Bosh sahifa Tahlil БАРМОҚЛАР РАҚСИГА ИШОНГАН ТАҚДИРЛАР (Жамият ҳаётида сурдотаржимонликнинг аҳамияти хусусида)

БАРМОҚЛАР РАҚСИГА ИШОНГАН ТАҚДИРЛАР (Жамият ҳаётида сурдотаржимонликнинг аҳамияти хусусида)

0

   (1-қисм)

Cтатистик маълумотларга қараганда дунёдаги ҳар тўққизинчи кишида эшитиш ё гапиришда муаммолар мавжуд. Мана қарийиб 60 йилдирки БМТнинг ташаббуси билан сентябрь ойининг охирги якшанбаси Халқаро эшитмайдиганлар куни сифатида нишонланади. Мақсад уларда жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси эканлигидек ҳақиқатни сингдиришдан иборат.

Юртимизда ҳам бу борада  2017 йил 1 август куни  давлатимиз раҳбарининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда  2018 йил 11 июнда “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бугунги кун эса ушбу норматив-ҳужжатларнинг ижросида эскирган тарғиботлардан эмас, балки замонавий инновацион тарғибот лойиҳаларидан фойдаланишдек вазифани олдимизга қўймоқда…

“BOLAJON”га таклиф

Кунимиз “BOLAJON”  билан бошланиб шу канал билан тугатaмиз. Ишдан чарчаб келганда қотиб қолган елкаларни қучадиган, юмшоқ қўлчалари билан “ачом”лаб компьютерда қизарган кўзларимиздан ўпадиган жаннат райҳонларига бир нима деб бўладими?

photo_2019-04-08_08-56-35

photo_2019-04-08_08-53-41 (2)

Аммо, Яратганнинг синови билан хонадонимизда камол топаётган шовқинли дунёда жимгина яшаётган кар-соқов ташҳиси қўйилган болам экранда эртак айтаётган Бобурнинг сўзларини тинглай олмаса, мендан сўрай олмаса алам қиларкан. Қани эди, ушбу каналда берилаётган кўрсатувлар хориж каналларидек сурдотаржимон орқали намойиш этилса, бола мурғак қалби билан эртаклар орқали дунёни англаса, қўшиқлар мазмунидан қувониб, сакраб ўйнаса бу бахтимиз эмасми?

Сурдотаржимонлик бўйича мутахассисларга эҳтиёж катта. Нега?

photo_2019-04-08_15-31-33

Туризм – бу замонавий дунёда чексиз инвестиция, фаровон  келажак гарови. Араб давлатлари нефть қарамлигидан қутилишнинг ягона чораси туризм соҳасида эканлигини БАА мисолида кўрсак бўлади.Энди ўйлаб кўрайлик, халқаро статистика бўйича дунёда 360 миллион (шундан 32 миллион нафари 9% болалар)гапириш, эшитиш имконияти заиф инсонлар истиқомат қилади. Бироқ ушбу болалар учун сурдотаржимонлар, сайёҳлик учун сурдогидлар етарлими? Айтайлик, Ўзбекистонга 100 нафар эшитиши заиф сайёҳлар келди. Нима қиламиз? Қаерга борамиз? Барча вилоятларда фаолият кўрсатаётган сурдотаржимон штати берилмаган, моддий-техник базаси абгор Кар-соқовлар жамиятигами ёки Марказий Осиёдаги ягона сурдотаржимонлик бўйича мутахассислик тайёрланмайдиган Самарқанд Ипак йўли халқаро туризм университетигами?

photo_2019-04-08_08-53-39

Худо кўрсатмасин, бахтсиз тасодиф туфайли ушбу тоифадаги фуқаронинг уйига ўт кетди, сув тошди. Салқин ҳавода куни билан ўйнаган боласининг тунда иссиғи кўтарилди. Шунда у кимга ва қандай мурожаат қилади? Телефон орқали видеомулоқот қилай деса яқинлари ширин уйқуда, телефонни кўтармаяпти. Шунда у тез ёрдам, фавқулодда вазиятлар, тезкор газ хизматидаги навбатчи диспетчер билан видеомулоқот қила оладими?

Ўзи гапира олмагани, аёли забонсизлигидан эзилсада, бурро-бурро гапираётган қизчасининг ҳаётини сақлаб қолиши учун мазкур хизматлар ташкил этилиши кучайтирилса  ҳаётдан рози бўлади.

photo_2019-04-08_16-09-29

Бугун  дунёда кар-соқовлар учун ягона сурдо тили мавжуд бўлишига қарамасдан алоҳида шева ва лаҳжалар шаклланмоқда. Борган сари оилада ўйлаб топилаётган турли имо-ишора лар оқибатида сурдо тили грамматик қоидаларига амал қилмаслик сабаб бошқа давлатларни қўйиб турайлик битта махсус мактаб-интернатда ўқиётган болалар партадошининг баъзи ишораларини умуман тушунмасликкача бормоқда.

Агар эшитишида муаммоси бор фуқароларнинг саводхонлиги, тарбияси, жамиятда фаоллигини ошириш мақсадида махсус оммавий-ижтимоий сайт ишга тушса, 10 киши эмас бутун жамият бу сайт фаолиятидан хабардор бўлса уларда келажакка бўлган ишонч яна ортади.

Бу нима дегани? Бу улар ҳам жигарларимиз, улар ушбу сайт орқали эълон қилинган бандлик,  дам олиш ва даволанишга оид махсус имкониятлардан хабардор бўлса, ҳеч кимдан кам эмаслигини ҳис этсин дегани.
Бу мазкур сайт фақатгина юртимизда яшаётган 30 минг нафардан ортиқ  мазкур юртдошларимиз учун эмас балки Ўзбекистонда яшаётган барча фуқаролар учун ҳам ахборот  ҳам мулоқот майдони дегани.

Суратда кўрганингиздек, бутун дунё бўйлаб ушбу тоифа инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, уларни жипслаштирадиган сайтлар яратилган. Ён қўшнимиз Қозоғистонда ҳам худди шундай сайт бор. Бизда ҳам бу иш амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Навоийда илк бор жомеъ масжидларида ҳар жума намози куни кар-соқовлар учун сурдотаржимонлик ташкил этилди

photo_2019-04-08_15-19-29

Хабарингиз бор, Ўзбекистон тарихида илк бора жорий йилдан бошлаб Навоий ҳамда Тошкент вилоятидаги жомеъ масжидларида ҳар жума намози куни кар-соқовлар учун сурдотаржимонлик ташкил этилди. Жума маърузаларини  сурдотаржима воситасида  етказишдек маърифий тарғибот йўлга қўйилди. Хайрли амал.

Қани энди ОАВ каналларида эфирга узатилаётган барча диний кўрсатувлар худди “Маданият ва маърифат” канали каби сурдотаржима орқали намойиш этилса, фуқаролар соф Ислом таълимоти, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик каби қадриятлардан баҳраманд бўлса жипслигимиз янада мустаҳкамланади.

Институтларда “Дефектология” йўналиши каби махсус сурдотаржимонлик йўналишлари ташкил этилса уларга барча йўналишларда сифатли хизмат кўрсатиш имконияти шаклланади.

Айнан кар-соқовларга ихтисослаштирилган махсус мактларда “Дунё динлари тарихи” фанидан дарс бераётган ўқитувчиларнинг диний-маърифий саводхонлиги оширилса, фарзандларимиз тўғри йўлдан адашмайди.

                  Жонибек ШУҲРАТОВ,  «Карма овози» газетаси жамоатчи мухбири.