Bosh sahifa Jamiyat Навоий шаҳрига 10 дан ортиқ мамлакатнинг 50 нафарга яқин таниқли навоийшунослари ташриф...

Навоий шаҳрига 10 дан ортиқ мамлакатнинг 50 нафарга яқин таниқли навоийшунослари ташриф буюрди

0

 4-6 февраль кунлари Навоий шаҳрида ўтказилаётган “Алишер Навоий ижодий меросининг умумбашарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусидаги III анъанавий халқаро илмий конференцияда Туркия, Озар­байжон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонис­тон, Венгрия каби дунёнинг 15 га яқин мамлакатидан 50 нафардан ортиқ таниқли навоийшунос олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

Буюк бобокалонимиз таваллудининг 578 йиллиги муносабати билан Навоий вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳамда Навоий давлат педагогика институти ҳамкорлида ташкил этилган нуфузли анжуман доирасидаги асосий тадбирлар кеча бўлиб ўтди.

5 февраль куни эрта тонгдан халқаро анжуман қатнашчилари ҳамда вилоятдаги корхона-ташкилотлар жамоалари Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Буюк даҳо сиймоси олдида барча таъзим қилар экан бу шоирнинг авлодларга қолдирган буюк мероси олдидаги самимий ҳурмат ва эътиборни ифода этди.

Шундан сўнг Навоий ижодининг минглаб ихлосмандлари “Ёшлар маркази”га ташриф буюриб, бу ерда мутафаккир асарларининг сўнгги йилларда қайта нашр этилган китоблари кўргазмасини томоша қилишди.

Илмий-амалий конференция катта мажлислар залида давом этиб, унда сўзга чиққанлар вилоя­ти­мизда Алишер Навоий жамғар­ма­си фаолият бошлагани аллома­нинг бой маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш ва кенг жамоат­чилик ўрта­сида тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этишди. Бундан ташқари, Алишер Навоий номи­даги Тошкент давлат ўзбек тили ва ада­биёти университети олимларини жалб қилган ҳолда, буюк бобока­лонимиз Алишер Навоийнинг хоки­дан тупроқ олиб келиб, Навоий шаҳ­рида зиёратгоҳ ҳамда  Алишер Навоий ҳайкали ёнида унинг музейини таш­кил қилиш ва Навоий достонлари қаҳрамон­лари боғини яратиш ишлари бошлаб юборилгани таъкидланди.

Конференция “Навоий ижодиётининг ахлоқий-маънавий ва ирфоний қатламлари”, “Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши ва тарғиби”, “Навоий ва тилшунослдик масалалари”, “Навоий ижоди: тарих, фалсафа, санъат”, “Навоий ижодиётининг Ўзбек халқ оғзаки ижоди ва замонавий адабиёт билан муносабати”, “Таълим муассасаларида Навоий ижодини ўрганиш ва ўргатиш масалалари” мавзудларидаги шўъба йиғилишлари билан давом этди. Уларда таълим муассасалари ўқитувчилари, талаба ёшлар, корхона-ташкилотлар вакиллари навоийшунослардан шоир ижоди билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан батафсил маълумотлар олишди.

– Навоийга қизиқиш бутун дунёда, хусусан Fарбда тобора кучайиб бормоқда, – дейди Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров. – Ҳозирги даврда Америка, Хитой, Жанубий Ко­рея, Ҳиндистон ва бошқа мамлакат­ларда Навоий ижоди юзасидан тадқиқотлар олиб борилаяпти. Аслида Навоийни ўрганиш унинг тириклигидаёқ бошланган. Бу жараён эса узлуксиз давом этиб келмоқда. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки бугунги давр буюк бобокалонимиз ҳаёти ва ижодини ўрганишда янгича усул ва услублардан фойдаланишни тақозо этмоқда. Хусусан, аллома асарларини нафақат ўзбек тили ва адабиёти кафедра ва фа­куль­тетларида, балки кенг оммага ҳам тар­ғиб қилиш вақти аллақачон келган. Кўргазмали материаллар ёрда­мида ўқи­тиш санъати дунёда ижо­бий тан олинган педагогик анъана саналади. Хусусан, Fарбда касбий таъ­лимда янги муаммоларни ечиш учун Шекспир сатрларидан унум­ли фой­даланилгани сингари Ўзбе­кис­тонда ҳам ушбу муммоларнинг ечимида Али­шер Навоийнинг асарларидан фой­­даланишимиз зарурдир.

– Нақшбандийлик тариқатини қабул қил­ган Алишер Навоий табиатан бе­ниҳоя хоксор ва кам­тарин, андишали ҳам­да ҳаёли шахс экан­лиги тарихий ман­баларда таъкидланган, – дейди Тожикистон Республикасининг Хўжанд давлат университети филология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Файзуллоев. – Шу­ниси ха­рактерлики, Навоий ўз шахсий ҳаёти ва асар­­ларида қалб кўзгуси бўлмиш ҳаёга алоҳида масъулият билан муносабатда бўлганлиги ҳар бир давр киши­лари, ху­сусан, ёшлар учун ҳам муҳим тарбия­вий қимматга эгадир. Шундай экан, бу туй­ғуни ҳар бир тадбирда фарзанд­лари­миз қал­бига сингдиришдек улкан ва­зифа борки, бу замо­на­вий таълим­да­ги асосий ишлардан бири ҳисоб­ланади.

Бугуна конференция якунига етади.