Bosh sahifa Jamiyat БЕРУНИЙ БЎЛИШГА ШОШИЛМАЙЛИК!

БЕРУНИЙ БЎЛИШГА ШОШИЛМАЙЛИК!

0

Ўтган ой бошларида қурилиш ва томорқада ишлатиладиган ашёлар сотиладиган савдо марказига кириб, тўғриси ҳанг-у манг бўлиб қолдим. Сабаби бу ерда биз қишлоқдаги юмушларда ишлатадиган ускуналарнинг – кўплаб қулайликларга эга камида 10-20 хил турлари бор эди. (Ваҳолангки, биз уларнинг энг ибтидоий “вариант”ларини ишлатиб юрибмиз!) Оддий болғанинг кўплаб турларини кўриб ҳайратда қолдим. Сотиб олмасамда омбир, болта, токқайчи кабиларни бирма-бир қўлимга катта қизиқиш билан кўрардим. Сабаби уларнинг ҳар бир тури алоҳида-алоҳида “стартап” – униси бунисидан афзал, ўзига хос қулайликка эга янги ихтиро эди.   

Маҳсулотларнинг бошқа томонига аҳамият қаратганимдан сўнг, вужудим қанчалик шиддат билан шавққа тўлган бўлса, шу даражада тезда ҳафсалам пир бўлди. Сабаби бу товарларнинг бирортаси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган эди. Ҳартугул, мен бундай ёрлиқни излаб тополмадим. 

Нега бу фикрларни баён қиляпман? 

Ўтган йили мамлакатимизда “инновациялар йили” эди. Жорий йилимиз эса “илм-маърифат йили” бўлди. Ўтган йилдан бошлаб юртимизда ҳеч қачон кузатилмаган ҳодиса юз берди, яъни одамларнинг ихтирочиликка бўлган қизиқиши рағбатлантирила бошланди. Телевидениеда баъзи жойларда қўлбола машина ва ёки шунга ўхшаш нарсалар яратилгани “пиар” қилинди. Айниқса, ёшлар орасида “Ёш ихтирочилар клуби”, “Ёш инновациячилар тўгараги” кабилар фаолиятини йўлга қўйиш ҳам “урф”га кирди. Навоий вилоятида ҳам худди шундай тўгараклар ташкил этилгани, ҳатто вилоят ҳокими томонидан юзмиллионлаб маблағлар айнан ихтирочи ёшларга тақдим этилгани юзасидан оммавий ахборот воситаларида бот-бот ёритилди. Бугунги кунда бу тўгараклар ишлаяптими-йўқми — билмадим. 

Ҳақиқатда ёшларимиздан умид катта. Ўтган йили улар томонидан бир қатор —  мен ўзим гувоҳ бўлганим навоийлик ёшлар бирйўла кўплаб юмушларни бажарадиган роботлар, инновацион тез тиббий ёрдам машиналари ва шу каби “ихтиро”лар қилинди. 

Яқинда яна бир шундай ёш вакилимизнинг коронавирус инфекциясини аниқловчи қурилма ихтиро қилганлиги ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинди. Бу яхши “уриниш”, албатта. Бироқ, биз кимни алдаяпмиз? 

Бугун дунёнинг не-не олимлари устида бош қотираётган масалани бизнинг мактаб ўқувчиси ҳал қилди, десак уят эмасми? Айб аввало бизда — катталарда, ёшларда эмас. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига тўғри баҳо беролмаётганимизда. Ихтирочилик рағбатлантирилаётган бугунги даврда уларнинг бу лаёқатини – ички қувватини тўғри йўналтира олмаётганимизда. Айрим масъул идоралар учун ихтиро қилишса бўлди, нимани ихтиро қилишаётгани билан эса уларнинг иши ҳам, дарди ҳам йўқ. Улар мақтаниш учун “Навоийлик ёшлар фалон-фалон нарсаларни яратди”, деса бўлди. 

– Афсуски, биз яшаётган жамиятда, вилоятимизнинг ўзида юзлаб “троллар” бор, – дейди Навоий шаҳридаги “Сенсорика” МЧЖ раҳбари Норбек Арзиев. – Улар ҳайбаракаллачилар. Ёлғон нарсани  бор деб кўрсатиб, “биз буюклар авлодимиз”, дея қуруқ гаплар билан ижтимоий тармоқларда пост қолдирадиганлар. Бундай кайфиятдан воз кечишимиз кеарк. Бугунги давр қарсакбозлик даври эмас. Айни пайтда ҳар бир нарсага танқидий кўз билан қарашимиз лозим.  

Ёшларнинг интилишини сўндирмаган ҳолда айтмоқчиманки, Беруний бўлишга ошиқмайлик. Бу қайсики маънода, яъни Беруний фақат илмий исботлари учунгина буюклик даражасига кўтарилақолмаган. Бобомиз аввало илми, одоби, сабри, тақвоси (бу рўйхатни яна узоқ давом этиш мумкин) юксак бўлгани учун катта салоҳиятга эга бўлган. Келинг, яхшиси ихтирони робототехника, радиосигналлар орқали ишлаёдиган бошқа мураккаб қурилмалар ясашдан эмас, оддий омбирдан ёки токқайчининг мутлақо янги турини ясашдан бошлайлик. Зеро, (!) мана ҳозир пилла қурти боқадиган вақт келди. Ишни енгиллатиш учун қишлоқларимизда пилла боқадиган минг-минглаб инсонларга инновацион токқайчилар керак!

Озод МУСТАФОЕВ, Навбаҳор тумани