Bosh sahifa Yangiliklar БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ИСМАЛОҚ ЁКИ КЎЗГА КЎРИНМАС МАҲАЛЛИЙ «ИНВЕСТИЦИЯВИЙ САЛОҲИЯТ»...

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН ИСМАЛОҚ ЁКИ КЎЗГА КЎРИНМАС МАҲАЛЛИЙ «ИНВЕСТИЦИЯВИЙ САЛОҲИЯТ» ҲАҚИДА

0

Бугунги кунда юртимиз иқтисодини ривожлантиришда юксалиш нуқталарини белгилаш  ва ҳудудларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини юқори босқичга олиб чиқиш омилларини аниқ рақамларда белгилаб олиш муҳим саналади. Жойларда аҳоли учун иш ўринларини ташкил этиш эса аввало мавжуд имкониятларга янги назар билан қарашга ҳам боғлиқ.

Бу борада оддий мисол келтирадиган бўлсак, яқин йилларга қадар уй шароитида тайёрланган бир қатор маҳсулотлар бугунги кунда технологик асосда  ишлаб чиқарилиб, бежирим қадоқларда харидорларга етказилмоқда. Хусусан, маҳаллий кичик бизнес субъектларимиз томонидан тайёрланаётган оддийгина қурт  маҳсулоти нафақат ички бозорга, балки экспортга ҳам йўналтирилаётгани эътирофга лойиқ.Аслида хонадонларимизда, жумладан томорқаларимизда етиштирилаётган жуда кўплаб маҳсулотларни тизимли равишда ишлаб чиқариш ва ҳатто дунё бозорига йўналтириш ҳам мумкин. Қиш фаслида ҳам томорқамизнинг бир бурчига яшил тус бахш этиб турувчи, қолаверса витаминга бой исмалоқ хусусида ҳам шундай дейиш мумкин.

Дунё экспортида исмалоқнинг ўрни

Исмалоқ ўта совуққа чидамли яшил баргли, эрта баҳорда, шунингдек, баъзи жойларда кузда ва ҳатто қишда экиш мумкин бўлган экин тури ҳисобланади. Темир моддасига бой бу сабзавотнинг дунё бўйлаб экспорти йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, Хитой йилига 24 миллион тоннадан зиёд исмалоқ ишлаб чиқаради ва мазкур давлат ушбу маҳсулот экспортида жаҳонда етакчи саналади. Исмалоқ экспорти 2019 йилда дунёда жами 394,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

кремли исмалоқ салати
кремли исмалоқ салати

Ўтган 2020 йил  — пандемия давридагина мазкур рақам пасайди, холос.  2019 йилда жаҳон миқёсида исмалоқ экспортининг 97,2 фоизи асосан 15 та мамлакат ҳиссасига тўғри келган. Бу Хитойдан ташқари Америка Қўшма Штатлари, Испания, Италия, Мексика, Нидерландия, Франция ва асосан Европадаги бошқа мамлакатлардир. Аслида 2015 йилга қадар дунё бўйича исмалоқ экспортчилари асосан Бельгия, Мексика, Нидерландия ва Дания эди.

Японча исмалоқли салат
Японча исмалоқли салат

Кейинчалик жаҳонда фермер хўжаликлари ушбу маҳсулотга дунё бозоридаги юқори эҳтиёж борлигини инобатга олиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига вазият ўзгарди. Бугунги кунда асоан Европа мамлакатлари энг йирик исмалоқ импортиёрлари ҳам ҳисобланади.  

АҚШ тажрибаси

Исмалоқнинг келиб чиқиши Осиёнинг жануби-ғарбий қисми билан боғлиқ. Араблар томонидан ХI асрда мазкур маҳсулот аввал Испанияга олиб келинган  ва шу ердан Европага тарқалган. XIX асрга бориб эса АҚШда аҳолининг кундалик таомномасидан исмалоқдан тайёрланган хушхўр овқатлар ўрин ола бошлайди. Шу тариқа бу маҳсулот АҚШда кенг етиштирила бошланган. АҚШда 2016 йилда жами 47,500 гектар майдонда исмалоқ етиштирилиб,  ҳосил йиғиб олинган. Калифорния энг йирик исмалоқ ишлаб чиқарувчи штатдир. Калифорниядан ташқари яна уч штат, яъни Аризона, Ню-Жерси ва Техасда ҳам фермерлар исмалоқ тижорати билан шуғулланишади. Мазкур ҳудудлар АҚШда етиштириладиган жами 98 фоиз исмалоқни экиб, параваришлайди. Ушбу мамлакатда исмалоқни етиштирувчилар уни қайта ишлаб, музлатилган ва консерваланган ҳолатида бозорларга чиқаришади. 2016 йилда АҚШда янги исмалоқ учун фермер хўжаликларининг ўртача нархи ҳар юз килограмм учун 50,60 долларни ташкил этган эди. Кейинчалик ушбу рақам бир оз кўтарилди. Консерваланган исмалоқнинг ўртача нархи музлатилган исмалоқдан анча паст саналади.

қадоқланган исмалоқ
қадоқланган исмалоқ

Исмалоқ бизнесида асосий харажатлар ўрим-йиғим жараёнлари билан боғлиқ. Ишлаб чиқариш харажатларининг 56 фоизи айнан шу жиҳатга алоқадор. Исмалоқни йиғиб олиш ва унга ишлов бериш фақатгина қўлда бажарилади. Яъни, исмалоқ етиштиришда жуда кўп ишчи кучи жалб этилади.

Исмалоқ борасидаги сўнгги илмий изланишлар

Исмалоқ — нафақат дунё фермерлари, балки олимларнинг ҳам нигоҳидаги ўсимликдир. www.euronews.com сайтининг яқинда берган хабарига кўра, АҚШ олимлари электрон почта хабарларини юборишга қодир исмалоқ ўсимликлиги турини ихтиро қилишди. Нанобиотехнология орқали МИТ универститети биомуҳандислари исмалоқни портловчи моддаларни аниқлашга қодир сезувчан ўсимликка айлантирдилар. Янги турдаги ўсимлик илдизлари ер ости сувларида нитроароматик моддалар мавжудлигини аниқлаганда (кўпинча миналар сингари портловчи моддаларда мавжуд бўлган бирикма) ўсимлик барглари таркибидан инсон кўзига кўринмайдиган фермент ажралади. Ушбу “сигнал” инфрақизил камера ёрдамида аниқланиб, махсус қурилма тегишли электрон почтага огоҳлантириш юборади.Ушбу тажрибанинг мақсади асосан ер таркибининг ифлосланиш ва атроф-муҳитнинг бошқа ҳолатлари тўғрисида аниқ маълумотларни эрта аниқлашдан иборат. Исмалоқда катализатор вазифасини бажарадиган бирикмаларнинг муҳим элементлари бўлган темир ва азотнинг кўплиги туфайли у махсус танланган.

 Хулоса ўрнида

Буюк ҳаким Ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида исмалоқнинг фойдали хусусиятлари ҳақида шундай деган: “Бунда ювувчи, тозаловчи қувват бор. Сафрони қаттиқ ҳайдайди. Кўпинча меъда унинг қайнатмасини тусамайди”. Шунингдек, аллома бу ўсимликнинг ични юмшатиш, танани тозалаш, аъзоларни саратондан сақлаш билан боғлиқ фойдалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

музлатилган исмалоқ
музлатилган исмалоқ

Умуман олганда, исмалоқ нафақат шифобахш ўсимлик, балки уни етиштириш мўмай даромад келтирадиган бизнес тури ҳам саналади. Бугунги кунда гарчи ички бозорларимизда исмалоқ билан савдо-сотиқ ишлари олиб борилсада, у ҳудудларимизга хос кўзга кўринмас “инвестициявий салоҳият” ҳам саналади. Яъни, эндиликда мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ва жаҳон бозорига йўналтириш хусусида ҳам бир ўйлаб кўриш керак.