Bosh sahifa Bu qiziq Бухоро амирининг эътиборига тушган карманалик полвон ким эди?

Бухоро амирининг эътиборига тушган карманалик полвон ким эди?

0

Ҳайит полвон Найза ўғли Бухоро амири, Кармана беклигининг номдор полвонларидан бири бўлган. 1867 йили Кармана туманининг Дўрман қишлоғида туғилган. Иши ўтинкашлик бўлган. Майизак ота, Тирик ота (Кармана туманининг жануби, Малик чўли томонда) тоғлари ён бағирларидан қуриган саксовул шохларини  йиғиб келиб, кулолларга пуллаб, шу билан тирикчилик қилган.

— Бир куни, — деб  ҳикоя қилар экан хончорбоғлик Қўчқор бобо мирзабоши, полвоннинг ўғли Муродга, — Ҳайит Тошкамарда ухлаб қолибди. Ўша куни ҳаво оппоқ туман бўлган. Ғойибдан бир куч ўтинкашнинг елкасига туртган. Икки шона ўртаси зирқираб, ўрнидан туриб кетган.

— Тур!.. Карманага бор!.. Кураш бўлаяпти, — дебди ёнгинасида пайдо бўлган Хизир бобо. Билаклари кучга тўлганини, ўзида ғайриоддий қувват пайдо бўлганини сезган Ҳайит жонҳовул Кармана аркига ошиқибди.

Арк майдонида тумонат одам, ўртада кураш авжида. Ўтинкашнинг ғужури қўзиб, ўзини ўртага урибди.

— Эй, Ҳайит, ҳали сен ҳам кураш тушасанми?, — дебди ўртакашлар ҳайрон бўлиб.  Ўртага чиққан  полвонларни Ҳайит талабгор бўлиб бирин — кетин йиқитавергач, ҳалойиқ жунбушга келибди. Майдонда Кармана атрофидан келган Қиёт, Варқ, Жалойир, Хоссақўрғон, Ҳазора, Урганжи, Султонобод қишлоқларидан Аҳад полвон, Саҳат Полвон, Даврон полвон (Бужи полвон ҳам дейишган), Рустам полвонлар бор эди. Ўша куни Ҳайит Найза ўғлини полвон деб тан олишибди.

Бухоро амири Кармана беклигига қарашли, бир томони Дўрман, у ёғи Хоссақўрғонга туташ бўлган Зарафшон ёқасидаги Урганжи, Чуют қишлоқларига яқин бўлган Худойқул тепанинг атрофида сайиллар уюштирарди. Кўпкари, кураш сайилнинг асосини ташкил қилган. Узоқ юртлардан ҳам бу беллашувга полвонлар, чавондозлар  келишган.

Ана шундайлардан бири қаршилик Теритоз лақабли полвон эди. Курашда унга тенг келадиган бўлмаган. Ўртада олишгани йиқилавергач:

— Бизда полвон борми?, — деб амирнинг хуноби чиқибди. Мулозимлари:

— Иккита батрак қолди. Бири Ҳайит туркман, иккинчиси Ғаффор урганжи, — дебди.

Ҳайит келбатли, ғўладор, чайир. Ғаффор эса қориндор, жуссаси йирик бўлган.

Амир Абдулаҳадхон полвонларга олишув олдидан дастурхон очиб, ош тортибди. Биринчи довни Ғаффор полвон бошлаб берибди. Теритоз полвон рақибини уч мавруд чала йиқитибди. Гал Ҳайит полвонга келибди. Кўз очиб юмгунча елкасидан ошириб, рақибини ерга урибди. Амир ўзида йўқ хурсанд, Ҳайит полвонни олқишлабди. “Кўз тегмасин!” деб елкасига бир қамчи уриб ҳам қўйибди. Мағлуб бўлган қаршилик полвон:

— Ғаффор полвоннинг кучига, Ҳайит полвонни эса амалига қойил қолдим, — деган экан.

Беҳад хушнуд бўлган Абдулаҳадхон Ҳайит полвонга ёрлиқ ваъда этаркан:

— Тила, тилагингни, — дебди.

— Мен бир саводсиз, ўтинкашман. Мурувват қилиб, тўрт таноб ер берсангиз, шуни ўзи кифоя, — дебди полвон.

Амир Кармана бегини чақириб, қозикалонлар иштирокида ўн таноб ерни умрбод солиқсиз хатлаб беришга фармон берибди.

Ҳозир ҳам Хончорбоғликлар ўша ерни “Ҳайит полвоннинг ҳаёти” деб аташади.

1920 йилларнинг зўровонликлари, мустабид тузумнинг тепасидагилар Ҳайит полвон Найза ўғлининг ерини тортиб олиб, ўзини “амирнинг ёрлиғини олган” деб қулоқ қилишган. Дўрманлик раҳматли Карим бобо Ҳусенов ҳикояси:

— Ҳайит полвон Самарқанд, Бухоро, Қоракўл, Шаҳризабз, Нурато томонларга бориб кураш тушган. Кураги ер искамаган полвон эди. Унинг орқасида (аниқроғи белида) кароматли белги, беш панжанинг изи бор эди. Хизир назар қилган инсон эди.

Полвоннинг Мурод ва Кенжа деган ўғиллари, Қамбар исимли қизи бор эди.

Кенжа Ҳайит ўғли ҳикояси:

— Отамнинг етмиш бир ёшида ҳам кураш тушганини эслайман. Отам қоракўллик туркманларни беҳад ҳурмат қилар, курашга борса улар билан беллашмас эди. Шундай кунларнинг бирида Қоракўлда даврабоши Ҳайит полвонга “Хўш, шунча йўл босиб келдинг, олишмай кетасанми?” дебди.

— Олишмайман, — дебди қатъий.

— Бир каромат кўрсатиб кет, бўлмаса, биз сени ким деб эслаймиз?

Ҳайит Найза ўғли барча йиғилган полвонларни ёнига чорлаб, чоғлиққина гужумни қўпориб беришга даъват этибди.

Полвонлар қанча уринишмасин дарахтни ердан қўзғата олмабди.

Шунда Ҳайит полвон “ё, пирим” деб гужумни таг томири билан қўпориб олган экан.

Карманалик Карим бобо Ҳусеновнинг кейинги ҳикояси:

— Ҳайит полвон ҳалол курашарди, бошқаларин ҳам шунга даъват этарди. Қултўплик Эргаш полвонга ҳар доим танбеҳ бериб “Сен қорақўлсан, ҳалол курашмайсан” дер экан. Эргаш полвон билан курашган рақиб албатта бирор ери ўсал бўларкан.

Султонободнинг Қўшҳовуз қишлоғида Латиф бобо Хўжанов билан суҳбатлашиб қолдим. Ҳайит полвон ҳақида қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди:

— Шўролар 1937 йили Ҳайит полвонни “Амирни ёрлиғини олган” деб қулоқ қилишган. Бор мол мулкини мусодара қилиб, ўзини Самарқанд томонларга бадарға қилишган. Етмишларни қоралаган полвон султонободлик Хужановларнинг ҳовлисида яшаган. Ўша пайтлар ҳам баққувват, ғайратли бўлган. Қўшҳовуз, Ёмонжар, Яримқовун қишлоқларида кураш тушиб, эл олқишига сазовор бўлган. Қўшҳовузлик Қаландар полвон Ҳайит полвон билан кураш тушмоқчи бўлади. Унинг омбурдек панжаларига дош беролмай мағлубликни бўйнига олади.

“Хизир назар қилган полвон эди” деб хотирлайди Латиф бобо. Ҳайит полвон ҳақидаги тарихий далиллардан биттаси, у кишига паспорт 1941 йили Тошкент вилояти, Ордженикидзе райони (ҳозирги Қибрай тумани, Дўрмон қишлоғи)дан берилган. Уруғларини сўраб борган. Чунки у ерда ҳам дўрманликлар яшайди. Етмиш уч ёшдан ошган  полвонни Тошкентга жазм қилиб борганини айтмайсизми, демак, ўшанда ҳам тетик бўлган эканда…

Полвон умрининг охирги кунларини Самарқанднинг Султонободида Дўрманни, Хончорбоғлик туркман уруғларини соғиниб яшади. Қардошлари ҳол сўраб борганда она қишлоғига боришини айтади.

1946 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлиги эди. Кармана туманидаги Куйбишев колхози (туркманлар жамоаси) раиси Истам Акрамов от, арава бериб полвонни туғилиб ўсган қишлоғига иззат, икром билан олиб келишади.

Темирчи усто Пирназар (ҳозирда юз ёшни қоралаяпти, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси), Ҳамдам табиб (раҳматли), Ҳолиқ чўпон (раҳматли)лар полвонни Султонободан олиб келишда кўмаклашадилар.

Полвон қишлоғига келган куннинг эртасига ўзига тегишли, амир инъом этган боғ ҳовлисида юрт нафасидан тўйиб кўз юмади. Унинг майитини покшуй сувга олганда эл оғзида достон бўлиб юрган “беш панжа изи”ни ўз кўзи билан кўрганини ҳали ҳам Ҳайит полвон ҳақида сўз кетса ҳамқишлоғи Пирназар бобо Турдиқул ўғли тўлқинланиб гапириб беради.

Яна бир қизиқ ҳодисага қаранг, полвонга берилган паспортнинг тугаш муддати (вақтинча беш йил) 1946 йил 23 декабр ойи эди. Тақдир ҳукмими бу, ёки тасодиф. Кекса полвонимиз ҳам шу йили, шу санада вафот этган.  Охиратлари обод бўлсин.

           Шойим ШЕРНАЗАР, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.