Bosh sahifa Jamiyat БАРЧА ХИЗМАТ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРДА КЎРСАТИЛМОҚДА

БАРЧА ХИЗМАТ БЕЛГИЛАНГАН МУДДАТЛАРДА КЎРСАТИЛМОҚДА

0

Бугун эпидемиологик вазият сабабли чет элга саёҳат, тўй-марака, кўнгилочар тадбирларни бироз кечиктириш мумкин ва уларсиз ҳаёт тўхтаб қолмаслигини халқимиз англаб етди. Аммо юртимизда кўпгина соҳалар қатори газ таъминоти соҳасидаги ишлар ҳам бир зум бўлсин тўхтагани йўқ. Фақат тизим ходимларининг масъулияти ва хавфсизликка бўлган талаб зарурат туфайли янада ошди.

“Нуротатумангаз” филиалининг уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш бўлими ходимларининг асосий иш йўналиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январда қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга қаратилган. 

Улар томонидан ҳудуддаги табиий газ билан таъминланадиган аҳоли ва улгуржи ҳамда суюлтирилган газ истеъмолчиларининг газ жиҳозларига белгиланган муддатларда хизмат кўрсатиб келинмоқда. 

Туманда айни дамда табиий газдан фойдаланадиган 8542 та аҳоли ва 72 та улгуржи истеъмолчи, шунингдек суюлтирилган газ билан таъминланадиган 17 147 та хонадон мавжуд. 

— “Ушбу йўналишда 10 нафар чилангар фаолият олиб боради, — дейди бўлим бошлиғи Абдулло Бобоқулов биз билан суҳбатда. – Уларнинг 9 нафари аҳоли ва 1 нафари улгуржи истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига хизмат кўрсатади. Ўртача бир ойда икки мингтага яқин  газ жиҳозларига хизмат кўрсатиляпти. Иш жараёнида ходимларимизга, аввало, муомала маданиятига эътиборли бўлиш, карантин талабларига тўлиқ риоя қилиш зарурлигини тушунтиряпмиз. Шунингдек, истеъмолчиларга замонавий, тежамкор газ ускуналарининг афзалликлари, қулайлиги, уни ўрнатиш орқали газ сарфини сезиларли даражада иқтисод қилиш мумкинлиги тушунтирилиб, тарғиб қилинмоқда”.

Бугун коронавирус деб аталмиш кўзга кўринмас офат сабабли боғча ёшидаги болаларимиз уйда бўлиб, уларга ҳар доимгидан ҳам кўра эътиборлироқ бўлишимиз талаб этилмоқда. Айниқса, уларни газ плитаси ёнига яқин келишларига, ундан рухсатсиз фойдаланишларига йўл қўймаслигимиз зарур. Бундай пайтда газ жиҳозларимизнинг соз ҳолда эканлигига тўла ишонч ҳосил қилишимиз, уларни ўз вақтида мутахассис кўригидан ўтказишимиз ўзимиз ва яқинларимизнинг хавфсизлигини таъминлайди.Бу ҳақда тумандаги “Адизобод” қишлоғида яшовчи Эргаш ака Қудратов шундай дейди:

– “Кейинги вақтларда газ плитамда олов ҳар доимгидан бошқача рангда ёнадиган бўлди. Оқибатда овқат тайёрланадиган, чой қайнатадиган идишларимиз қорая бошлади. Шу орада тумангаз филиали ходимларининг газ жиҳозларимизга хизмат кўрсатиш учун келгани айни муддо бўлди. Газ плитамда носозлик кузатилган экан. Улар таъмирлаб беришди ва бундай пайтда зудлик билан мутахассисларга телефон қилиш кераклиги, йўқса, ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кузатилиши мумкинлигини айтишди. Энди оилам ва яқинларим учун ҳам газ жиҳозларимнинг созлигига янада эътиборли бўламан”.

Истеъмолчи сифатида ҳар қандай эътиборсизлик ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини бир он бўлсин унутмайлик. Зеро, “зангори олов” бизга фақат яхшилик учун хизмат қилсин.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати.