Bosh sahifa Jamiyat ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН  АҲОЛИ ҚАЙ ДАРАЖАДА ХАБАРДОР? 

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ ТИЗИМИДАГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН  АҲОЛИ ҚАЙ ДАРАЖАДА ХАБАРДОР? 

0

Юртимизда давлат хизматлари кўрсатишнинг янги тизими ташкил этилганига 3 йил бўлди. Илк маротаба давлат хизматлари марказларида аҳолига 37 та хизмат тури кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб улар сони қарийб 150 тага яқинлашди. Ҳозирда мазкур хизматлардан ҳаттоки ҳудудлардаги давлат хизматлари марказларига бормай, уйда турган ҳолда смартфон орқали ҳам фойдаланиш мумкин.  

Хўш, аҳоли бундан қай даражада хабардор? Давлат хизматлари марказлари орқали аҳоли мурожаатлари бошқа мутасадди органлар томонидан нечоғли ўз вақтида кўриб чиқилмоқда?

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда Давлат хизматлари Агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида тизимдаги ўзгаришлар хусусида сўз борар экан, юқоридаги саволларга атрофлича тўхталиб ўтилди. 

Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ташкил этилган тадбирда 10 га яқин маҳаллий ҳамда республика ОАВ вакиллари иштирок этиб, анжуман очиқ мулоқот руҳида ўтди. IMG_20200930_170800_396

– Жорий йилнинг 9 ойи давомида бошқарма ҳамда туман-шаҳар марказларимиз орқали аҳолига 191 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилди, — дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Элдор Баҳодиров. — Бу даврда 6,5 мингта тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Қарийиб 2 мингта сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди. Ҳозирги пайдта давлат хизматлари тизимида бир қатор янгиликлар амалиётга киритилмоқда. Хусусан, “композит хизматлар” – бир нечта хизматларни бирлаштириш тизимига ўтмоқдамиз. Айни пайтда Зарафшон шаҳрида худди шундай эксперимент ўтказилмоқда. Мисол учун, ота-она фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олганида шу кундан бошлаб мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш ҳам мумкин бўалди.     

Қайд этиш керак, 2019 йилда вилоятнинг 6 та туманида давлат хизматлари марказлари янги биноларда иш бошлаган бўлса, жорий йилда пандемия сабаб марказлар қурилишида бироз тўхталиш бўлди. Бугунги кунда Қизилтепа ва Томди туманларидаги марказлар октябрь ойида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Кармана туманида  эса йил якунига қадар марказ янги бинода халққа хизмат кўрсата бошлайди. Зарафшон шаҳар давлат хизматлари маркази қурилиши лойиҳаси ҳам бошлаб юборилган. 

    Маълумки, ФҲДЁ идоралари жорий йилдан агентлик тасарруфида иш бошлади. Айни кунда мазкур бўлимлар томонидан вилоят бўйича йил бошидан буён 17,6 мингта туғилиш қайд этилган бўлса, 5,7 минг та никоҳ рўйхатга олинди. Ажримлар эса бу даврда 666 тани, ўлим қарийб 4 мингтани ташкил этмоқда. Айни кунда ФҲДЁ бўлимлари архивидаги далолатнома ёзувларини қоғоз шаклидан электрон кўринишга келтириш ишлари амалга оширилмоқда. Шу мақсадида ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш учун шартнома асосида 30 ёшгача бўлган 79 нафар фуқаро ишга таклиф этилган бўлиб, айни кунгача вилоят бўйича ҳудудларда 1,432,861 та ҳужжат рақамлаштирилди.

Матбуот анжуманида давлат хизматлари кўрсатиш буйича маъмурий регламент талабларига риоя этмаётган, аҳоли мурожаатлари бўйича муддатлар бузилишига энг кўп сабаб бўлаётган айрим идора ва ташкилотлар хусусида ҳам маълумот берилди. Ваколатли идораларнинг қоидабузарликда энг “пешқадами” солиқ органлари бўлса, кейинги ўринда соғлиқни сақлаш муассасалари, туман-шаҳар газ филиаллари, электр тармоқлари корхоналари, таълим муассасалари ва бошқа давлат хизматлари кўрсатувчи идоралар саналади. 

Анжуманда журналистлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланиб, улар томонидан таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, аҳолини уйдан чиқмаган ҳолда давлат хизматларидан фойдаланиш лаёқатини ошириш, бунинг учун видероликлар тайёрлаб ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқда тарқатиш ҳамда бошқа ташаббуслар илгари сурилди.  

Тадбир якунида журналистлар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.