Bosh sahifa Mualliflardan ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ

0

Жаҳон тажрибасидан маълумки, демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг бош шарти ҳуқуқ ва эркинликларни рағбатлантириш ҳамда жамиятда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг ҳақиқий тизимини яратишдан иборат.

БМТ Низоми ва халқаро конвенцияларда ҳамда дунёнинг турли мамлакатлари конституцияларида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари фундаментал ва ажралмас ҳуқуқлар сифатида тобора онгимизга сингиб бормокда. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси бу борадаги дастлабки ҳужжатлардан биридир.

Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартларидан бири шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини рағбатлантириш, жамиятда инсон ҳуқуқларининг амалий кафолатлари тизимини яратишдир.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда қонун ҳужжатларининг бутун бир тизими ишлаб чиқилган ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар муваффақиятли фаолият кўрсатмокда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича 70 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилган.

2018 йил ноябрь ойида Тошкентда «Инсон ҳуқуқлари соҳасида тараққиёт мезонларини ўлчаш бўйича қиёсий кўрсаткичлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, унинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ходимлари, ижро ва суд ҳокимияти органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш, гендер тенглиги даражаси ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишни ўлчаш индикаторлари, инсон ҳуқуқларини судда ҳимоя қилиш даражасини баҳолаш учун қиёсий кўрсаткичлар каби йўналишларда миллий ва халқаро тажриба муҳокама этилди.

Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш доирасида мамлакатимизда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, 2018 йилда 20 дан ортиқ қонун, Президентнинг бир қатор фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган бош мақсад мамлакатни янада модернизациялаш, қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, фуқаролар фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Халқаро конференцияда БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича қўмитаси раиси, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Россия Федерацияси, Тожикистон Омбудсманлари, шунингдек, Озарбойжон ва Польша Омбудсман институтлари вакиллари ҳам иштирок этган эди. Унда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова«Мен ўтган йили ҳам Ўзбекистонга келган эдим ва бир йил ичида жамиятингизда улкан ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўлдим… Бугун Президентнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ҳар бир фуқарога давлат органлари билан мулоқот қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш, нотўғри қарорлар текширилишини талаб қилиш имконини бермокда. Мамлакатингизда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида ҳам ижобий ишлар қилинмоқда», дея эътироф этгани эса юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга берилган муносиб баҳодир.

Содиқ ТЕШАЕВ, Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили, лейтенант.