Bosh sahifa Jamiyat Навбаҳордаги маҳаллаларнинг бирида: берк кўча муаммоси

Навбаҳордаги маҳаллаларнинг бирида: берк кўча муаммоси

0

Ёз кунларининг бири. Тун. Соат тахминан 02.40 атрофида  Навбаҳор тумани, “Янги обод” маҳаласи, “Боғзор” кўчасидаги хонадонларнинг бирида ёнғин  содир бўлди. Қўни-қўшнилар  ярим  тун бўлишига қарамасдан дарҳол ёрдамга шошилди.

Зудлик билан  ёнғин  хавфсизлиги бўлимига  қўнғироқ  қилинди. Тезда  етиб келган ўт ўчирувчилар эса кўча бўйлаб айрим уй эгалари томонидан қурилган ноқонуний иморатлар сабаб ёнғин ўчоғигача  етиб боришолмади.  Олов батараф этилди.  Аммо, хонадоннинг катта қисми талафот  кўрди.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқларни оралар экансиз ички йўллар устида  айрим фуқаролар томонидан тош, қум ва шу кабиларни тўкиб, аҳоли ва машиналар қатновига салбий таъсир кўрсатилаётганига гувоҳ бўласиз. Баъзи ҳудудларда эса ноқонуний бинолар барпо этилиши оқибатида торайиб қолган йўлларни ҳам учратиш мумкин. “Боғзор”нинг берк кўчага айланиб қолгани ҳам кўп йиллик муаммо, аслида.

Гап шундаки, айрим аҳоли томонидан молхона, товуқхона каби иншоотлар мазкур  ички  йўл устида қурилгани боис кўча беркилиб қолган. Мазкур масала юзасидан ҳудуд фаоллари туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарига сўров юборган. Туман ҳокими ўринбосари эса масалани ҳал қилиш бўйича туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғига кўрсатма беради. Ушбу бўлим мутахассислари муаммони жойида ўрганиб, гарчи мурожаат ўринли бўлсада, мазкур кўча бош режасиз қурилгани сабаб, йўл устидаги иморатларни “ноқонуний”, деб топмайди. Оқибатда, “Боғзор”даги мумаммо ечимсиз қолиб келмоқда.

Мазкур маҳалла биринчи сектор ҳудуди саналади. Албатта, бу ердаги муаммога энг биринчи масала сифатида эътибор қаратиш, аҳоли учун қулайлик яратиш аввало, сектор раҳбари зиммасида.

Шу ўринда мутасадди такшилотлар масалага жиддий эътибор қаратиб, қишлоқларимиз ҳудудида йўлни тўсиб қўйиш ҳолатларини ўрганган ҳолда бу каби вазиятларга нисбатан таъсирли чоралар кўришса, фойдадан ҳоли бўлмасди. Сабаби, “Боғзор”даги фавқулодда ҳолат бошқа ҳудудларда ҳам юзага келмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

И.САТТОРОВ,

Навбаҳор тумани.