Bosh sahifa Jamiyat ДАРОМАД СОЛИҒИДАН ОЗОДСИЗ!

ДАРОМАД СОЛИҒИДАН ОЗОДСИЗ!

0

Агар сиз ўзингизни ўзингиз банд қилиб, расмий рўйхатдан ўтсангиз бундай имтиёздан фойдалана оласиз.

Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур ҳужжатга асосан 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари 67 тага етди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги қарорига асосан ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун фаолият турлари 24 та этиб белгиланган эди. Эндиликда улар сони 43 тага кўпайди.

Энг муҳими, Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахслар даромад солиғи тўламайди.

Мазкур қарор билан 2020 йил 1 июлдан Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан рўйхатга олиш учун “Soliq” махсус мобиль иловаси ишга туширилди. Ушбу муддатдан ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасиинг 2019 йил 9 июлдаги қарори билан жорий этилган амалдаги ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби бекор қилинди.

Бугунги кунга қадар Навоий вилоятида ўзини ўзи банд қилган аҳоли сони 1300 нафарга етди. Аниқроғи, “Soliq” мобил иловаси орқали расмий рўйхатдан ўтиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан биз каби вақтинча ишсиз аҳоли учун қулайлик яратилганидан мамнунмиз, – дейди Маърифат Алиқулова. – Эндиликда солиқ органларини хабардор қилиб, давлат рўйхатидан ўтиб, қишлоқ хўалиги маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланишни бошладим. Энг муҳими, оиламиз даромадига ҳисса қўшаяпман. Ўзини ўзи банд қилишнинг яна бир афзаллиги, ижтимоий солиқни тўлаб, меҳнат стажига эга бўлиш имконияти яратилди. Шунингдек, даромад солиғидан ҳам озод қилиндим.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, аввалги тартибга кўра йиллик 1 миллион 3 минг 500 сўм ўрнига, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи яъни 111 минг 500 сўм миқдорида маблағ тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Шундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмайди яъни иш берувчи мақомига эга бўлмайди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати