Bosh sahifa Yangiliklar Давлат хизматлари тизимидаги ютуқлар ва муаммолар – журналистлар нигоҳида

Давлат хизматлари тизимидаги ютуқлар ва муаммолар – журналистлар нигоҳида

0

Навоий шаҳридаги  “Coworking” марказида республика ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари – 20 нафарга яқин журналистларга Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг жорий йил 9 ойлик фаолияти якунлари бўйича ахборот берилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур тизимдаги ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам тилга олинди.

Дарҳақиқат, мутахассисларнинг ижтимоий сўров натижаларига кўра, халқимизга турли давлат хизматларини кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлигининг фаолиятида эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда.

Навоий вилояти Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига 103 турга яқин давлат хизматларини кўрсатилмоқда. Бу хизматлар тури тажриба тариқасида олинган Зарафшон шаҳрида 130 дан ортган. Марказлар орқали 9 ой давомида шу кунгача аҳолидан 273 246 та ариза тушган бўлса, бу ўтган йилнинг 9 ойида  102 933 тани ташкил этди.  Таҳлиллар шуни кўрсатмокдаки, вилоят бўйича соҳада ўтган йилга нисбатан фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш кўрсаткичи 170 313 тага ортган.

photo_2019-10-29_13-51-35

– Энг кўп мурожаатлар тадбиркорлик субъектлари учун хизматлар, кадастр, сув, электр энергияси ва газ билан таъминлаш, болаларни МТМларга жойлаштириш масалаларига бориб тақалмоқда. Айтиш жоизки, давлат хизматлари марказларига мурожаатлар бўйича тадбиркорлар фаол, – дейди Давлат хизматлари Агентлиги Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тошев.  – Туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 9 ой давомида жами 9 660 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу кўрсаткични ўтган йилнинг шу даврига қиёслайдиган бўлсак, тадбиркорларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш 2002 нафарга ортган.

Жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан эътиборан қиёслаш давлат хизмати тури сифатида агентлик томонидан кўрсатила бошлайди.

Анжуманда мутасаддилар журналистларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

Санжар ҚУРБОНОВ