Bosh sahifa Jamiyat Даволаш самарадорлигини оширишда халқ табобатининг ўрни

Даволаш самарадорлигини оширишда халқ табобатининг ўрни

0

Шарқда минг йиллардан буён одамларни табиблар даволаб келишади. Олимларнинг таъкидлашларича, сунъий йўл билан дори тайёрлашни ўйлаб ҳам кўрмаган ўтмишдаги барча номдор табиб-ҳакимлар амалиётида доривор ўсимликлар 70-80 фоизни ташкил этган, қолгани ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлари, озгина қисми эса табиий маъданлардан иборат бўлган.

Ҳозирги пайтда Хитой, Япония, Вьетнам, Корея, Лаос, Малайзия каби мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Биргина Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизи халқ табиблари томонидан кўрсатилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Соғлиқни сақлаш Ташкилоти (ВОЗ) ўтган асрнинг охирги йилларида халқ табобатини чуқур ўрганиш ва бу соҳадаги тадқиқотларни янада кенгайтириш бўйича бир неча қарорлар қабул қилди.    Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳам 2020 йил 10 апрелда “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4668-сонли Қарори қабул қилинди.

Вазирлик ва Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги давлат кўп тармоқли тиббиёт муассасаларида халқ табобати хоналарини ажратиш ва ушбу муассасалар тиббиёт ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида 1 нафардан штат бирликларини ажратиш, касалликларни профилактика қилиш, ташҳис қўйиш ва даволаш масалаларида халқ табобатининг замонавий тиббиёт билан ҳамкорлиги ва интеграцияси кўрсатиб ўтилди.   Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.

Ўтган давр ичида кўрилган чора-тадбирлар натижасида халқ табиблари томонидан хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳуқуқий база шакллантирилди, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди, халқ табибининг усуллари ва ютуқларини самарали ва хавфсиз тарзда қўллаш учун биринчи навбатдаги шарт-шароитлар яратилди, уни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва йўналишлари белгилаб берилди.

Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Маҳаллий флорага мансуб 4,3 мингдан ортиқ ўсимликларнинг 750 тури доривор ҳисобланиб, улардан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган, шундан 70 тури фармацевтика саноатида фаол қўлланиб келинмоқда.     Саломатлик, осойишталик, инсонларга қаратилган тиббий-санитар ёрдам кўрсатишни таъминлаш, тиббий-санитария хизматлари сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш хизматлари билан ялпи қамраб олишни кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларга ўз соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиш борасида халқ табобати салоҳиятидан онгли танлов учун имконият яратилди. Соғлигингизни асранг, зеро сизнинг соғлигингиз ҳар нарсадан устундир! 

Фарҳод ҚУРБОНОВ, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Навоий вилоят ҳудудий бўлинма директори, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.