Bosh sahifa Ijod БИЛАГУЗУК (Бўлган воқеа)

БИЛАГУЗУК (Бўлган воқеа)

0

Дурдона ҳар эрталаб қизини мактабга кузатаркан, унинг ўрим сочларини силаб, “Катта танаффусда ошхонадан, албатта, иссиқ овқат олиб егин, йўқса, очқаб, толиқиб қоласан”, деб тайинлайди. Мадина онасининг меҳрибончилигидан хурсанд бўлиб, бош ирғаб, “хўп” ишорасини қиладида, хайрлашиб чиқиб кетади. Дурдона ҳам кўнгли хотиржам бўлиб, хавотирсиз ишга отланади.

Қизи мактабдан қайтар вақт Дурдона иш қоғозларини бир четга сурди-да, уйига қўнғироқ қилди. Гўшакни Мадина олди. Доимгидек, қисқа муддатли “тергов” бошланди.

— Қизим, яхши келдингми?

— Ҳа, ойижон.

— Уйга вазифаларни топширдингми?

— Ҳа, ойижон.

— Дарсларга яхши қатнашдингми?

— Ҳа, ойижон.

—Иссиқ овқат едингми?

Қизи негадир бу гал жим турди. Дурдона ҳайрон бўлиб, қайта-қайта сўрагач,  тўғрисини айта қолди.

—Мактабга боришда кўча бошида бир холанинг билагузуклар сотаётганини кўргандим. Қайтишда овқатга берган пулингизга шундан битта олдим, ойижон.

Дурдонанинг озгина жаҳли чиққан бўлса ҳам қизининг кўнглини аяб, танбеҳ бермади. Бирор ширинлик ейишини тайинлаб, гўшакни қўйди.Қиз бола-да, ҳаваси келгандир, деб ўзича кулди ҳам.

Эртаси куни Дурдона қизига кўпроқ пул бериб, “ҳар қандай вазиятда овқатланишингга пул ажрат, соғлигинг учун фойдали”, дея уқтирди. Аммо қизи мактабда яна овқатланмаганини эшитиб, хуноби ошди. Бу гал берган пулига иккита билагузук олганмиш. Ғалати. Ўша хола Мадинани бирор нима деб алдаяптимиёки мактабдаги овқатлар унга ёқмаяптими? Дурдона нима ўйлашни билмади.

Энди у янада вақтлироқ туриб, қизи учун ўзи ул-бул пиширган бўлдида, сумкасига солиб қўйди. Мадина бундан хурсанд бўлса ҳам негадир ойиси яна пул беришига ишонди. Дурдона буни сездию эътибор қилмасликка уринди. Қизи билан бирга мактабга боришга, масаланинг ечимини қидиришга қарор қилди.

Кўча бошига борганда, Мадина хурсанд бўлиб, ойисини ўша хола томонга бошлади. Дурдона ҳам “бир кўрай-чи”, деб унга эргашди. Билагузуклар дид биланяхши ишланмаган, аммо сотувчи уларни кимгадир алдаб ёки мажбурлаб “тиқиштирадиган”га ўхшамасди. Шу он Мадина онасига яна битта билагузук олиб беришини истаб, ялинганнамо қаради. Онаси бошқа керак эмаслиги, уйда қанчаси тургани, барибир тақмаётганини айтиб, койиди. Қизи йиғлашни бошлагач, харид қилишга мажбур бўлди.

Мадинани мактабга қўйгач, ишга кетаркан, қизи нега ғалати одат чиқаргани, ёшига мос бўлмаган, кераксиз матоҳларга пул сарфлашга қизиқаётгани, илгари ҳеч бунақа қилмаслиги ҳақида ўйлади. Кейин “Дадаси билан мен кечгача ишда бўлганимиз учун унга етарлича вақт ажратолмаяпмиз. Бу тарбиясига салбий таъсир кўрсатяптими”, дея ўзини айблай бошлади. Ишдан қайтгач, албатта, у билан бу ҳақда бафуржа гаплашиб олиш, керак бўлса, ишини ўзгартиришни режа қилиб қўйди.

Кечки овқатдан кейин Дурдона қизини ёнига чақириб, ўзгариб қолганининг боисини, шу тақинчоқлар унга нима учун керак бўлаётганини сўради. Тўғрисини айтмаса, буни дадасига билдиришга мажбурлигини айтди. Мадина, гўё, ростдан ҳам айб иш қилиб, уни тан олаётгандек бош эгди. Нима дейишни билмади. Онаси сўроққа тутавергач, қўрқиб гап бошлади:

— Менга тақинчоқлар керак эмас. Аммо ўша холанинг оёқ кийими эскириб қолган, таги ҳам тешик экан. Кунлар совуқ, шамоллаб қолади. Қор, ёмғир ёғса кўчада қандай қилиб юради? Агар билагузукларини тезроқ сотса, пулига янги оёқ кийим олиши мумкин, деб ўйладим.

Дурдона бир зум жим қолди. Кейин қизини бағригақаттиқ босди. Унинг ўзгаларга эътиборли, раҳмдил ва меҳрибон бўлиб улғаяётганидан қувонди.

Зебо ҚУТЛИЕВА, Қизилтепа тумани.