мошинада уйига равона бўлди.

Жўрабоши маслт-алас ҳолатда у таксидан-бу таксига ўтириб, қўлидаги нарсаларни ҳам қаергадир қолдириб, дарвозаси олдига келгандагина боллалари учун олганлари ўзида йўқлигини англади. Бир-икки қадам ташлаб ортига қараркан – уни келтириб қўйган такси ҳам анча олислаб кетганди.

Сўкина-сўкина бир амаллаб уйига кириб келса – болалари ухламай, ниманидир кутиб туришибди. Билсаки, отаси бугун экин-тикинга сув қуйиб, боягина экинзорга кирган нақ 3 та зоғорани тутган экан.  Набиралар оналари пиширган таомдан ҳам емай, боболари тутган балиқдан тановвул қилишни кутиб туришганмиш.

Бу ҳолатни кўрган улфатчи отанинг бадани муздай совиб кетди, кайфи ҳам тарқалди. Ана шу “балиқ” воқеасидан кейин шу-шу таниш-билишлар учун бот-бот ресторан-у, ошхоналарда ёзиладиган дастурхнлардан тийилиб, топган-тутганини оиласига келтирадиган одат чиқаради.

Озод МУСТАФОЕВ.