Bosh sahifa Mualliflardan ДУНЁ МАМЛАКАТЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

ДУНЁ МАМЛАКАТЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОНДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

0

Коррупция жаҳоннинг глобал муаммоларидан бири бўлиб, деярли барча мамлакатларда мавжуддир. Бугунги кунда ҳам у қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари тамойилларига, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга жиддий хавф солаётган таҳдидлардан ҳисобланади.

Унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади: ҳатто бундан тўрт минг йил муқаддам Бобилнинг қудратли шоҳи Хаммурапи даврида, Миср фиръавнлари замонида ҳам порахўрликка қарши чоралар кўрилган.

Жаҳон банки институти тадқиқотларига кўра, дунёда ҳар йили 1 триллион доллардан зиёд пора тўланади. Бу ҳолат, ўз навбатида, халқаро ташкилотлардан, жаҳон ҳамжамиятидан коррупцияга қарши курашни кескин ва мунтазам равишда олиб боришда иқтисодий-сиёсий, ҳуқуқий йўлларни такомиллаштиришни талаб этади. Зеро, коррупция демократик йўналишни танлаган давлатлар ривож­ланишига тўсиқ бўладиган асосий омилдир. Кенг маънода, коррупция–демократияга қарши бўлиб, озчиликнинг кўпчилик ҳисобидан бойишини таъминлайди.

Дунёда коррупция хавфи ва таҳдидларига қарши бир қатор норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Улар асосида халқаро стандартлар шакллантирилган. Коррупцияга қарши курашда халқаро стандартлар ўзига хос механизм ролини бажариб келмоқда. Энди коррупцияга қарши кураш бўйича асосий қонун ҳужжатларига тўхталиб ўтсак. Булар қуйидагилардан иборат:

Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (БМТ Бош Ассамблеясининг 51-сессияси 82-ялпи йиғилиши. Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь).

Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик (Страсбург, 1999 йил                      27 январь). Коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенция­си (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь).

Коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенциясига қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май).

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрда қабул қилинган) ва бошқалар.

Шунингдек, жаҳон ҳамжамияти БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил  21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь халқаро Коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Жаҳон бўйлаб БМТ аъзолари бўлган, коррупцияга қарши кураш конвенциясини тан олган мамлакатлар шу куни турли тадбирлар, акциялар уюштиради. Плакатлар ва варақалар чоп этади. Жорий йилда ушбу кун 16-марта нишонланди.

Жаҳон мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси мамлакат етакчиси шахсан коррупцияга қарши курашда мустаҳкам ирода ва собитқадамлик қилса, ибрат бўлса, ўша мамлакатда сиёсий барқарорлик, демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари таъминланади, иқтисодиёт ўсади, халқ фаровон ва эркин яшайди. Масалан, Сингапур 1965 йилда мустақилликка эришгач, мамлакатнинг биринчи Бош вазири Ли Куан Ю Коррупцияга қарши кураш махсус суриштирув бюроси тузиб, унга жуда катта ваколатлар берди.

Терговчилар ва махсус полиция ходимларидан иборат бўлган ушбу Бюро бевосита Бош вазирга бўйсундирилди, прокурор ва вазирларнинг ушбу ташкилот фаолиятига аралашуви тақиқланди. Илгари коррупция схемаси бўйича берилган кўплаб лицензиялар ва рухсатномалар бекор қилинди.

Коррупцияни йўқ қилиш ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш натижасида деярли барча оилалар уй-жой билан таъминланди. Энг ночор фуқароларга ҳам имтиёзли ипотека кредитлари берилди. Мамлакат иқтисоди жаҳон бозорида рақобатдошликка йўналтирилди, нефтни қайта ишлаш, енгил саноат, кемасозлик соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланиб, уларга кейинчалик электроника ва инновацион технологик соҳалар қўшилди. Ушбу компаниялар беш йил муддатга турли солиқлардан озод этилди. Ислоҳотчи давлат раҳбари Ли Куан Ю Сингапур «Иқтисодий мўъжиза»си асосчиларидан бўлиб тарихга кирди.

Муҳаммадсаид МАВЛОНОВ, Навоий шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ЖҚГ катта тезкор вакили, капитан.