Bosh sahifa Mualliflardan БИЗНЕСИНГИЗНИ ОНЛАЙН ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗА ОЛАСИЗМИ?

БИЗНЕСИНГИЗНИ ОНЛАЙН ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗА ОЛАСИЗМИ?

0

Нима қилсам ўз бизнесимни очаман, қандай қилсам тадбиркорлигим ривожланади,  турмушим фаровонлиги ошади, деб қўлида бизнес ғояси билан иккиланиб турган ёшларни ДХА Навоий вилояти бошқармасининг ёшлар етакчиси амалий ўқув анжуманига таклиф этди. “Минг бор эшитгандан, бир бор кўрган афзал”, деган гап бор халқда. Ёшлар Иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишувдан бошланди.
Марказда фуқаролар учун яратилган имкониятлар, мутахассислар имиджидан тортиб, уларнинг  муомала маданияти ва давлат хизмати кўрсатиш жараёни ёшларда катта таассурот қолдирди. Ўқувчи ёшлар электрон навбатда туриб, хизмат ҳам олдилар. Марказдаги мўъжаз кутубхона, ўз-ўзига хизмат бурчаги, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кафетерийлар,  фуқаролар учун яратилган турли қулайликлар  талабалар  дунёқарашида ижобий фикр уйғотди.
Улар марказда тадбиркорлигини давлат рўйхатидан ўтказаётган жисмоний ва юридик шахслар ҳаракатини ҳам кузатдилар. Шундан сўнг,бизнесини марказдан онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш истагида бўлган ёшлар учун  мастер класс ўтказилди. Учрашув баҳс мунозараларга бой бўлди. Уйда туриб, ўзи оиласи учун давлат хизматларидан фойдаланишнинг афзалликлари хусусида фикр алмашилди. Тадбир доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” лойиҳаси ўтказилди. Бошқарма раҳбарияти билан учрашув жараёнида йигит қизлар раҳбарлик қобилияти ва салоҳияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.
Шундан сўнг, анжуманнинг амалий қисми бошланди. Кармана туманида 80 дан ортиқ  одамни ишли қилган, қиш фаслида ҳам  халқ дастурхонига бодринг помидор етказиб турган маҳаллий ёш тадбиркор йигит  ҳамда калава ип йигириш фабрикасини йўлга қўйган  қизнинг тадбиркорлик ишлари жойида бориб ўрганилди. Ҳар иккала ёш тадбиркор бизнеси юзасидан ҳуқуқий билим ва маслаҳатларни айнан давлат хизматлари марказлари орқали олганлиги таъкидладилар. Ёшлар учун ташкил этилган мазкур анжуман уларнинг бизнес очишида асқотиши тайин.
Алишер ЗИЯДОВ, ДХА Навоий вилояти бошқармаси ёшлар етакчиси