Bosh sahifa Yangiliklar ДХМ ходимлари ўқувчиларга дарс машғулотлари ўтамоқда

ДХМ ходимлари ўқувчиларга дарс машғулотлари ўтамоқда

0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги  ПҚ-4391-сонли қарорининг 11-бандида юқори синфлар учун  «Электрон ҳукумат» тизими хизматларидан фойдаланиш, талаб энг юқори бўлган давлат хизматларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, шу жумладан ягона порталдан фойдаланган ҳолда билим кўникмаларини ўргатиш кўрсатилган.  Мазкур қарорга мувофиқ айни кунда ДХА Навоий вилояти бошқармаси ходимлари, туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари мутахассислари ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида битирувчи синфлар учун ўқув машғулотлари ўтказмоқдалар.

Кузатганимиз шу бўлдики, умумтаълим мактабларида мазкур ўқув машғулотига қизиқиш анча баланд. Боиси, айни кунда интернет орқали ахборот ёки хизмат ололмайдиган ёшларнинг ўзи саноқли. Электрон китоб, электрон почта, электрон имзо, электрон ҳамён, электрон ҳужжат эндиликда электрон ҳукумат. Бу сўзлар ёшлар учун янгилик эмас. Аммо, электрон ҳукуматдан фойдаланиш, ахборот коммуникация технологиялари орқали давлат хизматини олиш учун ўқув машғулотлари ўтказиш зарурлигини  ҳаётнинг ўзи тақозо этиб турибди. 

Масалан, биргина фуқаронинг идентификацион рақамини олиш учун Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат қилаётган одамларни кўп учратамиз. Солиқдан қарздорлигини билиш учун ёки манзил маълумот сўраб келаётган фуқаролар марказга келиб вақт ва пул сарфлаётганларини кузатаяпмиз. Шу давлат хизматини уйда ўтириб, интернет орқали ҳам онлайн тарзда олиш жуда қулай. Шундай йўл тутаётганлар ҳам бор. Аммо, аҳолининг 60-70 фоизи ҳалиям давлат хизматлари марказларига қатнаяптилар. Агар ҳар бир хонадонда бир нафар одам давлат хизматидан оворагарчиликларсиз онлайн тарзда фойдалана олса, бу катта имконият. 

ДХМ ходимларининг умумтаълим мактабларида ўтказаётган дарс жараёнларида гапирадиган бўлсак, ҳар бир машғулот проектор бор ёки интернет тармоғига уланган компютер хоналарида ўтказилмоқда. Бу машғулотларга нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг ҳам қизиши ортган. Кўпчиликнинг ҳайратини оширган жиҳат — бу тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатдан ўтказишда онлайн хизмат олиш жараёни бўлди. Чунки, тадбиркорликни рўйхатдан ўтказишдаги тўловларни амалга оширишда онлайн хизмат олувчи фуқарода 10 фоизлик чегирмалар борлиги ўқувчилар учун янгилик. 

Аслида битирувчи ўқувчиларнинг аксарияти айни дамларда қўшимча дарслар олиш билан банд бўлишларига қарамай, уларнинг бу ўқув машғулотларида фаолликлари кузатилди. Бу ўқувлар Навоий вилоятининг барча ҳудудларидаги умумаълим мактабларида ўтказилаётган эътирофли.  Зарафшон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабда Аббос Исроилов, Томди туманидаги 11-мактабда Мухриддин Нуриллаев, Хатирчи туманининг 20-мактабида Фазлиддин Омонов, Нурота туманининг 5-мактабида Абдухолис Расулов, Кармана туманининг 3-умумтаълим мактабида Бобир Файзиев, Конимех туманининг 1-умумтаълим мактабида Сабит Ўразбеков, Учқудуқ туманининг 4-умумтаълим мактабида Умарқул Худойқулов сингари давлат хизматлари марказлари мутахассисларининг ўтаётган дарс жараёни ўқувчи ёшларда катта таассурот қолдирмоқда.

Фаррух РЎЗИЕВ,  ДХА Навоий вилояти бўлим бошлиғи