Bosh sahifa Mualliflardan Бир кунда 6 та маҳалла аҳолиси учун мобил автобусда давлат хизматлари кўрсатилди

Бир кунда 6 та маҳалла аҳолиси учун мобил автобусда давлат хизматлари кўрсатилди

0

Қизилтепа тумани аҳолиси талаби ва ташаббуси билан Давлат хизматлари Агентлигининг мобил автобуси вилоят марказидан йўлга тушди. Боиси, тумандаги маҳаллаларда мобил автобус ташриф буюриб, график асосида аҳолининг юкини енгиллатгани, одамларнинг жойида муаммолари ечилаётганини «Шейхон» маҳалласининг одамлари хабар топибдилар. «Бизнинг қўшни қишлоқдан қаеримиз кам», деган қишлоқ аҳолиси учун тизимнинг мобил автобуси ҳам хозиру нозир бўлди. Тан олиш жоиз, бу ҳудуд фуқаролари анча ташаббускор ва тадбиркор. Қизилтепа- мамлакатда кузатилаётган ҳар бир воқеа ҳодиса, йўлга қўйилаётган ислоҳотларни англаб, ҳуқуқий томондан «мағзини» чақиб, юрт тараққиёти учун бел боғлайдиган ўз аҳоли қатламига эгалиги билан бошқа туманлардан фарқланади.  Бу ҳудуд фуқаролари ўз ҳуқуқини яхши танийди ва бурчини ҳалоллаб адо этади. Бир сўз билан мард ва танти одамлар.

Тўғриси, Қизилтепа тумани давлат хизматлари маркази мутахассисларининг аҳолига сайёр хизмат кўрсатиши ҳар кунги амалга оширадиган юмуши. Аммо, халқнинг талаби билан хизмат кўрсатишда барибир ҳаяжон бўларкан. Бободўғи, Оқработ, Ғамхўр, Азизобод, Шейхон маҳаллалари қўшни вилоятнинг Ғиждувон тумани билан чегарадош. Англаганингиздек, бу ҳудуд туман марказидан анча олисдаги қишлоқлар ҳисобланади. Халқ билан қилинган мулоқот ва мобил автобусда кўрсатилган хизмат туфайли кўпгина аҳолининг ечимталаб масалаларига ижобий кўмак берилди.

«Биргина автобусда шунча хизмат. Бу халқнинг бир талай вақтини тежайди-ку»,  дейди «Ғамхўр» маҳалла оқсоколи Меҳриддин Ҳожимуродов. Давлат хизматлари билан бирга адлия, туман ФХДЁ бўлими, нотариус хизматига эҳтиёжи бор одамлар қишлоқнинг ўзида муаммоси бартараф этилганидан хурсанд. Шу куни 6 та маҳаллага хизмат кўрсатган мобил автобус кечга яқин 58 нафар фуқаронинг давлат хизматига бўлган мурожаатини қабул қилди.

Шунингдек, аҳолига жойида ҳам хизмат кўрсатилди, ҳам тарғибот тадбирлари ўтказилди. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-533- сонли Қонуни, «Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги  ПҚ-4231-сонли Президент қарори мазмун моҳияти юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. Бундан ташқари, ишсизлик ва имконияти чеклнаган, қаровчисини йуқотган фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик юзасидан мурожаатлари қабул қилинди ва тегишлилиги бўйича ваколатли идораларга етказилди.

Дилшод ЗАЙНИДДИНОВ, Қизилтепа туман ДХМ бўлим бошлиғи.