Bosh sahifa Yangiliklar БАРМОҚЛАР РАҚСИГА ИШОНГАН ТАҚДИРЛАР (2-қисм)

БАРМОҚЛАР РАҚСИГА ИШОНГАН ТАҚДИРЛАР (2-қисм)

0

Жонкуяр устоз Гўзал Шодиева, фидоий санъаткор Жумадулла Раметов томонидан ташкил этилган кар-соқовлар учун мўлжалланган театр группаси вилоятлар бўйлаб гастрол сафарларини ташкил этса, болажонлар учун ўз репертуаридаги “Зумрад ва Қиммат”, “Қақилдоқ” саҳна кўринишлари, катталар учун эса “Беш кунлик куёв”, “Афандининг беш хотини” каби спектаклларини намойиш этиб маҳзун чеҳраларга табассум ҳадя этса ўйлайманки адолатдан бўлади.

photo_2019-04-08_08-53-45 (2)

Ҳудудларда фақатгина фаол навбатчи ёшлар иштирокида фестиваллар ташкил этиб стадион бўйлаб югургандан кўра, олис қишлоқларда сукунат ичида ўз оламида яшаётган болажонлар учун, оила-рўзғор ташвиши деб умрида театр кўрмай ўтаётган имконияти чекланган хотин-қизларимиз учун кўчма театрлар ташкил этилса ишонаманки, кўзларидаги севинч ёшларини биринчи марта сиз кўрасиз.

Аксарият давлатларда давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатадиган ташкилотлар учун алоҳида дастур асосида сурдотаржимонлик курслари ташкил этилган.

photo_2019-04-08_08-53-43

photo_2019-04-08_08-53-42

photo_2019-04-08_08-53-39

Қолаверса, мазкур ташкилотлар кадрлар заҳирасида албатта сурдотаржимонлик бўйича мутахассис штати ҳам шакллантирилади. Бу эса, фуқаролик жамияти шаклланиши, барча фуқаролар учун ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва давлатнинг ижтимоий муҳофазасидан тенг фойдаланиш имконини яратади.

Энг асосийси, бу эшитиши, гапириши заиф фуқаролар ўз юртида ўзини чет элликдек ҳис этмаслик каби салбий дунёқарашдан сақлайди.

Қани эди, юртимизда ҳам мазкур соҳада Президент қарорлари ижросини янада кучайтириш, мазкур ташкилотларда сурдо таржимонлик бўйича штат, ўқув курслари фаолияти жонлантирилса уларнинг муаммолари ва дарду-ташвишлари ечимини топади.

Бу давлат хизматлари марказида нафақа пули учун келган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида жиноятчи эмаслигини исботлаш учун жон куйдираётган, тижорат банкларида омонат ставкалари ва банк қулайликлари бўйича етарлича маълумот ололмаётган, дўконларда истеъмолчи сифатида ўз эътирозларини айтолмаган, врач қабулида боши қотган бемор  юртдошларимиз қадамлари тетик ва ишончли бўлади.

Эртага биздан сўнг фарзандимизга ким йўл кўрсатаркан, уни ким кўчага олиб чиқиб таржимонлик қиларкан, ўз ҳақ-ҳуқуқларини қандай талаб қиларкан, жамиятга қандай мослашаркан  дея хавотирда юрган ота-оналар чеҳраси ёришади. Мазкур фуқароларнинг аксарияти махсус мактаб-интернатини тугатгач, катта ҳаётга қадам қўяди. Аммо бозор иқтисодиёти, рақобат учун муносиб иш топиш, хавфсизлик техникаси шартлари каби сабаблар туфайли улар ўз ҳаётларини йўлга қўйишда қийинчиликка дуч келади.

photo_2019-04-08_15-17-36

Масалан, иш берувчи меҳнат хавфсизлиги қоидаларидан келиб чиқиб гапириш, эштиши имконияти чекланган фуқароларга иш бериш ҳақида кўпам бош қотирмайди. Чунки жавобгарлиги бор.

Оқибатда иш вақтида соатлаб ғийбат қилиш, телефонда саёҳат қилиб кун ўтказишдек ярамас одатлардан йироқ бўлган иш унумдорлиги юқори бўлган  ишчи кучи бой берилмоқда.

Қани эди ҳар бир вилоят, туман кесимида уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида кичик ва ўрта бизнес соҳалари, тадбиркорлик субъктлари фаолияти кенгайтирилса, ўзи шундоғам кўп имкониятлардан маҳрум инсонлар ҳеч бўлмаганда қулай ва ишончли меҳнат шароитларида фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Олмазордан бошланган эзгу ишлар…

2018 йил. Олмазор туманидаги кар-соқовлар маркази. Юртбошимиз марказнинг 6 гектар ҳудуди ободонлаштириб, бунёд этилган  450 ўринли концерт зали, тўгарак хоналари, спорт заллари, асосийси тикувчилик цехида 100 нафар имконияти чекланган хотин-қизлар билан кўришиб, марказга махсус автобуслар совға қилганлигини эслайман.   Қолаверса, мутасадди раҳбарларга  имконияти чекланган фуқароларнинг яшаш шароити, дам олиши, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши айнан давлат назоратида экани, яқин муддатда кар-соқов болаларнинг саводхонлиги, тарбияси, ишлаши ва даволаниш шароитларини яхшилашга қаратилган топшириқ берганлиги ҳозиргача ёдимда.

Олмазордан бошланган эзгу ишлар Андижоннинг Хонободидан то Қорақалпоғистоннинг Берунийсигача йўлга қўйилса халқ рози бўлади.

photo_2019-04-08_08-53-42

Мисол учун сиз тадбиркорсиз, ўз-ўзидан шафқатсиз бозор иқтисодиёти шароитида рақобатдош маҳсулот тарафдорисиз. Мижозлар ишончи ва меҳрини қозонмоқчисиз? Марҳамат, маҳсулотингиз қадоқ қоғозига сурдо алифбоси шаклида “Лолахон”, “Раънохон”, “Донохон” исмларини худди юқоридагидек қилиб ёзиб чиқаринг.

Мен кафилман. Айнан сурдо тилида ўзининг исми ёзилгани учун имконияти чекланган юртдошим шу маҳсулотни сотиб олади. Эҳтимол унинг 5 нафар фарзанди, 28 нафар набираси, келин, куёв, қудалари ҳам бор. Сизда эса бир маҳсулот миллионлаб юракларни зарб этиш имконияти бор.

Яхна ичимлик, колбаса, ширинлик ва қандолат маҳсулотлари дейсизми, энди у ёғи тасаввурингизга боғлиқ…

Пандусли бино қуриш дегани бу ногиронлар учун имконият яратиб бўлдик дегани эмас!

Умиджон. Миллионлаб юртдошларимиз меҳрини қозонган, ғафлатдан уйғотган, қалбларда шукроналик, шу юрт корига яраш, жисмоний соғлом бўлишдан кўра қалбан соғлом бўлиш олий бахт эканлигини исботлаган Ал-Хоразмий авлоди.

photo_2019-04-08_08-53-44

Сизни билмадиму, мен фақат Умиджон учун шу танловни томоша қилдим. Чунки ҳаёт луғатидаги “шукроналик”, “ҳаёт қадри” каби ҳақиқатлари ёдимга қайта солди.

Аслида “Ёш китобхон” танлови рамзий ғолиби Умиджон. “Бир кам дунё. Яратган бир томондан олса, бошқа томондан қўшиб беради” деган ҳақиқатни яна бир бор исботлади.

Энди тасаввур қилинг, 30 ёшгача бўлган эшитиш, гапириш имконияти чекланган ёшлар ўртасида ҳам “Ёш китобхон” танлови ташкил этилса, имконияти чекланган Умиджондек 14 та ҳудуддан зукко ёшларимиз китобхонлик танловида беллашса ҳаяжон 14 карра ошмайдими?

Пандусли бино қуриш дегани бу ногиронлар учун имконият яратиб бўлдик дегани эмас!

Уйма-уй юриб битта эшитиш мосламасини тарқатиш бу кар-соқовлар учун барча шароитлар муҳайё дегани эмас.

Брайл алифбосида бадиий китобларни чоп этиш бу кўзи ожизлар жамияти қошидаги босмахона фаолияти мукаммал дегани эмас.

Хулоса ўрнида, мазкур таклифлар ижроси янада кенгайтирилса юртимизда жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг реабилитацияси, ижтимоий интеграцияси, бандлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади.

Шундай экан, бир ҳақиқатни эсдан чиқармайлик. Дунёда туғилган ҳар бир инсон борки, бахтли бўлишга ҳақли.

                  Жонибек ШУҲРАТОВ, «Карма овози» газетаси жамоатчи мухбири.