Bosh sahifa Jamiyat Давлат хизматлари марказларига келиб тушаётган энг кўп савол: Тошкентда туриб Навоийда ташкил...

Давлат хизматлари марказларига келиб тушаётган энг кўп савол: Тошкентда туриб Навоийда ташкил этилган тадбиркорлик субъектини ёпса бўладими?

0

Савол: Навоий шаҳриданман. Экстерриториал хизмат нима? Тошкентга кўчиб кетганим учун якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятимни вақтинча тўхтатдим. Аммо, уни тугатишга тўғри келди. Бироқ, Тошкентдан туриб, Миробод тумани давлат хизматлари марказидан фойдалана олмадим. Айрим сабабларга кўра, Навоийга келишга мажбур бўлдим. Экстерриториал хизмат фақат айрим хизмат турлари учун ташкил этилганми? (Зариф Махмудов)

Муроджон  Нуров, Кармана тумани ДХМ бўлим бошлиғи:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида”ги ПҚ-4193-сонли Қарорининг 1-бандида 2019 йил 1 июндан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олишга ҳақли эканлиги белгиланган. Давлат хизматларини олишнинг экстерриториал тамойили – бу фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имконияти хисобланади. Бу хизмат барча хизмат турлари учун ташкил этилган.

Сизнинг мурожаатингиз мисолида нега экстерреториал хизмат оломаганингиз сабабини аниқладик. Боиси якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятингизни тугатиш учун  Вазирлар Маҳкамасининг 630-сон қарорига мувофиқ ҳудудий солиқ идорасининг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисида хулосаси ҳамда хизмат кўрсатувчи банкнинг барча ҳисоб рақамлар ёпилганлиги тўғрисида маълумотномаси мавжуд бўлмаган. Шу боисдан сизга Нуробод тумани ДХМ идан экстерреториал хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмаган.

Савол: Қурилиш ишлари билан шуғулланадиган корхонамиз бор. «ZARAFSHON-GRAND». Қурилишда лойиҳалаш ишларини амалга ошириш учун лицензия олмоқчимиз. Бу қандай бўлади? Канақа ҳужжатлар керак? (Абдуллоҳ Рўзиқулов)

Моҳигул Муҳаммедова, Навоий шаҳар ДХМ бош мутахассиси:

 — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 майдаги “Қурилиш соҳасида айрим фаолият турларини лицензиялаш ва аккредитация қилиш тўғрисида”ги 381-сонли қарорига асосан Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши белгиланган бўлиб, лицензия олиш учун талаб қилинадиган хужжатлар бир мунчага соддалаштирилган.

Низомга мувофиқ, лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига лицензия олувчининг ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Сўровнома тўлдирилади ҳамда унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • соҳа бўйича маълумотга эга бўлган муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари;
  • корхонага ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги буйруқлар нусхалари;
  • зарур бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Давлат хизматларини кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади, холос. 7 иш кунида лицензия тайёр бўлади. Келиб марказдан олиб кетиш имкониятингиз бўлади.

Савол: Навоий шаҳар Махмуд Торобий кўчасида истиқомат қиламан.  Янги иморатга кўчдим. Қурилиши тугалланган бино иншоотини фойдаланишга қабул килиш учун  давлат хизматларига бориб ариза ташлашим керак экан, бу қандай амалга оширилади? (Зарифа Худойбердиева)

Фарход Бўриев, Конимех туман ДХМ директори:

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” ги 370-сон қарорига асосан қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан республиканинг исталган ҳудудидаги Давлат хизматлари марказларига ерга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ҳамда лойиҳачи ташкилот томонидан тайёрлаб берилган бино иншоотнинг лойиҳаси йиғма жилди билан мурожаат қилишингиз ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришингиз мумкин.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Савол: Тадбиркорман. Иссиқхоналарга энергия тежамкорлиги ва иссиқни сақлаш махсус пардалар етказиб беришни йўлга қўйдим. «Агроволокно» корхонасини очмоқчиман. Давлат рўйхатидан ўтиш учун кимга мурожаат қилишим керак ва қандай ҳужжатлар керак бўлади? (Бахтиёр Жўраев)

Қаҳрамон Жўраев, Навбаҳор туман ДХМ бўлим бошлиғи:

—  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2017 йил
9 февраль   “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2016 йил 28 октябрдаги ПҚ-2646-сон қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 66-сонли қарорига асосан республиканинг исталган ҳудудига Давлат хизматлари марказларига фуқаролик паспорти билан мурожаат қилишингиз ёки ягона интерактив давлат хизматлари орқали рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Марказга мурожаат этганингизда марказ ходимлари томонидан реал вақт режимида, аммо 30 дақиқадан ошмаган вақт мобайнида давлат рўйхатидан ўтказилади. Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун  ЭКОИҲ бир баравари миқдорида яъни 223 000 сўм давлат божи ундирилади.

Савол: Навоий шаҳрида яшайман. Опамнинг фарзандини васийлигимга олмоқчиман, шу боисдан судланмаганлик ҳақидаги маълумот керак экан. Бу қандай амалга оширилади. Маълумотни олиш учун қанча кутишим керак, тўлови ҳам борми? (Мирзоҳид Тошпўлатов)

Дилшод Зайниддинов, Қизилтепа туман ДХМ бош мутахассиси:

— Вазирлар Маҳкамасининг 797-сон қарори билан судланганлик ҳақида маълумотнома давлат хизматлари марказидан берилади. Бунда нафақат судланганлик билан боғлиқ маълумотлар ҳақида сўз бораётганлигини қайд этиб ўтмоқчимиз. Шахс муқаддам жиноий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисида (масалан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки у олиб ташланганда), шунингдек реабилитация қилинмайдиган асосларга кўра (масалан, амнистия бўйича) жиноят иши бекор қилинганлиги тўғрисида ахборот тақдим этилади.

Мурожаатни икки усулда: Давлат хизматлари марказларига шахсан бориш йўли билан ёхуд масофадан туриб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали олишингиз мумкин. Ариза бериш учун паспорт ҳамда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами керак бўлади. Мазкур хизмат турининг маъмурий регламентида маълумотномани расмийлаштириш учун масъул орган – Ўзбекистон Республикаси ИИВ, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва вилоятлар ИИБ ахборот марказларига 2 иш куни берилган. Демак, сиз мурожаат ташлагандан кейин икки кунда судланмаганлик ҳақидаги маълумотномани оласиз. Давлат хизмати учун йиғим миқдори – ЭКИҲнинг 10%и қилиб белгиланган.

Савол: Кармана туманининг «Камолот» маҳалласида яшайман. Газ ва сув ҳисоблагичимни қиёслашдан ўтказишим керак. Давлат хизматлари марказига боринг, дейишди. Бу қандай бўлади? Тўловлари қанча бўлади? (Орзигул Қурбонова)

 Анвар Сафаров, Навоий шаҳар ДХМ директори:

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.А.Худайбергенов томонидан 2018 йил 30 майда тасдиқланган сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг вақтинчалик маъмурий регламентига мувофиқ газ ва сув ҳисоблагичингизни қиёслашдан ўтказиш учун давлат хизматлари марказига келиб ёки масофадан туриб Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали аввал ҳисоблагични ечишга ва ундан сўнг киёслашга сўровнома тўлдирасиз. Ҳисоблагични ечиш учун 5 кун муддатда, қиёслаш учун 3 кун муддатда давлат хизмати кўрсатилади. Мазкур икки хизмат учун ҳам тўловлар энг кам ойлик иш ҳаққининг 10 фоизи миқдорида ундирилади. Бунинг учун фуқаролик паспорти ҳамда эгалик қилувчи уйингизнинг кадастр ҳужжати, аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, уй паспорти керак бўлади, холос.