Bosh sahifa Jamiyat БУНИ ИСТЕЪМОЛЧИ БИЛИШИ МУҲИМ!

БУНИ ИСТЕЪМОЛЧИ БИЛИШИ МУҲИМ!

0

Табиий газнинг қулайлиги, фойдали томонлари ҳақида кўп гапириш мумкин. У билан мушкулимиз осон, овқат пишириш ҳам ўз вақтида бўлади. “Зангори олов”сиз уй-рўзғор ташвишларида қатор муаммоларга дуч келишимизни яхши биламиз. Аммо газдан фойдаланиш ускуналарини соз ҳолатда сақлаш, зарурат бўлганда хизмат кўрсатилиш тартиби ҳақида қай даражада хабардормиз? Газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида-чи?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январда қабул қилинган “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли қарорида бу ҳақда батафсил келтириб ўтилган. 

Унга кўра,  газ таъминоти ходимлари ўз газ тармоқларининг техник ҳолатини ва уларда рухсатсиз уланишларни аниқлаш учун даврий кўздан кечириш, газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган жадваллар ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш усуналарини белгиланган муддатларда техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатишга мажбур. Аммо табиий газ сизиб чиқиш ва бошқа бахтсиз ҳодисалар содир бўлганда хизмат кўрсатиш дарҳол амалга оширилиши керак бўлади. 

Шу билан бирга газ таъминоти ташкилоти газ тармоқларида авариянинг олдини олиш ёки бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш зарурати юзага келганда, истеъмолчи билан келишмасдан ва уни огоҳлантирмасдан ҳамда зудлик билан хабардор қилган ҳолда, табиий газни етказиб беришни тўхтатиш ёки чеклаш ҳуқуқига эга. Сабаби бу каби тезкор чора-тадбирлар аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда муҳим ҳисобланади.

Маиший истеъмолчилар, яъни маиший эҳтиёж учун табиий газдан фойдаланувчи аҳоли эса фавқулодда ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувоҳномаларини кўрсатган газ таъминоти ташкилоти ишчиларига қаршилик кўрсатмасдан уларнинг газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертўлалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таъминлаши керак. Шунингдек, уй ичи газ қувурини чиришдан ҳимоя қилиш чораларини кўриш, мунтазам равишда бўяб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди. 

Айтиш керак, газдан фойдаланиш ускуналарига кўрсатилган хизмат учун белгиланган тартибда йилига бир марта тўланадиган тўловлар борасида баъзи истеъмолчилар эътироз билдиришади. Аммо қарорнинг 13-боби, 139-бандида маиший истеъмолчиларнинг мажбуриятлари кўрсатилган бўлиб, унда “фойдаланилган табиий газ ва газдан фойдаланиш ускунаси ҳамда уй ичи газ тармоқларига хизмат кўрсатиш юзасидан бажарилган ишлар учун газ таъминоти ташкилоти билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш” ҳақида ёзилган. Бунда албатта, газ таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчи газ жиҳозларининг сони ва бошқа меъёрлар инобатга олиниши зарур. Бир истеъмолчининг бошқа бир истеъмолчига нисбатан тўловида фарқ бўлишига ана шу меъёрлар сабаб бўлади.

Унутмайлик, истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз ҳақида зарур маълумотларга эга бўлишимиз хавфсизлигимиз, иқтисодимиз ҳамда жамият фаровонлиги учун хизмат қилади.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ матбуот хизмати