Bosh sahifa Mualliflardan Барчаси ҚҚС тўғрисида

Барчаси ҚҚС тўғрисида

0

 

Янги солиқ режими жорий этилиши муносабати билан, қўшилган қиймат солиғи, уни ҳисоблаш, тўлаш тартиблари тўғрисида газетхонлар ҳамда солиқ тўловчиларга тушунтиришлар беришни сўраб вилоят давлат солиқ бошқармаси                                                                       солиқ маъмуриятчилиги билан ишлаш бўлими солиқ бош инспектори Ғ.Абдуалимовга мурожаат этдик. У қуйидагиларни маълум қилди.

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон солиқ тизимида қўшилган қиймат солиғини амалиётга татбиқ этиш бошланди. Қўшилган қиймат солиғи ўзи нима? Барчага бирдек тушунарли бўлиши учун унга таъриф бериб ўтсак. Қўшилган қиймат солиғи билвосита солиқ ҳисобланиб, мазкур солиқ суммаси маҳсулот қийматига киритилгани учун унинг ҳақиқий тўловчиси бўлиб маҳсулотни ишлаб чиқарувчи эмас, балки шу маҳсулотнинг охирги истеъмолчиси ҳисобланади.

Ø Умумбелгиланган тартибда солиқ тўловчи юридик шахслар  
Ø Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан иш ва хизматларни олувчи юридик шахслар  
Ø Товарларни импорт қилувчи юридик ва жисмоний шахслар  
Ø Ягона солиқ тўловини тўловчи юридик шахслар (ихтиёрий асосда)  
Ø Оддий ширкат шартномаси бўйича ишларини юритиш зиммасига юклатилган юридик шахс  
Ø Қурилиш ташкилотлари – молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича
Ø 2019 йил 1 январдан бошлаб ўтган йил якунлари бўйича ёки жорий йил давомида реализация қилиш обороти белгиланган 1 млрд.сўм чегаравий миқдордан ошган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтадилар.  
   

Товарлар импорт қилинганда солиқ солинадиган база товарларнинг божхона қиймати асосида унга товарларни импорт қилишда тўланиши лозим бўлган акциз солиғи ва божхона божларининг суммаларини қўшган ҳолда аниқланади. Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан импорт қилинган иш ва хизматларга ушбу хизматларни олувчисида солиқ солинади. Мазкур нормани қўллаш мақсадида, реализация қилиш жойи Ўзбекистон ҳудуди бўлиши керак. Солиқ солинадиган база ушбу ишлар, хизматларни олувчисида норезидент томонидан кўрсатилган ишлар ва хизматларнинг қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

Қўшилган қиймат солиғининг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. Қўшилган қиймат солиғини тўлаш ҳар ойда, кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай амалга оширилади. Тадбиркорлик фаолияти доирасида фойдаланиладиган кўчмас мулк сотиб олинганда, барпо этилганда, устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида олинганда олувчи қўшилган қиймат солиғи суммасини 36 календарь ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Асосий воситалар (бундан кўчмас мулк мустасно) ва номоддий активлар сотиб олинганида, устав фондига (устав капиталига) ҳисса сифатида олинганда, олувчи қўшилган қиймат солиғи суммасини уларни фойдаланишга топширган пайтдан эътиборан 12 ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Қурилиши тугалланмаган объект сотиб олинганда (барпо этилганда) солиқ тўловчи қўшилган қиймат солиғи суммасини уни фойдаланишга топширган пайтдан эътиборан 36 ой давомида тенг улушларда ҳисобга олиш ҳуқуқига эга. Асосий воситалар, номоддий активлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш даври тугагунига қадар реализация қилинган тақдирда, ҳисобга олиниши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғининг қолган суммаси тўлиқ ҳисобга олинади. Мол-мулкни молиявий ижарага, шу жумладан лизингга беришда ҳисобга киритиладиган қўшилган қиймат солиғининг миқдори тўлиқ ҳисобга олинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган товарлар бўйича тўланган ҚҚС ҳисобга олинмайди.

Ҳисобга олиш механизми қандай амалга оширилади?

Келинг бу механизм амалда қўлланилишини ишлаб чиқариш тармоғи мисолида кўрайлик. Сир эмас, бугунги кунда ишлаб чиқариш бу мураккаб жараёнларни қамраб олувчи соҳа ҳисобланади. Хом ашё тайёр маҳсулот кўринишига келгунга қадар бир неча қайта ишловлардан ўтади. Масалан, енгилсаноат соҳасида, пахта толаси биз ҳар замон киядиган оддий кўйлак ҳолатига келиш учун аввал калава ипга айланади, сўнг, калава ипдан мато тўқилади, сўнг мато бичилиб, ундан кўйлак тикилади. Демак мазкур жараёнда пахтани қайта ишлаш корхонаси пахта толасини калава ип ишлаб чиқарадиган корхонага сотади, калава ип ишлаб чиқарадиган корхона ўз маҳсулотини тўқимачи корхонага сотади, тўқимачи корхона эса ишлаб чиқарган матосини мазкур занжирдаги охирги бўғини ҳисобланган кўйлак тикувчи корхонага сотади. Мисол учун, пахтани қайта ишлаш корхонаси пахта толасини (120 сўмга, шу жумладан 20 сўм ҚҚС билан) калава ип ишлаб чиқарадиган корхонага сотади. Калава ип ишлаб чиқарадиган корхона пахта толасидан калава ипни ишлаб чиқаради ва унга 50 сўмлик харажатлари ҳамда устамасини қўшиб 20 % ҚҚС ҳисоблаган ҳолда тўқимачи корхонага жами 180 сўмга (шундан ҚҚС суммаси 30 сўм) реализация қилади. Бунда, калава ип ишлаб чиқарадиган корхона пахтани қайта ишлаш корхонасига тўлаб берган 20 сўмлик ҚҚС суммасини калава ип таннархига обормасдан ҳисобга олади.

Тўқимачи корхона калава ипдан мато тўқийди ва унга 50 сўмлик харажатлари ҳамда устамани қўшиб 20 % ҚҚС ҳисоблаган ҳолда кўйлак тикувчи корхонага жами 240 сўмга (шундан ҚҚС суммаси 40 сўм) реализация қилади. Бунда, калава ип ишлаб чиқарадиган корхонага тўлаб берилган 30 сўм ҚҚС суммаси мато таннархига обормасдан ҳисобга олади. Кўйлак тикувчи корхона матодан кўйлак тикади ва унга 50 сўмлик харажатлари ҳамда устамасини қўшиб 20 % ҚҚС ҳисоблаган ҳолда охирги истеъмолчига жами 300 сўмга (шундан ҚҚС суммаси 50 сўм) реализация қилади. Бунда, тўқимачи корхонага тўлаб берилган 40 сўм ҚҚС суммаси кўйлак таннархига обормасдан ҳисобга олади. Демак ҚҚСни ҳисобга олиш орқали бюджетга жами 50 сўм ҚҚС тўланади, шундан пахтани қайта ишлаш корхонаси – 20 сўм, калава ип ишлаб чиқарадиган корхона – 10 сўм (30 сўм – 20 сўм), тўқимачи корхона – 10 сўм (40 сўм – 30 сўм) ва кўйлак тикувчи корхона – 10 сўм тўлайди (50 сўм – 40 сўм). Энди эса, шу корхоналарнинг бири ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаса ўртадаги занжир узилади ва ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси “йўқолиб қолади”. Натижада оҳирги маҳсулотнинг, яъни кўйлакнинг нархи ошиб кетади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш технологик асбоб-ускуналарни етказиб бериш контракти шартларида назарда тутилган бўлса. Импорт қилинган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши қўшилган қиймат солиғи тўлаш бўйича мажбуриятлар тикланган ҳолда бекор қилинади.

ҚҚС бўйича қонун бузилиш ҳолатлари

Хусусан, ҚҚС тўловчиси бўлмаган корхона томонидан ёзиб бериладиган ҳисобварақ-фактураларда ҚҚС суммасини акс эттириш тақиқланади.

Солиқ кодексининг 118-моддасига мувофиқ ҚҚС солинмайдиган товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда, шунингдек ҚҚС тўловчиси бўлмаган маҳсулот етказиб берувчилар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишда ҚҚСни ҳисобварақ-фактурада акс эттирганлик маҳсулот етказиб берувчиларга ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасининг 20 % миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бунда маҳсулот етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт.

Товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олувчиларга нисбатан жарима солиш қўлланилмайди ва улар ҚҚС бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китоб қилмайди.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби

 Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва солиқ мажбуриятларининг бажарилишида корхоналарнинг маъмурий харажатлари ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида жорий қилинмоқда. Мазкур тартиб солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини берадиган ўтиш чораси бўлиб, 2021 йил 1 январгача бўлган даврга жорий қилинади. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини айланмаси 3 млрд.сўмдан ошмайдиган корхоналар қўллаши мумкин. Мазкур тартибга ўтиш солиқ органларига белгиланган шаклда тақдим этилган аризага асосан амалга оширилади. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг мазкур тартиби ихтиёрий ҳисобланади яъни, корхоналар қўшилган қиймат солиғини стандарт тартибда тўлашга ўтишлари ҳам мумкин. Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби акцизости товарлар ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланувчи корхоналарга нисбатан татбиқ этилмайди. Соддалаштирилган тартиб бўйича қўшилган қиймат солиғи харид қилинган товар (иш, хизмат)лар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда соф тушумдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади. Соддалаштирилган тартибда ҳисоблаб чиқарилган қўшилган қиймат солиғи суммаси стандарт тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси томонидан ҳисобга олиниши мумкин бўлади. Бу ва бошқалар тўғрисида кейинчалик яна тўлдирилган маълумотларни баён этамиз.

Ж.УМИРЗОҚОВ, Навоий вилоят ДСБ ходими.