Bosh sahifa Jamiyat Давлат хизматлари тизимида фуқаролар мурожаатлари доимо эътиборда

Давлат хизматлари тизимида фуқаролар мурожаатлари доимо эътиборда

0

Дунё пайдо бўлибдики, ҳақ билан ноҳақ орасидаги кураш турли кўринишда ўз аксини топган. Нега? Чунки, ҳақ ҳуқуқини талаб қилади, ноҳақ бурчдорлигини яширади. Аҳоли мурожаатларини ўрганиш жараёнида бир нарсага амин бўлдикки, фуқаро асосан у ёки бу кўринишдаги ҳуқуқбузарлик юзасидан шикоят қилади. Чунки, у ўзини камситган ёки хуқуқи бузилган ҳисоблайди. Аслида қонунбузарлик ҳақида бонг уриш жамият ривожи учун муҳим. Икки уч йилдирки, халқ орасида ўтказилаётган сайёр қабулларда одамлар йиллаб ечилмаган муаммоларига жавоб топаяпти. Аҳолининг давлат хизматига бўлган эҳтиёжи юзасидан мурожаатлари эса доимо эътиборда.

Масалан, вилоятнинг олис ҳудудларида жорий йилнинг 21 феврал куни ўтказилган сайёр қабулида Томди туманининг “Шиели” овулида яшаётган Б.Т. кўчмас мулк объектини, яъни уй-жойини давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам беришини сўраб мурожаат қилди. Томди тумани давлат хизматлари маркази ходимларининг саъй-ҳаракати туфайли Б.Т кўчмас мулкини қонунан расмийлаштирди. Худди шу масалада Хатирчи тумани “Бинокор” маҳалласи, Шихлар гузарида яшовчи З.Н га ҳам қяиндан кўмак берилиб, фуқаронинг яшаб турган уйига кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилди.

Яна бир ариза. Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи  Р.Х. «Навоий нур» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, электр ва иссиқ сув манбалари ҳисоблагичларини алмаштириш ҳамда уларнинг тўлови масаласидаги муаммосини ижобий ҳал қилишда амалий ёрдам беришни сўраб халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Мазкур мурожаат натижаси учун ДХА Навоий вилояти бошқармаси аралашгач, Навоий электр тармоқлари корхонаси ва «Навоий нур» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати мутасаддилари қонун талаблари доирасида фуқаронинг электр ва иссиқ сув манбалари ҳисоблагичларини  янгилаб, тўловлар борасида юзага келган тушунмовчиликларига барҳам берилди. Натижада нафақадаги фуқаро шикояти юзасидан олган жавобидан мамнун бўлди.

Навоий шаҳри “Янги ариқ”  маҳалласида яшаётган фуқаро Н.Ю фарзандини боғчага жойлаштириш учун ДХМ орқали навбатга қўйгани, аммо навбати кун ора орқага сурилаётгани ҳақида бошқармага телефон орқали мурожаат қилади. Мурожаатга ойдинлик киритилганида, фуқаро боласини боғчада тарбияланиши учун Навоий шаҳридаги 8, 25, 33-сонли мактабгача таълим муассасаларига  навбатга қўйгани маълум бўлган. Навбатнинг орқа сурилишида эса Навоий шаҳар мактабгача таълим бўлими мутахассисининг содир этган қоидабузарлиги сабаб бўлган. ДХА аралашувидан сўнг, мактабгача таълим бўлими мутахассисига ҳуқуқбузарлик ҳолатини келтириб чиқаргани боис маъмурий чора кўрилди, фуқаронинг эса давлат хизмати юзасидан қилган мурожаатида ҳуқуқи ва боғчага қўйилган навбати қайта тикланди.

Бунақа мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Афсуски, булар ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўп гапирилмайди. Чунки, ҳуқуқи бузилган одамнинг мурожаатлари жамоатчилик учун актуалроқ саналади. Муҳим бир гап. Билинг, қайси юртда одамларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси юқори бўлса, ўша жамиятда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Дарвоқе,  яна ўша ҳақ ва ноҳақлик ҳақидаги фикрларимизни хулоса ўрнида ишлатсак. Ҳақнинг ҳақлиги ноҳақнинг умри тугаганда намоён бўларкан, дейдилар.

Рустам Қаршибоев,  ДХА Навоий вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи.