Bosh sahifa Jamiyat “БОДИ КАМЕРА”ЛАР МУАММОЛИ ҲОЛАТЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛЯПТИ

“БОДИ КАМЕРА”ЛАР МУАММОЛИ ҲОЛАТЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШГА ХИЗМАТ ҚИЛЯПТИ

0

Вилоятимизда йил бошидан ҳозирга қадар йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан 9 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрь кунида эълон қилинган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари жами 185 дона махсус камера билан таъминланган бўлиб, бугунги кунда уларнинг барчасидан хизмат фаолияти давомида самарал фойдаланилиб келинмоқда. Боди камералар келиб чиқаётган айрим низоли ҳолатларни тўғри ҳал этишда муҳим аҳамият касб этяпти.
Яқинда Кармана туманида худди шундай ҳолат кузатилди. М. исмли ҳайдовчи қоидани бузганлиги сабабли ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилади ва баённома расмийлаштирилади. Шундан сўнг ҳайдовчи бундан норози бўлиб, юқори идораларга мурожаат қилади. Аризасида эса ҳеч қандай қоидабузарлик қилмаган бўлса-да, ЙПХ инспектори унга нисбатан нотўғри маъмурий баённома тузганлигини қайд этади. Бироқ, боди камерадаги тасвирлар кўздан кечирилганида аслида ҳолат бошқача бўлгани, инспектор қонун доирасида иш кўргани маълум бўлди. Шунингдек, Навоий шаҳри ҳудудида хизмат ўтаётган ЙПХ инспектори Ш. исмли ҳайдовчини светафорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб ўтиб келганлиги сабабли тўхтатади. Ҳайдовчи шошиб турганлиги учун мазкур хатога йўл қўйганлигини айтиб, кечирим сўрайди ва мазкур қоидабузарлиги ўрнига бошқа қоидабузарлик ёзиб беришини сўрайди. Инспектор бундай қила олмаслигини, қандай қоидабузарлик содир этилган бўлса, айнан шу бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилишини айтади. Бундан норози бўлган ҳайдовчи ноҳақ маъмурий чора кўрилди, мазмунида ариза билан мурожаат қилади. Боди камерадаги тасвирлар ҳолатга ойдинлик киритиш учун кўриб чиқилганида эса ҳақиқий вазият ойдинлашди.
– Боди камералар ишга тушганидан буён бошқармамизга 10 га яқин худди шундай муаммоли ҳолатлар бўйича аризалар келиб тушди, – дейди вилояти ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, капитан Фарруҳ Якубов. – Энди ноҳақ ва туҳмат мазмунида мурожаат қилувчи фуқаролар шикоят қилишдан олдин чуқурроқ ўйлаб кўришга мажбур бўлишмоқда. Чунки туҳмат учун қонунда жавобгарлик кўзда тутилганлигини улар яхши билишади.
Қайд этиб ўтиш лозим, кўплаб қоидабузарликлар пиёдалар айби билан ҳам содир этилаяпти. Энг ачинарлиси, уларнинг катта қисми ёшлар.
– Йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтиш ёки бу вақтда телефон ҳамда бошқа воситалардан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилади, – дейди бошқарманинг биринчи сафарбар гуруҳи инспектори, катта сержант Шохрух Ўктамов. – Автоҳалокатларнинг келиб чиқишида шу каби омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда аҳолига кенг тушунтириш олиб бораяпмиз.
Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, бугунги кунда вилоятдаги ҳар бир мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги хоналари ташкил этиш ишлари олиб бориляпти. Ҳар бир таълим даргоҳига бир нафардан инспектор бириктирилган бўлиб, улар ҳафтанинг муайян кунида ёшлар иштирокида тарғибот ишларини олиб боради.