Bosh sahifa E'tirof Чуялик таниқли полвон Хорватияда юутуққа эришди

Чуялик таниқли полвон Хорватияда юутуққа эришди

0

Нуротанинг Чуя қишлоғида туғилиб ўсган дзюдочи Давлат Бобонов 27-29 июль кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида бўлиб ўтган Гран при туркумидаги мусобақада 90 килограмм вазн тоифасида муваффақиятли қатнашиб, олимпия ўйинларига йўлланма олиш учун рейтинг очколарини қўлга киритди.

Бугун нафақат чуяликлар балки, вилоятимиз спорт ихлосмандлари ҳам Давлатнинг ютуқлари билан фахрланишади. Ҳали ёш бўлишига қарамасдан кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келган Д. Бобонов ҳали Самарқанд шаҳридаги спорт мактабининг 7-синфида ўқиб юрганидаёқ дзюдо билан шуғулланишни бошлаганди. Кейинчалик Самарқанд олимпия захиралари коллежида маҳорат ва тажрибасини янада оширди. Ўзидаги иштиёқ, тиришқоқлик қисқа вақт ичида уни турли беллашувларнинг юқори поғоналари учун йўл очди. Бир неча марта мамлакат мусобақаларида ғолибликни эгаллаган  истъедодли полвон 2016 йилда ёшлар ўртасида 81 килограмм вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлди. Шу йили Боку шаҳрида  ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинлари халқаро мусобақасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.   Германияда ўтказилган Европа очиқ чемпионатида ватанимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилган истъедодли полвон, 2017 йилда катталар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида фахрли 2-ўринни  қўлга киритди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Д. Бобонов мамлакатимиз терма жамоасининг аъзоси бўлиш билан бирга, 90 килограмм вазн тоифасида биринчи рақамли спортчи сифатида тан олинган. Ана шу эътирофнинг ўзи ҳам полвон учун катта ишонч ва масъулият юклайди.

И. Холбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.