Bosh sahifa Mualliflardan Чарм-пойабзал соҳасида имтиёзлар экспорт имкониятларини кенгайтиради

Чарм-пойабзал соҳасида имтиёзлар экспорт имкониятларини кенгайтиради

0

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2018 йил 3 майдаги «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори асосида мамлакатимизда чарм хом ашёсини чуқур қайта ишлаш асосида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган сифатли ва арзон пойабзал ҳамда чарм-атторлик маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу қарорга асосан, «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси ҳуқуқий ворислик шарти билан «Ўзчармсаноат» уюшмаси этиб қайта ташкил этилди. Унинг таркибига чарм, мўйна хом ашёси ва жун тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, чорва молларини автоматлаштирилган ҳолда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ихтиёрий равишда киради.

Уюшма томонидан «Ўзчармимпэкс» унитар корхонаси ташкил этилди, у чарм-пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотлари ва жундан ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш, тармоқ ташкилотларига технологик асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва бошқа буюмлар етказишда кўмаклашади.

2018 йил 1 июндан йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш учун ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича талаб бекор қилинади.

2018 йил 1 августдан мамлакатимизнинг божхона чегараси орқали чармни (ТИФ ТН бўйича 4104-4107, 4112 00 000 0 — 4114 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги томонидан Давлат божхона қўмитаси ва Уюшма билан келишилган ҳолда нарх экспертизаси ва лаборатория текширувларини ўтказган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, чармни лаборатория текширувларидан ўтказиш ЛБМА қошидаги Аккредитация маркази томонидан аккредитация қилинган органлар томонидан амалга оширилади ҳамда ярим тайёр чармни (ТИФ ТН бўйича 4104, 4105, 41062 кодлари) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 5% миқдорида йиғим ундирилади.

Бундан ташқари, қарор билан «Ўзчармсаноат» уюшмасининг чарм-пойабзал соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Эндиликда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ЯСТ, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни ҳисоблашда юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган базаси Жамғармага киритилган ихтиёрий ажратмалар миқдорига камайтирилади.

2023 йил 1 январга қадар Уюшма аъзолари — ташкилотлар, шунингдек «Ўзчармимпэкс» УК фойда солиғи ва мол-мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар, тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, улар томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловлари(божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари)дан озод этилди.

Рўйхатларга киритилмаган позициялар бўйича божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлаш 60 кунга қадар муддатга кечиктирилади.

Шунингдек қарорга асосан, тижорат банкларига замонавий автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйиш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга айланма маблағларини тўлдириш, тайёрлов ташкилотларига чарм, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни йиғиш ва тайёрлаш учун қулай фоиз ставкалари бўйича кредит маблағларини ажратиш тавсия этилган.

Абдумалик Содиқов,Навоий вилоят ДСБ бўлим бошлиғи.