Bosh sahifa Jamiyat БИРДАМЛИК — СИНОВЛИ КУНЛАРНИ ЕНГИШГА ҚОДИР

БИРДАМЛИК — СИНОВЛИ КУНЛАРНИ ЕНГИШГА ҚОДИР

0

“Зарафшон шаҳрининг 6 та ҳудуд аҳолиси суюлтирилган газ билан таъминланади. Биз белгиланган режа-график асосида уларнинг эҳтиёжини қондиришга, тизимда муаммо бўлмаслигига ҳаракат қиламиз. Очиқ айтиш керак, карантин даврининг бошланишида таъминотни ташкил этишда истеъмолчи билан бирга соҳа мутахассислари кўнглида ҳам бироз ҳадик бўлди. Ўзимиздан кўра, истеъмолчи хавфсизлиги ва саломатлигини кўпроқ ўйладик. Бироқ вазиятдан келиб чиқиб, тезкорлик билан ҳамма қулайлик ва шароит ташкил этилди. Ходимларимиз махсус форма ва кўзойнаклар билан таъминланиб, дезинфекция ишлари учун транспорт воситаларида зарур имкониятлар яратилди. Фаолиятимизни хавфсизликни таъминлаган ҳолда узлуксиз равишда давом эттираяпмиз”. 

“Зарафшоншаҳаргаз” филиали суюлтирилган газ бўлими етакчи муҳандиси Ҳасан Узоқов карантин даврида аҳолига хизмат кўрсатишнинг мураккабликлари ва тезкор чоралар ҳақида ўз фикрларини бизга ана шундай баён этди. 

Дарҳақиқат, бугун бошқа ҳудудлар сингари зарафшонликлар ҳам синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Аҳолига, уларга қулай шароит яратиш ва муаммоларини бартараф этишга “бел боғлаган” масъулларга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Аммо бирдамлик  синовли кунларни енгишга қодирлигини бугун воҳа аҳли яхши ҳис қилиб турибди. 

Айни вақтда шаҳарнинг “Мурунтов”, “Даугистов” қўрғонлари, “Янги Зарафшон” ва 19-кичик туманнинг “Юлдуз” маҳаллалари, “Аурум” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳамда “Караката” овул фуқаролар йиғинларида жами 1877 та истеъмолчи суюлтирилган газ билан таъминланади. Шу ўринда айтиш керак, истеъмолчи сони ўтган ойга нисбатан 22 тага ошиб, қўшимча газ баллонлар ҳам шунга яраша шакллантирилган. 

“Мурунтов” ва “Даугистов” қўрғонлари туман марказидан олисда жойлашгани учун, уларда 223 та захира газ баллонларини сақлаш учун сервис маркази, яъни омборхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу омборхоналарда истеъмолчиларни қабул қилиш жойи мавжуд бўлиб, мутахассислар карантин талабларига риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишмоқда. Истеъмолчи қабул қилиб олган газ баллонини хонадонида ўзи ўрнатишига йўл қўйилмайди. Бунинг учун алоҳида ходимлар бириктирилган. Шаҳарнинг бошқа ҳудудларида эса газ таъминоти ходимларининг ўзлари махсус транспорт воситаларида ҳар бир хонадонга маиший газ баллонларни етказиб, ўрнатиб беришяпти. 

Филиалга қарашли 105 та газ баллон орқали истеъмолчиларга “айланма” усулда хизмат кўрсатилмоқда. Аҳамиятли томони, ҳудудда коронавирус туфайли оғир вазият ҳукм суришига қарамай, жорий йилнинг июль ойига белгиланган 20,920 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режаси биринчи ўн кунликдаёқ 48 фоизга бажарилди. Бу муваффақиятда ушбу йўналишда хизмат қилаётган чилангарларнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар иш сифатига, шунингдек, назорат тарозилари, истеъмолчидан қабул қилинган ва уларга берилган маиший газ баллонларнинг дезинфекция қилиниб, зарарсизлантирилишига алоҳида аҳамият беришяпти. 

Улар аҳолига зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни ҳам тавсия қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати.